Убайдулла Солиҳ ўғли Завқий

Таваллуд топган сана: 1853 йил

Вафот этган сана: 1921 йил

Туғилган жой:Қўқон

Йўналишлар: Шоирлар

20746

Таржимаи ҳол

XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг биринчи чорагида яшаб ижод этган йирик ижодкорлардан бири Убайдулла Солиҳ ўғли Завқийдир.Ижтимоий мавзуларда, даврнинг долзарб муаммоларига диққатини қаратган, мустамлака воқелигига ва ижтимоий ҳаётдаги салбий ҳодисаларга танқидий баҳо берган, меҳнаткаш халқ ҳаётидан, шаҳар ва қишлоқнинг эзилган табақаси турмушидаги лавҳаларни бадиий таҳлил қилиб асарлар яратган шоирдир.

Убайдулла уста Солиҳ ўғли Завқий 1853 йилда Қўқон шаҳрининг Шайхон маҳалласида (ҳозирги Завқий маҳалласида) майда ҳунарманд оиласида дунёга келди. 
Мадрасада таҳсил олган.

Убайдулланинг болалик ва йигитлик даврлари феодал хон ва бекларнинг тож-тахт, амал-мансаб талашувлари давом этиб келган Қўқон шаҳрида ўтади.

Унинг ота-онаси саводсиз бўлсалар ҳам болаларини ўқитиб, саводли қилиш орзусида эдилар. Шунинг учун ҳам Убайдуллани 6-7 ёшларидаёқ маҳалладаги эски усул бошланғич мактабга ўқишга берадилар.

1870-71 йилларда Убайдулла тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ёрдамида Қўқондаги «Мадрасаи олий» ва «Мадрасаи Чалпак» деб аталмиш мадрасаларда илм олади. Унинг тоғаси Муҳаммад Сиддиқ адабиётга қизиқувчи кишилардан бўлиб, ўзи ҳам ғазаллар ёзиб турган. У ўз жияни Убайдулланинг адабиётга қизиқишига катта эътибор беради, унга Алишер Навоийнинг «Чор девон» ва «Хамса» асарларини сотиб олиб беради. 

Убайдулла мадрасада ўқиб юрган йиллари, шоир Муқимий, Қўқоннинг Сулаймон қишлоғидан келган шоир Насриддин (тахаллуси Нусрат), Пахтакаш маҳаллалик Муҳаммадқул Мирза Муҳаммадрасул ўғли Муҳаййир (1842-1918) каби шоирлар билан танишади. Унинг ўзи ҳам шу йиллардан бошлаб Завқий тахаллуси билан шеърлар ёзабошлайди. 

Завқий юқоридаги шоилар билан бирга дарс тайёрлайди, бўш вақтларида ҳаммалари биргаликда ўзбек, тожик мумтоз адабиётининг йирик намояндалари Лутфий, Навоий, Жомий, Бедил ва бошқаларнинг асарларини мутолаа қилишади.

Завқий мадрасада ўқиб юрган йиллари (1870-1874) унинг онаси вафот этади. Онаси вафотидан кейин Завқий рўзғорга қарашиши, укаларини тарбиялаш мақсадида ҳовлиси яқинидаги «Мадрасаи Чалпак»ка кўчиб келади. 

У бу мадрасада ўқиб юрган вақтида шоир Фурқат Билан дўстлашади. Отаси Уста Солиҳ, шол касалига учрагандан кейин бутунлай ётиб қолади. Оила олдингидан ҳам оғирроқ моддий қийинчиликларга учраганлигидан, Завқий мадрасадаги ўқишини бутунлай ташлашга, оилага қараш, рўзғор тебратиш учун косибчилик билан шуғулланишга мажбур бўлади.

