Закиров Фарруҳ Каримович

Таваллуд топган сана: 16 aprel 1946 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар, Ижодкорлар ва мусиқачилар, Қўшиқчилар

26476

Таржимаи ҳол

Фаррух Каримович Зокиров — эстрада хонандаси, бастакор ва актёр. “Ялла” ансамблининг бадиий раҳбари (1976 йилдан). Хонанда 6 та республика-давлатларнинг халқ артисти саналади. Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати. 2002 йил майдан 2004 йил июльгача Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари.

Фарруҳ Зокиров 1946 йил 16 апрель куни Тошкентда, профессионал мусиқачилар оиласида дунёга келган. Отаси — опера хонандаси, баритон Карим Зокиров, Ўзбек ССР халқ артисти (1939) ва Навоий номидаги Ўзбек Давлат опера ва балет театри яккахон қўшиқчиси. Онаси — Шоҳиста Саидова ҳам хонанда, миллий қўшиқлар ижрочиси, Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театри хонандаси. Улар Москва консерваториясида ўқиган кезлари танишиб қолишади ва турмуш қуришади. Оилада беш нафар ўғил ва бир қиз фарзандлик бўлишган: Ботир, Луиза, Науфаль, Фарруҳ, Жамшид, Равшан. Болалар замонасининг етакчи ўзбек артист ва қўшиқчилари мунтазам ташриф буюрувчи меҳмондўст оилада вояга етишди. Санъат ва ижод муҳити болаларга ёшлигидан ўз оиласида сингган. Шундай қилиб, Тошкентда Зокировлар мусиқачи-артистлар сулоласи шаклланди.

Фильмография:

Тақдир

Оиласи

  • Карим Зокиров (1912—1977), опера хонандаси (баритон), Ўзбек ССР халқ артисти.
  • Акаси — Ботир Зокиров (1936 — 1985), ўзбек совет хонандаси, ёзувчи, шоир, рассом ва актёр. Республикада эстрада санъати асосчиси. Ўзбек ССР халқ артисти.
  • Акаси — Жамшид Зокиров (1949—2012), совет ва ўзбек театр ва кино актёри, телебошловчи,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.
  • Опаси — Луиза Зокирова, хонанда.
  • Жияни — Наргиз Зокирова, Луиза Зокированинг қизи, хонанда.

Фахрий унвонлари ва мукофотлари

 

  • Ўзбек ССР халқ артисти
  • Қорақалпоқ халқ артисти
  • Қозиғистон халқ артисти
  • Тожикистон халқ артисти
  • Ингушетин халқ артисти

1991 йилнинг ёзида СССР халқ артисти унвони учун расмийлаш учун ҳужжатлар топширилган, бироқ, шу йилнинг август ойидаги ходисалари сабабли, бу жараён ниҳоясига етмаган.

Фарруҳ Зокиров билан интервьюдан лавҳа: ... мен яқин Тошкентни яхши кўраман. Барча шарқ одамлари каби, ота-онам хотирасини ёдга оламан, улар ўзбек ерига дафн этилган. Менинг отам — Ўзбекистон халқининг артисти Карим Зокиров биринчи миллий опера хонандалари орасида ягона бўлган. Онам эса — Шоҳиста Саидова, Ўзбек мусиқали драма театрида ишлаган, республикада таниқли хонанда бўлган.

Яна отам иккиланиш ила, бир оилада шунча мусиқачи бўла оладими? дердилар. “Ёхуд жуда ёрқин шахс, ёхуд санъат билан умуман шуғулланмаслик керак” – бу унинг сўзлари... Менинг икки нафар бўйи етган ўғилларим чет элди таълим олмоқда ва мусиқага умуман даҳлсиз йўналишда... Аммо опам Луизанинг қизи жияним - Наргиз – таниқли хонанда бўлиб, ҳозирги концертимиздаги унинг иштироки ҳам бунинг исботидир. Уни шоир Илья Резник профессионал даргоҳга “Виадыллик келин” мусиқий фильми учун хонанда излаган кезлари олиб чиққан. Шунингдек, у танлов доирасидан ташқари “Юрмала” фестивалида ҳам куйлаган, зеро, танлов шартларига кўра, ёши кичик бўлган. Ҳозирда у Америкада истиқомат қилади.

Ялла — 1970 йил Тошкентда ташкил этилган, Фарруҳ Зокиров бошчилигидаги вокал-чолғу ансамбли.

