Таржимаи ҳол
Гиенко Борис Фёдорович — бастакор, педагог. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968). Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти. Собиқ СССР бастакорлар уюшмаси аъзоси. Профессор. Борис Фёдорович Гиенко ижодий, педагогик ва мусиқий изланишлари ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган бастакорлар сирасига киради.
Борис Фёдорович Гиенко 1917 йилнинг 8 августида Шимолий Кавказ (Осетия)да, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар оиласида туғилган. Фортепиано чалишни 6 ёшидан бошлаб ўрганган.
1935 йил Б. Гиенко Тошкентга кўчиб келади. Бу ерда у Болалар тарбиявий ижодиёти марказий уйида торли ҳаваскор оркестрига раҳбарлик қилиш бўйича 6 ойлик курсларини тамомлайди. Унинг илк мусиқа басталаш намуналари айнан шу йилларга тегишлидир.
Гиенко 1936 йилда очилган Тошкент Давлат консерваториясининг илк талабаларидан бири бўлган. Унинг ижодий истиқболлари ажойиб педагог Б. Б. Надеждинанинг бастакорлик дарсларида намоён бўлган. Талабалик йиллари Гиенко турли шоирларнинг шеърларига бир қанча қўшиқлар ва романслар ёзган, учта ўзбек халқ мусиқасини ўзбек дўмбира оркестри учун қайта ишлаб чиққан. 1938 йилдан Консерваториядаги ўқишини у болалар мусиқа мактабида педагоглик фаолияти билан мужассамлайди. 1941 йил биринчи симфониясини диплом иши ўрнида тақдим этиб, консерваторияни битиради.
Улуғ Ватан Уруши йиллари Гиенко Туркистон ҳарбий округи қошидаги маданий-маърифий тарғибот гуруҳида ҳам хизмат қилади. Бу ерда бастакор қўшиқлар, романслар ва оркестр пьесаларини ёзишни бошлайди. Ватанпарварлик қўшиқларидан ансамбл ижрочилари орасида унинг кейинги қўшиқлари оммабоп бўлган: “Ватан учун, олға!”, “Уч гвардиялик балладаси”, “Биз Рейнда бўламиз”, “Донлик қозоқ”; М. Лермонтов шеърига олти романс; Т. Фаттоҳ шеърига “У кетди” ва Л. Ковалев шеърига “Тушимга кирди” романслари; Бернс ва С. Маршакларининг шеърига тўрт қўшиқ; фортепиано учун сонатина ва ўзбек миллий чолғу оркестри учун марш.
1948 йилдан Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғу асбоблари факультетида чолғулаштириш ва партитура ўқиш бўйича дарс беради, 1960 йил эса бастакорликдан дарс ўта бошлайди.
1967 йил унга доцент илмий унвони берилган.
1972 йил консерваториянинг композиция кафедраси мудири лавозимига тайинланади.
2000 йилнинг 18 сентябрь куни вафот этган, Тошкентдаги Боткина қабристонига дафн этилган.
1939 йил Б. Гиенко Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади, 1960 йил Борис Фёдорович Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси ўринбосари.
Бастакор ўзбек камера мусиқаси ривожига баҳоли-қудрат ўз ҳиссасини қўшган. Ўзбек мусиқаси негизидаги, ўзига хос материал саналмиш бешта чолғу квартети ва фортепиано квинтети “Триптих” кенг омма эътирофига эга бўлган
Унинг В.Липко сўзига “Ғазал”, Зулфия сўзига “Юлдуз”, Т.Тўла сўзига “Мулойим”, Т.Фаттоҳ сўзига “Куз оқшомлари”, Ҳ.Олимжон сўзига учта романс ва Навоий сўзига ёзилган “Айрилиқ – оғир изтироб”, “Менинг орзуим” каби иккита романси ўзига хос тарзда басталанган. Кўплаб симфоник асарлари орасида қуйидагилари кенг танилган: “Сўзана” симфоник рақси, “Хоразм сюитаси”, “Ўзбекистон” (1951 й.) иккинчи дастурий симфонияси, “Ўзбекистон лирик картинаси” (1954 й.) сюитаси, “Ёввойи дашт” (1954 й.) достони, симфоник увертюра (1955 й.), 3-сонли симфония (1960 й.), “14 нафар Туркистонлик комиссарлар хотирасига” баллада-симфонияси (1967 й.), торли ва зарбли чолғу оркестри учун 5-сонли симфония (1973 й.), “5 қисмли сюита” товуш ва симфоник оркестр учун сюита, “Новеллетлар”. Вокал-симфоник асарларидан: вокал-симфоник достони “Ленин кулгуси” ёки “Ваҳимали йиллардан сўнг” (1969 й.), Б. Сингаевский шеърига; Р. М. Глиэр хотирасига бағишланган товуш ва оркестр учун концерт.
