Шарофитдинов Хуршид Шамсиддинович 

Таваллуд топган сана: 10 may 1892 йил

Вафот этган сана: 1960 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Режиссёрлар, Ёзувчилар, Шоирлар

4825

Таржимаи ҳол

Хуршид ўзбек драматургиясига пойдевор қўйган ижодкорлардан бири, шоир, ёзувчи, таржимон ва режиссёрдир. Ана шу кўп қиррали ва самарали ижодий фаолияти учун унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” деган юксак унвон берилган. Хуршид қатор опера либреттоларини ҳам ёзган, таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган.
Ўзбек мумтоз адабиёти билан ХХ аср янги адабиётини бир-бирига боғлаб турувчи кўприклардан бири Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршиддир.
Хуршид 1892 йилнинг 10 майида Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. Моҳир ғазалнавис шоир, етук драматург ва таржимон Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида авайлаб сақланмоқда.
Хуршид 1960 йилда вафот этган.
У асримиз бошларидан, аниқроғи, 1905-1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида “Эскилик ва янгилик” деган дастлабки пьесасини, кейинроқ “Ориф ила Маъруф”, “Қора хотин”, “Кичик аскар” каби достонларини, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сиёвуш”, “Ойбону” цингари мусиқий драма либреттоларини яратган. Унинг, айниқса, Алишер Навоий достонлари асосида яратилган икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опера либреттоларини ҳам ёзган.
Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг “Қароқчилар”, В.Шекспирнинг “Қора араб” (“Отелло”), У.Ҳожибековнинг “Аршин мололан” каби машҳур асарларини, шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Бундан ташқари, у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини нашрга тайёрлаган. Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг “Чоргоҳ”, “Гиря”, “Баёт”, “Ушшоқ”, “Сегоҳ”, “Дугоҳ”, “Сувора” каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан ҳанузгача куйланади.

 

Расмлар галереяси