Ўзининг “Учқудуқ” (Ф. Закиров — Ю. Энтин), “Бу -севги” (А. Рыбников — Р. Тагор), “Насриддин қўшиғи” (Халқ мусиқаси — С. Тилла), “Ялла” (Ф. Закиров — А. Пулат), “Шаҳрисабз”, “Чойхона” ва бошқа кўплаб қўшиқлари билан машҳур.

Ижод йўли

ВИА “Ялла” 1970 йил Тошкент театр институти қошида ташкил этилган ҳаваскор ансамбль. Биринчи бадиий раҳбари Герман Рожков институт қошидаги ўқув театр директори бўлиб, ансамблни назорат қила бошлаган. Жамоанинг номи ўзбек халқ услубларидан бирига ўхшаш бўлсада, аслида, бу ном машғулотлар вақтида “Қиз бола” қўшиғининг нақоратидан олинган. Мазкур ўзбек халқ қўшиғининг аранжировкаси ансамблнинг биринчи муваффақияти бўлди; 1971 йил январь ойида ВИА “Ялла” шу ва Марк Фрадкиннинг “На тот большак” (“Отахонга”) қўшиқлари билан Свердловскдаги “Салом, биз истеъдод ахтараяпмиз” Бутунроссия танловининг ҳудудий саралаш босқичида иштирок этиб, Москвада бўлиб ўтувчи танловнинг саралаш босқичига йўлланма олишади. У ерда “Рамазон” ўзбек халқ ҳамда “Плывут туманы белые” (“Оқ булутлар сузмоқда”) рус халқ қўшиқлари билан чиқишган, яккахон хонанда ўрнида Равшан Зокиров (сўнгги йиллар ВИА “Ялла” гуруҳи унинг номи билан гавдаланувчи Фарруҳ Зовиров ҳамда ёш гуруҳнинг ғоявий илҳомчиларидан бири бўлмиш Ботир Зокировларнинг кичик укаси) куйлаган, танловнинг ўзгармас бошловчиси Александр Масляков бўлган. Ансамбль ижросидаги “Қиз бола” ҳамда “Ялламаёр” қўшиқлари “Мелодия” (“Оҳанг”) Бутуниттифоқ корхонасининг грампластинкасига ёзиб олинган.

“Ялла”нинг таянч муваффақиятиларидан бири: электргитара ва электрорган билан бир қаторда, рубоб, дойра ва бошқа ўзбек халқ чолғу асбобларидан фойдаланиш ҳамда шарқ қўшиқ оҳангларининг (70-йиллар) замонавий ишланмаси бўлган. Ансамбль репертуарини, асосан, ўзбек тилидаги қўшиқлар ташкил этган, улар рус ва инлиз тилларида ҳам куйланган.

“Ялла” ансамблининг ўзбек халқ қўшиғи оҳанглари асосидаги асарлари шуҳрат қозонган. Жамоа ва унинг етакчиси Фарруҳ Зокиров ўзбек фолькорининг оҳанг-усулига бўлган ўз ёндашувини ишлаб чиқишди ва “Мажнунтол”, “Бойчечак”, “Яллама-Ёрим” ва бошқа шу каби қўшиқларини яратишди. Бу давр мобайнида мусиқачилар шоир Туроб Тўланинг ижодига тез-тез мурожаат қилиб, унинг шеърлари асосида қўшиқлар ёзишар эди.

1972 йилдан буён ансамблда иштирок этиб келаётган Фарруҳ Зокировнинг эътироф этишича, жамоа репертуари ва услубининг яратилишида “Ялла”нинг биринчи мусиқий раҳбари Евгений Ширяевнинг ҳиссаси катта. Бир неча йиллар мобайнида ансамбль Тошкент мусиқа-холида муваффақиятли чиқишлар қилган ва Совет Иттифоқи бўйлаб гастроль сафарларида бўлган, 1973 йил Берлинда ГДР аро ўтказилган X Бутунжаҳон талабалар ва ёшлар фестивалида иштирок этган, ВИА “Ялла” гуруҳи “Амига” корхонасида немис тилида ўн бешта қўшиқ ёзган бўлиб, ундан ярми ГДР миллий хитлар-намойиши ўнталигидан жой олган. СССРда уларнинг қўшиқлари, вақти-вақти билан “Мелодия” корхонаси томонидан ҳам винил пластинкага, ҳам “Кругозор” ойномасининг эгилувчан пластинка-иловасига ёзилган. Миллий халқ қўшиқлари ҳамда замонавий муаллифларнинг қўшиқлари қаторида, Алишер Навоий, Умар Хайём каби шоирларнинг шеърига шахсий куй басталаб, репертуарини бойита бошлади.

