Шоҳрух Мирзо

Таваллуд топган сана: 20 avgust 1377 йил

Вафот этган сана: 12 mart 1447 йил

Туғилган жой:Самарқанд

Йўналишлар: Ҳукмдорлар

19612

Таржимаи ҳол

Шоҳрух Мирзо Амир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлиб, 1377 йил 20 август, пайшанба куни оламга келган. Тарихчи Хондамирнинг берган маълумотига қараганда, Шоҳрухнинг онаси Тағой Туркон оғо Соҳибқироннинг хос канизакларидан бўлиб, Амир Темур кейинчалик уни ўз никоҳига олган. Шундай бўлса ҳам Шоҳрухни Сароймулк хоним тарбиялаб вояга етказган.

Шоҳрух Мирзо ёшлигиданоқ аҳкоми шариатга қаттиқ риоя қилиб, диний китобларга қизиққан. У 20 ёшигача отаси Соҳибқирон қаватида бўлиб, ҳарбий юришларда, жумладан, Фаластин юришида ҳам фаол қатнашган. Амир Темур 1397 йилда унга Хуросон, Сеистон ва Мозандарон ҳокимлигини бергач, то 1405 йилгача Хуросон ҳукмдори деган ном билан кифояланади.
Фосиҳ Хавафийнинг ёзишига қараганда, Шоҳрух Мирзо Хиротнинг нуфузли хўжазодалари раҳнамолигида Хуросон ҳокимлигини бошқарган. 


Амир Темур вафотидан сўнг Шоҳрух Мирзо тахтга даъвогарлар қаторида валиаҳд Пир Муҳаммад Мирзо билан иттифоқ тузиб, Самарқанд ҳукмдори Халил Султонга қарши курашади. 1407 йили Пир Муҳаммад Мирзонинг фожиали ўлимидан сўнг якка ўзи курашни давом эттириб, 1409 йили Халил Султон устидан қўли баланд келиб, тахтни қўлга киритгач, Мовароуннаҳрни тўнғич ўғли Улуғбек Мирзога, Балхни иккинчи ўғли Султон Иброҳим Мирзога, Ҳисорни марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзога, Фарғонани эса марҳум акаси Умаршайх Мирзонинг ўғли Аҳмад Мирзога инъом қилиб, ўзи Хиротга қайтиб кетади.


Шоҳрух Мирзо аста-секин ўз акалари Жаҳонгир, Умаршайх ва Мироншодларнинг авлодини ҳар хил йўллар билан ўзига тобе қилиб, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ироқ, Хуросон ва Шимолий Афғонистондан иборат катта бир давлат жиловини ўз қўлига киритиб, Хиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади ва "улуғ хоқон" сифатида салтанатни бошқаришга киришади.
Шоҳрух Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларкан, девон ва салтанатни бошқаришда ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳаршодбегим фаол иштирок этган.
Шоҳрух Мирзо ихлос ва ниёзмандлик юзасидан дарвешлар ҳамда гушанишинларга илтифотлар кўрсатиб, Хиротнинг Жомеъ масжидида жума намозини халойиқ билан бирга ўқирди. Жума намозларининг бирида (1427 йил 21 феврал) Аҳмад номли кимса масжид ичида Шоҳрух Мирзога пичоқ санчади. Аҳмад ўша заҳоти қатл этилади. Табибларнинг тезда кўрсатган шижоати билан муолажадан сўнг жароҳат битиб, Шоҳрух Мирзо тузалиб кетади.


Шоҳрух Мирзо умрининг охиригача ўз ўрнига валиаҳд тайинлашга иккиланиб юради.
1446 йили Шоҳрух Мирзо ўз набираси, Қазвин, Рай ва Қум вилоятлари ҳукмдори Султон Муҳаммадга қарши юриш бошлайди. Чунки Султон Муҳаммад бобоси Шоҳрух Мирзога қарши бош кўтариб, Хамадон ва Исфаҳонни босиб олиб, Шерозни қамал қилган эди. Шоҳрух Мирзо қўшини ғapбий Эронда ҳеч қандай қаршиликка учрамайди. Нимагаки, бобосининг келаётганини эшитган Сул¬тон Муҳаммад Шероз қамалини бўшатиб, тоққа қочган эди. Қўзғалон айбдорлари аёвсиз жазоланадилар.


Мазкур ҳарбий юришдан қайтаётганда Шоҳрух бетобланиб, 1447 йили Рай вилоятида, 70 ёшида вафот этади.

1447 йилда Шоҳрух вафотидан кейин давлат Улуғбекнинг қўлига ўтди. Улуғбек Шоҳруҳнинг гўрини Хиротдан Самарқандга кўчиради ва Гур-Амирнинг қабристонига дафн қилдиради.

Расмлар галереяси