Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович

Таваллуд топган сана: 24 aprel 1968 йил

Туғилган жой:Андижон вилояти

Йўналишлар: Адабиётшунослар, Ёзувчилар, Шоирлар

15162

Таржимаи ҳол

Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович) 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилояти, Марҳамат туманида туғилганУлуғбек ҳам назм, ҳам насрда ижод қилади. Улуғбек Ҳамдам қардош турк тилидан таржима билан ҳам шуғулланади. У асарларида турли хил қисматларни бадиий кашф қилишга интилади.

Улуғбек Ҳамдам 1968 йил 24 апрелда Андижон вилояти Марҳамат тумани Юқори Ровот қишлоғида туғилган.Улуғбек 1975-1985 йилларда ўрта мактабда ўқиди. 1988 йилда Тошкент Давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирди.

1992 йилда эса ўқишни Туркияда давом эттирди. 1993 йилда Тошкентга қайтиб, дастлаб магистратурани, сўнгра аспирантурани тугатди.

1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.

У 1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Шу йилдан бошлаб Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишламоқда. Ҳозир у «XX аср ўзбек шеъриятида бадиий тафаккур тадрижининг ижтимоий-психологик асослари» деган мавзудаги докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.

Улуғбек ҳам назм, ҳам насрда ижод қилади. Унинг 1998 йилда дунё юзини кўрган «Ёлғизлик» деб аталган қисса ва ҳикоялардан ташкил топган тўплами муайян баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Чунки ушбу китобдан жой олган қисса биз кўникиб қолган эпик асарлардан тамоман фарқли ҳолда сюжетсиздир. Асар қайси бир жиҳати билан кундаликни эслатади, бироқ кундаликка хос бўлган хронологик изчиллик йўқ ҳисоби. Ундаги «воқелик» асар қаҳрамонининг онг оқими маҳсули сифатида қаралиши мумкин.

Улуғбек 1997 йилда ёзилган «Мувозанат» романида турли хил қисматларни бадиий кашф қилишга интилади. Маълумки, бир ижтимоий-сиёсий тузумдан иккинчисига ўтиш жараёни инсонлар онгида бир хилда силлиқ кечади, деб бўлмайди. Асар бош қаҳрамони Юсуф ҳам муайян қийинчиликлар-у муаммоларга дуч келади, кўнгил мувозанатига эришолмай изтироб чекади, лекин уларни руҳий-маънавий жиҳатдан енгиб ўтади.

Улуғбек Ҳамдамнинг илк шеърий тўплами 2001 йилда «Тангрига элтувчи исён», 2005 йилда эса «Атиргул» тўпламлари нашр этилди. Бу тўпламларга кирган шеърларда модерн адабиёти таъсири устуворлик қилади.

Улуғбек Ҳамдамнинг 2004 йили нашр этилган «Исён ва итоат» романи ҳам бугунги адабий ҳаётнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

2009- йилдан бери "Шарқ юлдузи" журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.
«Тангрига элтгувчи исён» (2002), «Атиргул» (2006), «Сени кутдим» (2007) шеърий ҳамда «Ёлғизлик» (2000), «Мувозанат» (2003), «Исён ва итоат» (2004), «Сабо ва Самандар», «Узоқдаги Дилнура» (2010) каби насрий асарлари нашр этилган. Илмий асарлар тўплами ҳам бор («Бадиий тафаккур тадрижи», 2003; «Янгиланиш эҳтиёжи», 2007).

Улуғбек Ҳамдам қардош турк тилидан таржималар ҳам қилади. Унинг таржимасида мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» (1997, 2001), профессор Усмон Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси» (1995) номли асарлари алоҳида китоблар шаклида нашр этилган.

Расмлар галереяси