Шоир Завқий ижодининг дастлабки даврига оид шеърлари жумласига унинг 1875-76 йиллар орасида Фарғонада бўлиб ўтган ижтимоий тарихий ҳодисалар билан боғланган «Чекиб хасрат демиш хон шаҳри Хўқандимдин айрилдим» мисраси билан бошланадиган 7 банд 35 мисралик бир мухаммаси, «Қарз», «Пашшалар» радифли ўзбекча ғазалларини киритиш мумкин.

Завқий сиёсий лирикалар, ўткир сатиралар Билан бир қаторда давом этиб келаётган адабий анъаналарга мувофиқ, ишқ-муҳаббат, гўзаллик мавзуларида ҳам шеърлар ёзган. Шоир ўзининг ишқий шеърларини ижод этишда Муқимий, Фурқатлар каби Алишер Навоий ижодига эргашади, у илоҳий ишқ-муҳаббатни эмас, чин инсоний севгини куйлайди. 

Шоир ошиқ ва маъшуқаларнинг бир-бирига меҳру вафоли, садоқатли бўлишини талаб қилади, ҳижрон, вафосизлик дард-аламларидан шикоят қилади. Унинг «Оромижон», «Кимга дей», «Эй насими» мухаммаслари ва бошқа ғазаллари анна шундай шеърларидандир.
Завқий пок севгини инсоний фазилат деб билади, унингча севги аҳлининг қалби тоза, виждонли, бир- бирларига хиёнат қилмайдиган, бошқаларга намуна бўладиган, ахлоқли кишилар бўлиши керак. Шоир бу фикрни чиройли бадиий образлар орқали ифодалайди:

Қани менга вафоу аҳд қилғонинг гули ғунча,
Қани булбул сифат олдингда турғоним очилгунча,
Қани бизларга ҳам суҳбат рақиблардек тонг отгунча,
Сени дарду фироқинг айтиб-айтиб йиғлай ўлгунча,
Юзингни бир кўрай десам, қўлингни пардалар қилдинг.

Завқий 1880-1885 йилларда кўзга кўринган ёш шоир бўлиб танилди. Унинг яқин дўстлари, адабий суҳбатдошлари Муқимий, Фурқат, Насриддин, Нисбат, Муҳаййирлар эди. Унинг шу йилларда ёзган ғазалларида учрайдиган қуйидаги мисралар Завқийнинг ким билан дўст-ошно бўлганлигини яхши исботлайди:

Сочса Муқимий гуҳар, сўз бирла Фурқат акбар,
Суҳбатда барча дилбар Завқ этди меҳмонлар.