Бастакор ижодида саҳна асарлар жанри алоҳида ўрин эгаллайди. У бастакор Г. Собитов билан ҳамкорликда кейинги драмаларга мусиқалар басталаган: озарбайжонлик драматург С. Раҳмон саҳна асари асосида “Ҳуш келдингиз” (1952 й.) ва С. Абдулла саҳна асари асосида “Тоҳир ва Зуҳра” (1953 й.).
Бастакор Д. Зокиров билан ҳамкорликда А. Бобожоновнинг саҳна асари асосида “Сўнмас чироқлар” (1953 й.) мусиқали драмасини ҳамда М. Муҳамедов саҳна асари, Т. Литвинский либреттоси асосида “Ойниса” (1956 й.) балетини яратади. 1966 йил бастакор-мусиқачи Ф. Содиқов билан ҳамкорликда Х. Шарипов саҳна асари асосида “Ота ўғли” мусиқали драмасини ёзади. Бастакор Д. Соатқулов билан ҳамкорликда Б. Кербабаевнинг саҳна асари асосида XVIII аср буюк мумтоз-шоири ижодига бағишланган “Маҳтумқули” (1966 й.) мусиқали драмасини яратади.
Б. Гиенко мусиқаси асосидаги кейинги спектакллар Й. Оҳунбобоев номидаги ёш томошабинлар қўғирчоқ театрида катта муваффақият билан қўйилган: С. Михалков саҳна асари асосидаги “Қуён-билағон”, Е. Шварцнинг “Икки заранг”, Любимовнинг “Четда”, “Павлик Морозов”, Толипов ва Аҳмедовларнинг “Сирли сандиқ” ҳамда Преображенскийнинг “Гўзал Василиса”.
Б. Гиенко ижодида ўзбек миллий чолғу оркестри учун асарлари катта ўрин эгаллайди. Ўзбек халқ чолғулари филармония оркестри яратилган вақтдан (1938 й.) буён, у ушбу оркестр жамоаси билан, аввалига чолғушунос сифатида яқиндан алоқада бўлган, сўнгра, мусиқаларни қайта ишлаган ва янгидан-янги турли асарлар яратган. Бастакорнинг миллий қўшиқларга, гармонизация жараёнидаги куйларга эҳтиёткорона муносабати ҳамда моҳиятига ва характерига етишиш Б. Гиенконинг бадиий услуби ҳисобланади. У томонидан яратилган фольклорга асосланган кўплаб асарлари ижрочилик жамоаси репертуари ҳамда педагогик адабиётлардан тушмаслиги бежиз эмас.
Бастакор Б. Гиенко педагогик фаолиятга кўп куч сарфлайди. Педагогик ва ижодий ишини у йирик жамоат фаолияти билан мужассамлайди. Ўзбек профессионал мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун Б.Ф. Гиенко “Қизил Меҳнат Нишони”, “Ҳурмат белгиси” орденлари, “Меҳнат аълочиси”, “Улуғ Ватан Урушида Германия устидан ғалаба учун” медаллари, “В. И. Ленин таваллудининг 100-йиллиги муносабати олдидаги фидокорона меҳнати учун” фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.