Таржимаи ҳол
Шундай актёрлар бўладики, улар ижро этган роллари орқали миллатининг, халқининг юраги тўридан муносиб ўрин эгаллайди. Улар рол ижро этаётган пайт ижод завқи чоғларидаги кўнглидан таралаётган нур томошабинлар қалбини забт этади, ижобий қаҳрамонларининг хислатлари томошабинга маълум маънода “юқади”. Ана шундай хислатларни ўзида жо этган буюк актер, Ўзбекистон халқ артисти Давлат мукофотининг совриндори Ёдгор Саъдиевдир.
1946 йил актёр Хабиб Сагдиев оиласида Тошкентнинг Себзор даҳасида таваллуд топган.
Ўрта мактабни тугатиб, Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтига ўқишга киради ва 1971 йил тамомлайди. 1968 йилдан бугунги кунга қадар Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат академик драма театри труппаси актёри ҳисобланади. 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қалқон” студиясининг бадиий раҳбари этиб тайинланади.
Ёдгор Саъдиевнинг ижоди ижтимоий, фалсафий, ғоявий мазмун билан йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик хатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовордир.
Етакчи актёр сифатида Ёдгор Саъдиев ижтимоий муҳит ва бой ички дунё билан мураккаб муносабатларга эга 60 дан зиёд ролларни гавдалантирган “Мирзо Улуғбек” спектаклидаги Мирзо Улуғбек роли, Карл Морр (“Қароқчилар”), Кочкарёв (“Уйланиш”), эртакчи (“Қор маликаси”), Ғофир (“Бой ила хизматчи”), Прометей (“Оловни ташлама, Прометей”), кичик ўғил (“Ғариблар”), Бобур (“Юлдузли тунлар”), Климков (“Рўйхатларда йўқ”), Арслон (“Ойна”), Абдураҳмон (“Меҳробдан чаён”), Филипп (“Рўё”, 1983 йил шу роли учун “Йилнинг энг яхши эркак роли” номинациясига сазовор бўлган), Аброр Ҳидоятов (“Томоша давом этади”) , Маъмур (“Келинлар қўзғалони”).
Ёдгор Саъдиев, шунингдек, кинода ҳам кўплаб эсда қоларли ва ўзига хос характерга эга тимсолларни гавдалантирган: Абдусалом (“Дилбарим”), Олимжон (“Ўн уч терак кўчаси”, Довженко номидаги киностудия), Шайҳ Жаъфар (“Енгилмас”), Дадабўри (“Армон”), Тоғай (“Минорхўрлик Жўра овчи”), Майор Мицуми (“Манжур варианти”, Қозоқфильм), 20 қисмли “Шайтанат” да Асадбек, “Иблис девори”да Иброҳим амаки роллари билан шуҳрат қозонди. “Шайтанат”нинг 7 қисмидан 20 қисмигача, “Иблис девори” фильмларига режиссёрлик қилган. Шунингдек, телефильм, видеофильм ва телепостановкалар: “Абу Али ибн Сино”да Ибн Сино, “Диёнат”да Жаббор, “Гирдоб”да Йўлдош, “Алишер Навоий”да Бадиулзамон, “Имон”да Орифжон, “Ичкуёв”да Ўринбой, “Сўнгги ўқ”да Жаҳонгир образларини яратган.
Ёдгор Саъдиев “Иблис девори” (2008) фильмининг режиссёри, шунингдек, “Шайтанат” фильмининг режиссёри ҳамда продюсери.
Ёдгор Саъдиев режиссёрлик ҳамда театрдаги ишлари орасида Ж.Пуаренинг “Алдагани хотин яхши”, Ф.Богдановнинг “Тунги меҳмон”, С.Сирожиддиновнинг “Ҳаёт эшик ортида” спектаклларини саҳналаштирган.
Дубляжда 700 га яқин фильмда овоз берган.
1989 йил Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, 1998 йил “Ўзбекистон халқ артисти”, 2005 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.