Муқимий, Завқий атрофига фақат шоирларгина тўпланиб қолмай, Маматбува, Мўмин қишлоқи, Эрка Қори, Дадажон ҳожи, Фарзинбек, Мулла Қодирқул, Мулла Аҳмад, Мамажон Макай каби ўз даврининг уста аскиячи- халқ қизиқчилари, созандалари, ҳофизлари ҳам йиғилар эдилар. Булар гоҳ Муқимий ҳужрасида, гоҳ Завқийнинг дўконхонасида, уйида, баъзан бошқа ўртоқларникида тўпланишиб, суҳбат қилишар, бир-бирларига жавобан турли мавзуларда шеърлар айтишар, мутолаа қилишар эдилар.
Қўқон шаҳридаги бозорлар пудратчиси Мўминжон бой Завқийни мирзалик хизматига қабул
қилмоқчи бўлади. Тоғасининг илтимоси ва ўзининг тортаётган қийинчилиги туфайли шоир рози бўлиб, бойнинг қўлида 3-4 йил (1885-1890) ишлайди. Аммо у косибчилик ҳунарини ҳам, аввалги ёр-дўстларини ҳам ташламайди. Мўминжон бой савдо билан Туркистоннинг кўп шаҳарларига борар эди. Завқий ҳам хўжайини билан бирга Хўжанд, Тошкент, Бухоро, Андижон каби шаҳарларда бўлади, савдогарларнинг кўпи билан танишади.
1898-99 йиллар ичида Завқийнинг бошига оғир мусибатлар тушади: бир йил ичида отаси, иккала укаси кетма-кет вафот этадилар, хотинининг икки кўзи ожиз бўлиб, охири у ҳам вафот этади, уч қиз, бир ўғил шоир қўлида қолади. Завқий 1900 йилда Ҳожихон номли бир уйғур хотинга уйланади. 1900 йилда Завқий ҳаж сафарига отланган тоғаси Муҳаммад Сиддиққа ҳамроҳ бўлиб қатор мамлакатларни босиб, Макка ва Мадинани зиёрат қилади. Унинг таассуроти «Ҳужжожи Макка аҳлига чуну чаро деманг» мисраси билан бошланувчи шеърида ўз бадиий ифодасини топган.
Завқийнинг «Обид мингбоши ҳақида ҳажв» (1906),«Шоҳ Иноят қўрбоши» (1908) каби сатиралари, «Каждор мараз эй замона» (1905), «Кам суханлик» (1912-13 йиллар), «Қаҳатлик» (1916), «Ажаб эрмас» (1916) каби сиёсий лирикаларида аввалгиларга қараганда озодлик, келажакка умид билан қараш ғоялари кучлидир. 
Жумладан «Ажаб эрмас» радифли мухаммас, фақат Завқий ижодида эмас, балки ХХ аср бошларидаги бутун ўзбек ижтимоий-сиёсий шеъриятида катта ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асорати остида эзилаётган она юртнинг кулфатли кунлари унут бўлиши ҳақида сўз очади, оғир иқтисодий ҳаёт кечираётган халқнинг бахтли тақдири ҳақида, бўлажак катта ижтимоий ўзгаришлар хусусида башорат қилади.
Завқий 1917 йил март ойининг охирида «Кўз очайлик» ридифли саккиз банддан иборат бир мухаммас ёзади. 
Завқий ижоди бўйича бир неча олимлар илмий иш олиб борганлар ва бормоқдалар. Завқийнинг асл девони топилган эмас. Шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, Ҳиндистонлик Завқий, XVI асрда яшаган самарқандлик Завқий, XIX аср ўрталарида Бадахшонда ижод этган Абдуқаҳҳор бинни Муҳаммад Завқий ва Ғулом шох Завқийлар билан биз мулоҳаза юритаётган Завқийни чалкаштирмаслик керак.

Ўз замонасидаги жабр-зулмга қарши ўт очган, умрининг охиригача меҳнаткаш халққа содиқ қолган Завқий қийин мураккаб ҳаёт ва ижодий йўлини босиб ўтди. Шунингдек Завқий жуда мураккаб ва тарихий воқеаларга бой бир даврда яшаб ижод этган тенглик ва адолат куйчиси сифатидаги маърифатпарвар бўлиб қолди.

 Завқий 1921 йил май ойида олтмиш саккиз ёшида вафот этади. 

Бутун умри давомида озод ҳаёт учун курашган Завқийнинг ижодий мероси ва амалий фаолияти юксак қадрланди, унинг ўз халқига қилган хизматлари тақдирланди. Завқий туғилиб ўсган «Шайхон» маҳалласи - «Завқий маҳалласи», шоир яшаган Каримбобо қишлоғи «Завқийобод» деб аталди.  Жамоа хўжалиги, мактаб, кўчалар шоир номига қўйилди.

Унинг ҳозиргача маълум бўлган асарлари жуда оз бўлишига қарамай, ўзбек адабиёти дарсликлари, мажмуаларига киритилиб, унинг ҳаёти ва ижоди ўзбек мактабларида, олий ўқув юртларида ўрганилмоқда. Халқимиз шоирнинг ажойиб шеърларини ҳозирги кунимизгача ҳам ўз хотирасида сақлаб қўшиқ-ашула қилиб куйлаб келмоқда.

Расмлар галереяси