Сайфи Саройи

Таваллуд топган сана: 1321 йил

Вафот этган сана: 1396 йил

Туғилган жой:Хоразм

Йўналишлар: Таржимонлар, Ёзувчилар, Шоирлар

20180

Таржимаи ҳол

Сайфи Саройи - ўзбек мумтоз адабиётининг истеъдодли вакилларидан бири. Форс, араб тили, адабиёти, тарихи ва халқ оғзаки шеърий ижодини мукаммал ўрганган, ғазалнавис шоир, қасиданавис, эпик достончи ва таржимон сифатида танилган.

1321 йил Хоразм яқинидаги Қамишли (Сарқамиш) қишлоғида ҳунарманд - қуролсоз оиласида туғилган. Марказий Осиёда мўғуллар истилоси даврида яшаган, ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган, умри жаҳонгашталикда кечган.

Дастлабки таълимни ўз юртида олган. Унинг исмининг маъноси “қилич” демакдир, зеро, билимлари қилич каби ўткирдир. Сўнгра у таълимини Олтин Ўрда Саройида давом эттиради. Бу эрда у савод олиб, шеърлар ёзишни бошлайди.

Урушлар туфайли Сайфи Саройи дастлаб Эронга, кейин Туркияга боради. У умрининг охирларида Мисрга бориб, ўша жойда тахминан 1396 йил вафот этган.

Шоирнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси бебаҳодир. Ўзидан олдинги яшаб ижод этган шоирлар ижодини ўрганиб, Сайфи Саройи қуйидаги мисраларда ижод майдонини боғ гулшанига, шоирларни эса шу боғдаги қушларга қиёс қилиб, икки гуруҳга ажратган:

 

Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ,

Кими булбулдурур сўзда, кими зоғ.

Бизгача шоирнинг адабий меросидан бир неча ғазаллари, қасида, қитъа, рубоийи, маснавийлари, “Суҳайл ва Гулдурсун” достони (1394) ҳамда “Гулистони бит-туркий”(1390-91) етиб келган. “Синдбоднома” ни ўзбек тилига қилинган таржимаси сақланиб қолмаган. Айрим асарлари Истанбулда (1926) “Турк адабиёти намуналари”да берилган.

Сайфи Саройи Саъдийнинг “Гулистон” асарини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилган, аммо у асл нусха матнига ўзининг фалсафий-ахлоқоий шарҳларини қўшиб, уни “Гулистони бит-туркий” деб атаган. Саади асарини асос ўрнида олиб, у асарни замона руҳи ва маҳаллий муҳитини акс эттирувчи янги ҳикоятлар, қитъа ва байтлар билан тўлдирган.

“Гулистони бит-туркий” 8 бобдан иборат:

1 - боб "Султонлар ҳақидаги ҳикоятлар"

2 - боб "Фақирлар ахлоқи ҳақидаги ҳикоятлар"

3 - боб "Қаноатнинг фойдаси ҳақидиги ҳикоятлар"

4 - боб "Сукутнинг фойдаси ҳақидаги ҳикоятлар"

5 - боб "Ишқдаги йигитлик сифати ҳақидиги ҳикоятлар"

6 - боб "Қариликдаги заифлик сифатлари ҳақида"

7 - боб "Тарбиянинг таъсири ҳақида"

8 - боб "Суҳбат одоблари ҳақида", ҳар бир бобда ҳикоятлар бор.

Унинг кўплаб ҳикоялари дидактик услубда бўлиб, уларда панд – насиҳат, адолат ва осойишталик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинади. У золим подшо ва амалдорларни инсоф ва адолатга чақириб, давлатни қатъий қонун - қоидалар асосида бошқариш, кишилар хулқ - атворини яхшилаш борасида панд-насиҳат қилган.

Шунингдек, яна бир ҳикоятлар тўплами машҳур – “Исо Мўжизаси”. Унда бир одам Исо пайғамбаримиз олдига келиб, ўлган одамни тирилтиришни сўрайди. Лекин Исо бу қилмиш одамларга фойда келтирмаслигини айтиб, бу ишни рад этади. Бироқ одамзод чекинмай, унга тирилтиришни ўргатиб қўйишини илтимос қилаверади. Исо бошқа рад эта олмай, уни дуо қилишга ўргатади. Бу одам уйи томон кетаётиб, суякларни топиб олади ва тирилтириш дуосини ўқийди. Суяклар шерга айланиб, дуо қилган одамни еб қўяди.

“Гулистон бит-туркий” эски туркий тилининг намунаси сифатида ягона нусхада Голландиянинг Лейпциг университетида сақланади. Фотонусхаси Фанлар Академияси қошидаги Шарқшунослик институтида сақланиб келади.

“Суҳайл ва Гулдурсун” достони ўзбек адабиётидаги эпик шеърияти тараққиётининг муносиб намунаси саналади. Достон халқ афсонаси “Гулдурсун” асосига қурилса-да, унда реал тарихий воқеалар, яъни Амир Темурнинг Хоразмга юриши ҳам акс этган.

Расмлар галереяси