1979 йилдан

ВИА Ялланинг “Уч қудуқ” қўшиқ албоми. 1979 йил ансамбльга янги мусиқачилар келиб, ҳозирги кунгача унда фаолият юритиб келишади. Бас-гитарачи Рустам Ильёсов бундан истисно, у гуруҳда 15 йиллик фаолиятидан сўнг, 1994 йил АҚШга доимий яшаш учун кўчиб кетган. 1972 йилги эски гуруҳ таркибидан ВИА раҳбари, хонанда ва бастакори – Фарруҳ Зокировгина қолган. 1980 йил ансамбльни янги муваффақият кутарди, бу – Ю. Энтиннинг шеърига Ф.Зокиров томонидан басталанган “Учқудуқ” қўшиғи бўлиб, СССР супер-шлягерига (ҳозирги кунда ҳам ансамбльнинг “ташрифнома”си ҳисобланади) айланган. 1981, 1982, 1984, 1985 ва 1988 йиллар Ўзбек ССР давлатида хизмат кўрсатган “Ялла” ансамбли – Совет Иттифоқида ҳар йили ўтказилган “Йил қўшиғи” телефестивали ғолибига айланиб, диплом билан тақдирланган. 1982 йил гуруҳнинг илк альбоми (баҳайбат-диск) – “Уч қудуқ”омма юзини кўрди.

Турли йилларда ансамбль томонидан ижро этилган қўшиқлар оммалашиб боради: “Сўнгги достон”, “Шаҳрисабз”, “Дорбоз”, “Насриддин қўшиғи”, “Лицо возлюбленной моей” (“Севгилимнинг чеҳраси”), “Позвала меня дорога” (“Мени йўл чорлади”), “Чойхона”, “Золотые купола Самарканда” (“Самарқанднинг олтин гумбазлари”). Бир нечта альбомлар ёзилган, ёрқин театр намойишлари кўрсатилган: “Байрамни ташкиллаштирайлик, дўстлар”, “Лицо возлюбленной моей” (“Севгилимнинг чеҳраси”) ва “Чайхана на все времена” (“Ҳар дам учун чойхона”).

2000 йил Фарруҳ Зокиров Ўзбекистон маданият вазири этиб тайинланган, аммо “Ялла” ансамблида қолганлиги боис, концерт фаолиятини ҳамда студиядаги қўшиқ ёзиш ишларини давом эттиради. 2002 йил 30 сентябрь куни Москвадаги “Россия” давлат концерт залида ансамблнинг тантанавор юбилей-концерти бўлиб ўтди. Шу йилнинг ўзида ансамблнинг биринчи жамоаси 70-йил бошларидаги репертур билан “Ретро Ялла” гуруҳини ташкил этишди. Шунингдек, турли концерт, томоша, шу ўринда, “Ялла”нинг юбилей концертида ҳам муваффақиятли иштирок этишган. Алиасқар Фатхуллин интервьюларидан бирида, “Ретро Ялла” ансамбли биринчи қўшиқларини дискка ёзишни режалаштирганлигини маълум қилган. Янги 2007 йил арафасида “Ялла” ансамбли 70-80 йилларнинг бошқа санъаткорлари билан ҳамкорликда, Россия телевидениясининг Биринчи канали орқали узаттирилган “Ретро FM афсонаси” концерт томошасида иштирок этди.

Дискография

Ансамбль ташкил этилганидан кейинги йил ўзбек жамоасининг қўшиқлари ёзилар ва Марказий телевидения орқали (“Рамазон” қўшиғи) узаттирилар эди. 1972 йил “Мелодия” корхонаси “Яллама ёрим” ҳамда “Қиз бола” қўшиқларини ўз ичига олган пластинкасини чиқарди. 1973 йил “Амига” (ГДР) корхонаси “Шлягерлар намойиши” тўпламига “Яллама ёрим” қўшиғини киритади. Кейинроқ “Мелодия” томонидан миньонлар чиқарила бошлади:

1976 — “Салом, фестиваль”, “Ким ўзи”, “Торимнинг сири”, “Нав ниҳол”.
1978 — “Шарқ юлдузи”, “Йигитнинг қўлида куйла, дутор”, “Юмалаб-Юмалаб”, “Дўстлар қўшиғи”.
1979 — “Ким у?”, “Қалбим сирлари”.
1980 — “Бу – севаги” (“Сўнгги достон”), “Мени йўл чорлади”.
“Ялла”нинг қўшиқлари, шунингдек, “Ўзбек эстрадаси қўшиқлари”, “Ансамбллар намойиши, “Ватаним - менинг қўшиғим”, “Дискоклуб-5” тўпламлари учун ҳам ёзилган.

