Таржимаи ҳол
Муҳаммадшариф Эгамберди ўғли Сўфизода ўзбек демократик ва маърифатпарварлик даври адабиёти анъаналарини давом эттирган адиблар сирасига киради. Сўфизодага ўзбек адабиёти олдидаги хизматлари учун 1926 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган.
Сўфизода 1880 йилнинг 29 январида камбағал деҳқон оиласида туғилган.
Сўфизоданинг адабиётга ихлоси эрта уйғонган. У онаси Зайнаб хола хоҳишига кўра, қўшниси Манзура отиндан хат-савод ўрганиб, эски мактабда таълим олган. Айниқса, зукко ва хушовоз Манзура отин айтган эртак, достон ва қўшиқлар ёш Муҳаммадшарифда адабиётга ҳавас уйғотган. У Ҳофиз, Бедил, Алишер Навоий, Муқимий, Фурқат каби алломалар ижодини чуқур ўзлаштириб, шеърлар машқ қила бошлаган.
1893-1898 йилларда у Қўқонда яшаб, Муқимий, Фурқат таъсирида «Ваҳший» тахаллуси билан ҳажвий асарлар яратди. Унинг, айниқса, «Дакананг», «Бедананг», «Айтинг бу сўзимни», «Ўпай», «Ғубор дарду олам» каби ҳажвий ва лирик ғазаллари эътиборга лойиқ. Бироқ ҳали Муқимий ҳажвияси зарбидан қутулиб улгурмаган замона ҳокимлари ёш Муҳаммадшарифнинг кескин танқидига қарши ҳужум бошлайдилар. Оқибатда у 1899 йили Қўқондан Чустга қайтиб келади. Орадан икки йил ўтгач, уни амир амалдорлари даҳрийликда айблаб, қатл этишга ҳукм чиқарадилар.
Сўфизода Чустдан кетиб, 14 йил мобайнида турли Шарқ мамлакатларида умр кечиради. Худди шу йиллар (1900-1914) Сўфизода ижодининг янги босқичини ташкил қилади. У Аввал Бокуга бориб, Жалил Маматқулизода, Собир Тоҳирзода, Муҳаммад Ҳодий каби озарбайжон адабиётининг тараққийпарвар вакиллари билан танишади. Сўнг Арабистон, Ҳиндистон ва Туркия мамлакатларида бўлиб, оддий халқ ҳаётини кўради.
1910-1913 йилларда Қўнғиротда муаллимлик қилади, маърифатпарварлик руҳидаги шеърларини ёзиб, Боку ва Оренбургда чиқадиган газета ва журналларда тез-тез кўрина бошлайди. Унинг шу йилларда яратган шеърлари орасида «Ўзбек хонимига», «Хонимлар исминда», «Ватан», «Муслималар» асарлари, айниқса, диққатга сазовордир.
Сўфизода 1913 йилда Чустга қайтиб келиб, етим болалар учун мактаб очади ва унда муаллимлик қилади. Дунёвий фанларни енгил ва янги усулда ўргатишга бел боғлайди. Айни чоғда айрим шариат пешволарини, бой-амалдорларни ҳажв қамчиси билан савалайди. Бунга чидай олмаган ҳоким синф вакиллари уни ўлдириш пайига тушадилар.
Буни сезган шоир 1915 йили яна хорижий мамлакатларга кетишга мажбур бўлади.
Қувди мени жоҳиллар ўшандоғ ватанимдан,
Лекин қува олмас суханимни даҳанимдан.
деб ёзади у шу йилларда.
Бу сафар давомида у дастлаб Ҳиндистон, сўнг Афғонистонда ўқитувчилик билан машғул бўлади. 1918 йилда Афғонистон маориф вазирининг ўринбосари сифатида Туркистон (Тошкент)га келиб, афғон ваколатхонасида таржимон бўлиб ишлайди. Сўфизода ўз Ватанига қайтиб келгач, яна ҳажвий шеърлар ёзишда давом этади. У мунофиқ раҳбарлар ва ғанимлар қаршилигига дуч келса ҳам ўз халқига хизмат қилишдан заррача тўхтамайди. Унинг асарлари «Қизил Ўзбекистон», «Муштум», «Фарғона» каби газета ва журналларда тез-тез босилиб туради. 1925 йил 13 августда «Фарғона» газетасида «Хушчақчақ қаламлар» сарлавҳаси остида унинг бир қатор ҳажвий шеърлари чоп этилади. «Ҳақиқатдан кўз юмганлар», «Қалайсизлар?», «Сайловга» каби шеърларида ўша суронли йиллар нафаси баралла эшитилади. 1934 йилда эса Сўфизода «Байрам нашидалари» достонини ёзади.
Сўфизодага ўзбек адабиёти олдидаги хизматлари учун Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан бир кунда 1926 йил 27 февраль қарори билан «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган.
Сўфизода ҳам қатағон бўлган авлод вакили сифатида 1937 йил «халқ душмани» сифатида 57 ёшида отиб ташланади.
Унинг «Тарона» сарлавҳали ягона шеърлар тўплами 1968 йили нашр этилган.