Қобулова Саодат

Таваллуд топган сана: 15 dekabr 1925 йил

Вафот этган сана: 12 oktabr 2007 йил

Туғилган жой:Марғилон

Йўналишлар: Қўшиқчилар

8545

Таржимаи ҳол

Саодат Қобулова — опера хонандаси (колоратура сопраноси), СССР Халқ артисти (1959), Ўзбекистон халқ артисти. Профессор (1986).

Марғилонда туғилган. Москвадаги ўзбек опера студиясини Д. Б. Белявский синфида битирган, сўнгра, Тошкент Давлат консерваториясида ўқийди ва 1954 йилдан бошлаб, ўттиз йилдан ортиқ Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида етакли солист сифатида самарали ижодий фаолият олиб боради.

Мумтоз репертуарлар партияларида иштирок этган - Джильда, Виолетта, Мими, Розина; Лейла (Бизенинг “Жавоҳир изловчилари”) ва ўзбек миллий операларида – Зуҳра (Жалилов ва Бровцинларнинг “Тоҳир ва Зуҳра”), Лайли (Глиэр ва Содиқовларнинг “Лайли ва Мажнун”), Дилором (Ашрафийнинг “Дилором”), Гулнор (Ҳамроевнинг “Зулматдан нур”), Санобар (Бабаевнинг “Ҳамза”) ва бошқалар.

С. Қобулова 1957 йил Москвада бўлиб ўтган VI – Жаҳон ёшлар ва талабалар, фестивалининг совриндори бўлган.

Совет Иттифоқи шаҳарларида ва ҳорижда (Ҳиндистон, Бирма, Афғонистон, Тайланд, Камбоджа, Германия, Болгария, Польша, Канада, Мўғулистон) концертлари билан иштирок этган.

Ноёб овоз, юқори истеъдод соҳиби ва маҳоратли ижрочи Саодат Қобулова ижросидаги кўплаб ўзбек ва жаҳон опера санъати намуналари, миллий мумтоз шоҳ асарлари ва халқ қўшиқлари одамлар қалбига чуқур ўрнашиб, халқимизнинг маънавий бойлигига айланди. Турли тилларда бетакрор жаранглаган “Дилором”, “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Майсаранинг ишлари”, “Травиата”, “Севильский цирюльник” каби машҳур операларда у яратган ёрқин тимсоллар мусиқа санъатимиз хазинасидан муҳим ўрин эгаллади. Саодат Қобулова педагог сифатида ҳам ёш иқтидор соҳибларининг жонкуяр ва талабчан устози ўрнида муваффақиятли фаолият олиб борган.

1969 йилдан 1986 йилгача устоз, 1986 йилдан умрининг охиригача профессор ва Ўзбекистон Давлат консерваториянинг академик хонандалик кафедраси мудири. Ўнлаб вокалистларни етиштирган бўлиб, ҳозирда улар миллий мусиқа санъатимизнинг етакчи вакилларига айланишган.

Иқтидори, билимлари ва таржрибаларини мамлакатимиз маданияти ва санъати равнақи учун бағишлаган фидокор санъат арбобининг кўп йиллик меҳнати, кўп қиррали ижодий фаолияти давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Саодат Қобулова Ватанимизнинг олий мукофотларига лойиқ топилган – “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари, “Ўзбекистон халқ артисти” шарафли унвони.

Халқ артистининг турли тилларда жарангловчи қўшиқлари мусиқашуносларнинг якдил фикрига кўра, БМҲ мамлакатлари мусиқа санъати хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Саодат Қобулова 2007 йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда вафот этган. Чиғатой қабристонига дафн этилган.

Расмлар галереяси