Қосими Анвар

Таваллуд топган сана: 1356 йил

Вафот этган сана: 1434 йил

Туғилган жой:Озарбайжон

Йўналишлар: Диншунос ва маърифатпарварлар , Шоирлар

4767

Таржимаи ҳол

Темурийлар давридаги адабиёт ва тасаввуфнинг йирик вакилларидан бири Қосими Анвардир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шоирнинг дунёқараши ўз даври ва ўзидан кейинги илм-фан ва тасаввуфнинг йирик намояндалари Баҳовуддин Нақшбанд, Садриддин Йаминий, Улуғбек, Неъматулла Вали, Нуритдин Кирманий, Абдураҳмон Жомий ва Навоийларнинг таълимотлари билан ғоявий жиҳатдан яқин туради. Айниқса, Алишер Навоий ўзининг "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида шоир ижоди ҳақида кенг тўхталиб, шеърларидан намуналар келтиради.

Уни замонасининг иқтидорли шоирлари қаторига қўшади: "Равишлари пок эрди ва нафаслари оташноқ - деб хабар беради Алишер Навоий, Қосими Анвар ҳақида - Эл бағоят алар назмларига мойил ва шеърларин ўқумоқ ва битмакка роғиб бўлдилар".

Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" ва бошқа манбаларда келтирилишича, Қосими Анвар ёшлигидан Садриддин Ардабилийга мурид бўлиб, сўфийлик тариқатини мукаммал эгаллайди. 1426 йили Хиротнинг масжидида Шоҳрухга қарши фитна уюштирилади. хуруфийлар оқимига мансуб бўлган Аҳмад Лур деган шахс Шоҳрухга пичоқ уриб, уни ярадор қилади. Шу ернинг ўзидаёқ Аҳмад Лур ўлдирилади. Юқоридаги воқеа туфайли Қосими Анвар хуру-фийлар билан яқин алоқада бўлганликда ва фитнада қўли борлигида айбланиб Хиротдан Самарқандга сургун қилинади. Самарқандни бошқариб турган Улуғбек уни яхши кутиб олади.

Ўша даврда Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Сурия ва Шарқнинг бошқа мамлакатларида хуруфийлик оқими кенг тарқалган бўлиб, бу оқим Марказий Осиё ва Хуросанда, айниқса, Самарқанд ва Хиротда оз бўлсада мавжуд эди. Хуруфийлик оқими ҳарфларни илоҳийлаштириб, кишиларни объектив дунё, ҳарфлар ва худони идрок қилишга чақирадилар. Хуруфийлар шаҳар камбағаллари ва ҳунармандларининг манфаатини ҳимоя қилиб, зўравонлик, жабр-зулм, зодагонларнинг ўзбошимчалигига қарши кураш олиб бордилар.

Марказий Осиё ва Хуросонда бу оқим тарафдорлари, гарчи улар кўпчиликни ташкил этсада, ҳокимият учун зимдан кураш олиб бордилар, ҳар хил фитна ва ғалаёнлар уюштириб турганликлари боис Темурийлар, айниқса, Шоҳрух хуруфийлик оқими тарафдорларини таъқиб остига олганлар.

Қосими Анвар асарларининг анчагина қисми бизгача етиб келган. Унинг "Девон"и қўлёзмалари Санкт-Петербургда, Гуржистонда. шунингдек, Самарқандда ва бошқа йирик илм марказларида сақланмоқда. 1958 йили Теҳронда унинг "Куллиёти" Саид Нафисий томонидан чоп этилган.

Мутафаккирнинг "Анис ул-ошиқин" ("Ошиқлар дўсти") маснавийси ("Анис ул-орифин" ҳам деб юритилади), "Сад мақом дар истилоҳи суфия" ("Тасаввуф атамаларида юз мақом"), "Рисолайи адади мақомот" ("Мақомларнинг сони ҳақида рисола"), "Рисола дар баёни илм" ("Билим ҳақида рисола"), "Савол ва жавоб" рисоласи ва бошқа асарлари мавжуд.

Қосими Анварнинг ижодий меросини ўрганиш шундан далолат берадики, у Темурийлар даврининг йирик мутафаккири, шоири бўлган ва ўша давр маънавий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.

Расмлар галереяси