Ойдин (Манзура Собирова)

Таваллуд топган сана: 20 noyabr 1906 йил

Вафот этган сана: 30 may 1953 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

5635

Таржимаи ҳол

Биринчи ўзбек адибаси, иқтидорли ҳикоянавис Ойдин ўзининг ажойиб ҳикоялари, новеллалари, шеър ва публицистик мақолалари билан ўзбек адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган йирик сўз санъаткорлари қаторида туради.

Ойдин 1906 йил 20 ноябрда Тошкентнинг эски шаҳридаги Дегрез маҳалласида, ҳунарманд оиласида дунёга келди.

Ойдин қатор қийинчиликларни ўз бошидан кечирди ва ёшлик чоғидаёқ онасидан жудо бўлди. У олдин эски мактабда, 1918 йилдан янги мактабда ўқиб саводини чиқарган.

Ойдин 1919 йилда Тошкент хотин-қизлар билим юрти (Инпрос) га ўқишга киради ва уни 1923 йилда муваффақиятли тамомлайди.
Ойдин Тошкентнинг Тахтапул маҳалласидаги бошланғич мактабда ўқитувчилик қилади.

Ойдин - Манзура Собирова 1924 йилдан ижод қила бошлади. Даврига мос мавзуларда шеърлар ва "Янгиликка қадам" драмасини ёзиб, умидли шоира, драматург сифатида адабий жамоатчиликнинг эътиборини қозонди. Унинг хотин-қизларни озодликка чақирувчи «Янгиликка қадам" номли биринчи пьесаси 1925 йилда босилиб чиқади.

У 1927-1933 йиллари Самарқанддаги Педагогика академияси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети)га ўқишга кириб тамомлайди. Ўқиб юрган пайтларида Ҳамид Олимжон, Уйғун билан яқиндан танишуви Ойдин ижодида катта ўрин эгаллайди.

Ойдин адабиётга шеърият орқали кириб келди. Унинг "Тонг қўшиғи" (1931), "Чечан қўллар" (1932), "Ойдин шеърлари" (1937) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

Шунингдек, Ойдин "Майса узилди" (1931), "Машина қучоғида" (1932), "Кўприк устида" (1933), "Бу кеча" (1933) каби поэмалар ҳам ёзди.

Унинг «Чақалоққа чакмонча", "Ширин-шакар", "Уялди шекилли, ерга қаради", "Садағанг бўлай, командир" ҳикояларида янгича оила, севги-муҳаббат, садоқат акс эттирилган. Адибанинг ўтмишга бағишланган "Ямоқчи кўчди", "Ҳазил эмиш", "Гулсанам" асарларида ўзбек халқининг оғир ҳаёти, эскилик урф-одатларга қарши кураши чуқур нафрат билан тасвирланган.

Адиба очерк жанрида ҳам ижод қилди. Унинг 30-йилларда ёзган "Шароф иши", "Бир кўрган билиш, икки кўрган таниш", "Эл қувончи", "Қора уйлар оқарди", "Эл оғзида эртак", "Кичкина қўлда катта унум", "Муборак", "Одамнинг қўли гул", "Ёқут нурлар шу қўлда" каби очеркларида Ватан мадҳи, меҳнати туфайли бахтга эришган аёллар образлари зўр муҳаббат билан тасвирланган.

Ойдин "Эртарғин", "Ўзбек саҳнасида", "Ўз устида ишлаш - ўсиш гарови", "Поэзия тўғрисида", "Ютуқлар яна мустаҳкамлансин", "Яна ёшларимиз ҳақида", "Халқнинг севган шоири" сингари илмий-танқидий мақолалар ҳам ёзган.

Ойдин - Манзура Собирова ижод билан биргаликда Ўздавнашрда бўлим бошлиғи (1931), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб (1932-1937), "Ёрқин ҳаёт" журналининг муҳаррир ўринбосари (1938-1941), Ўзбекистон Радио қўмитасида адабий эшиттиришлар бўлими масъул муҳаррири (1946-1953), "Ўзбекистон хотин-қизлари" ҳозирги "Саодат" журналининг бош муҳаррири лавозимларида ҳалол меҳнат қилган. У ўз меҳнат фаолияти давомида жамоат ишини доимо ижодий иш билан қўшиб олиб борди.

Шунингдек, у 1946 йилдан то бевақт вафотига қадар собиқ Ўзбекистон Марказий Комитетининг масъул ходими лавозимида ҳам ишлаган.

Ойдин адабиёт ва санъат ҳамда партия ва давлат олдидаги хизматлари учун икки марта "Ҳурмат белгиси" ордени билан, шунингдек, бир неча медаль ва Фахрий Ёрлиқлар билан тақдирланди.

Ойдин ижоди ва жамоатчилик фаолияти энг гуллаган бир вақтда, 1953 йил 30 майда бевақт вафот этди.

Тошкент шаҳри кўчаларидан бирига Ойдин номи берилган.

Расмлар галереяси