Альбомлари

1982 — “Уч қудуқ”
1983 — “Севгилимнинг чеҳраси”
1988 — “Мусиқий чойхона”
1997 — Энг сара қўшиқлар тўплами (инглиз тилида)
1999 — “Шарқ бозори”
2000 — “Туянинг соқоли”
2002 — “Ялла. Сара”
2003 — “Ялла — Grand collection”

Қизиқарли фактлар

“Учқудуқ” таронаси Учқудуқ шаҳри ҳақида бўлиб, шу шаҳарга гастроль сафари чоғида ёзилган. ВИАнинг собиқ раҳбари шоир Ю.Энтин тарона шеърини, Фарруҳ Зокиров эса 40 дақиқа ичида мусиқасини басталаган. Шу куннинг ўзида қўшиқ концерт дастурида янграган. У вақтлар Учқудуқ ёпиқ шаҳар бўлган ва СССР харитасига киритилмаган. Ю.Энтин ва Ф.Зокировларнинг фикрига кўра, бу шаҳар мамлакат харитасида қўшиқ туфайлигина пайдо бўлиб, “Ялла”нинг энг оммабоп қўшиғига айланган  ва ўз даврида Давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан Ўзбекистонда жаранглаши таъқиқланган.

Фарруҳ Зокировнинг фикрича, Песнярлар Леннон ва Маккартнидан ҳам мукаммалроқдир. Ўзининг интервьюларидан бирида, “Песняралар” ҳақида шундай дейди, “Уларни “Битллар” билан кўп нарса боғлайди, профессионал ижро қобилияти жиҳатдан эса, ўйлашимча, инглизлардан ҳам ўтади... ”. “Ялла” хорижнинг Вьетнам, Туркия, Исроил, Швейцария, Озарбайжон, Цейлон, африка мамлакатларига гостроль сафарларида бўлар экан, концерт дастурида шу мамлакатнинг она тилида бир дона қўшиқ бўлса ҳам куйлаган.

Фарруҳ Зокиров билан интервьюдан:

Мен эски шаҳарда – ҳамма  бир жамоа бўлиб, мулоқот орқали яшайдиган, шодликни ҳам, қайғуни ҳам бўлишадиган жойда улғайдим. Ҳаётда эга бўлган барча яхши нарсаларни ота уйида олдим. Серҳашам ҳовлимиз бўлган – йигирма саккиз сотихдан зиёд еримиз бўлган. У ерда Ўзбекистонда бор барча мевалар ўсган. Уйимизда оқсуяклар доирасига мансуб қизиқарли инсонлар, олимлар, давлат арбоблари йиғилишар эди.

- Аллоҳ мени бу каби ножўя гапларим учун кечирсин-у, онам-табаррук инсон эдилар, лекин отамни алоҳида ҳаёжон ила эслаймиз. Мен ҳамма тарафлама уларга ўхшашга, уларнинг амалларини қайтаришга ҳаракат қиламан. Оиламизда ажойиб муҳит ҳукм сурган, биз аҳил ва иноқ эдик. “Фарзандлар, биз кетганимиздан кейин ҳам шу ҳолатни сақлаб қолинг”, - дея ёлворардилар онам. Отам уйида ўтган даврни мен меҳрибон отамнинг елкаси ортида ўтказган энг ташвишсиз вақт деб эслайман. Уйимизга ғам-ғусса кирмасидан, яъни Ботирнинг ўлимидан аввал ҳаммаси ажойиб эди. Бу синовларга бардош бера олмай, отамиз ҳам ҳаётдан кўз юмдилар. Улар оғир юрак ҳуружига чалиндилар. Гўё, уйимизга кўз теккандай... Зокировлар вояга етган машҳур боғни вайрон қилишди. Энди унинг ўрнида янги туғруқхона барпо қилинган бўлиб, мен бунда рамзий маънони кўраман.

Онангиз қандай бўлганлар?

- Улар эркаклар вазифасини бажарганлар, қаттиққўл – бадиий кенгаш каби эдилар. Ҳамма нарса назоратлари остида эди, ахир, олти нафар фарзандни вояга етказишнинг ўзи эмас. Афсуски, онам ижодий пилла пояда ривожланмадилар, қисман феъл-атворлари туфайли. Улар жуда тўғрисўз бўлиб, риёкорлик қила олмасдилар, нимани ўйласалар, юзига гапирар эдилар. Бу эса барчага ҳам манзур бўлавермас эди.

- Эҳтимол, касб танлаш сиз учун осон бўлмагандир? Отангиз, акангиз каби йўналишларингиз бўлган...

- Акам мени умуман оркестрига қўшгиси келмаган, зеро “уқувсиз укасини етаклаб юрибди”, деган гап-сўзга қоламан, деб ўйлаган. Отам эса “тузукроқ” касб танлашимни, масалан жарроҳ бўлишимни истаганлар. Саккизинчи синфдан кейин мен тўсаддан билим юртига кирдим. Касбим мени ўзи танлади. Тез орада нота саводини эгалладим. Эртакона касб – хор дирижёрлиги факультетига ўқишга кирдим. Менга дирижёр ҳар доим сеҳргардай туюлар эди, гўё, таёқчани бир силкитса, мўъжиза юз берадигандай.

Биринчи турмушимни жуда кеч қурдим. Гап шундаки, оиламизда барча нарса ўзбекчиликдан йироқ тузум топди: гоҳ куёвимиз ўзбек эмас, гоҳ рафиқаси ўзбек эмас, ёки янада ёмони – акамдан бир неча ёш катта. Қариндошларимиз ва яқинларимизнинг ҳайратини, ота-онамизнинг кўзидаги ёшни тасаввур қила оласизми?

Мен оилада ўртача фарзанд эдим, озми-кўпми, катта акаларимнинг хатоларини тушунардим. Менинг турмушим барча ўзбек анъаналари асосида бўлади, дея ўзимни дарҳол тўғирладим. Шу сабабли узоқ вақт уйланмадим, намунали аёлни изладим. Кунлардан бир кун “Ялла” гуруҳимизга ўзига хос аёл келди. Мен ҳар доим аёл кишининг ансамблга қўшилиши низоларга сабаб бўлади, дея ҳисоблар эдим. Ахир, жамоат иштирокчиларидан бири шу аёл билан, албатта, турмуш қуради. Жамоа ичидаги яна бир жамоа эса антогонизм бўлиб, унинг охири можаро билан якун топади.

Шундай қилиб, менинг оғайним билан у аёл ўртасида ишқий муносабатлар бошланди. Мен четдан уларни кузатиб, қайғурдим – ва ўзим уни севиб қолдим! Барчаси шундай тус олдики, оғайнимнинг қариндошлари у қизга уйланишига қаршилик қилишди ва унга мен уйландим. Гарчи, орамизда муносабатлар ўхшамаслигини ички-ичимдан сезсамда, барчаси қонунийлаштирилиб, бола туғилгач, ҳамма нарса ўз ечимини топишини ўйлаб, ўзимни тинчлантиришга ҳаракат қилардим. Оилада фарзанд ҳам дунёга келди, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Ўтмишдаги вазиятларни ёмон хотирлаш яхши эмас, албатта, лекин ҳақиқат ҳақиқатлигича қолади – мен, юмшоқ айтганда, мушкул феъл-атворим туфайли кўника олмадим.

Шундай бўлса-да, иккинчи турмушим омадли бўлди. Анечка ҳайратланарли меҳрибон инсон. Рафиқам мендан йигирма ёш кичкина. Миллати рус. У билан турмуш қурганимизда қўлида бир ярим яшарлик фарзанди бор эди. Мен унга оталик қилдим, у эса менинг кенжатой ўғлим бўлди. Миша ҳозирда Англияда таҳсил олмоқда, у ерда уни Майк деб чақиришади.

- Иккинчи рафиқангиз билан танишувингиз ҳам чақмоқ каби бўлганми?

- Унчалик эмас. Мен эсанкираб қолмаганман. Шунчаки, юрагимда нимадур лов этган. Биз Халқлар Дўстлиги саройида кутилмаганда танишиб қолганмиз. У мактабдан кейин “Ўзбекконцерт”га ишлагани келарди, мен ҳам у ерда ишлардим. Ёш қизнинг менда қолдирган илк таассуроти: “Воҳ, қандай гўзал!”, деб ўйладим ичимда. Унинг ёши бор-йўғи ўн тўққизда эди, сочини узун кокил қилиб ташлаб юрарди – унутилмас романтик тимсол. Рафиқам мени исм шарифим билан сизлаб, Фарруҳ Каримович деб чақиради. Уйда рус тилида гаплашамиз.

Видео галерея

Расмлар галереяси