Ғайратий

Таваллуд топган сана: 2 Феврал 1902 йил

Вафот этган сана: 22 yanvar 1976 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Шоирлар

3432

Таржимаи ҳол

Ғайратий - Ўзбек совет ёзувчиси бўлиб, у ўзбек шеъриятининг асосчиларидан биридир. «Ўзбекистон халқ шоири» юксак унвон соҳиби.

Ғайратий бу тахаллус бўлиб, асл исми Абдураҳим Абдуллаевдир.

У 1902 йил 2 февралда Тошкентнинг Дегрез маҳалласида ҳунарманд оиласида дунёга келди. Унинг отаси ўқимишли, адабиётга қизиққан киши бўлган. Унинг адабиётга қизиқишида онаси айтган эртаклар ҳам муҳим ўрин тутган.

 

1912-1915 йилларда у эски мактабда, сўнг мадрасаларда таҳсил олади. Шу йилларда Навоий, Муқимий, Фурқат асарлари билан танишади. Октябр инқилобидан сўнг Тошкент (Хадра)даги «Намуна» мактаби қошидаги ўқитувчилар тайёрлаш курсини тугатган.

Бўлғуси адибнинг илк шеъри 1921 йилда нашр этилган.  Ўзининг «Эрк товуши», «Олтин ёшлик» каби шеърий ва ҳикоявий тўпламларида Ғайратий социалистик тузум ва ёш Совет давлатини мадҳ этган.

 

1926 йилга келиб, Ғайратий Озарбойжонга бориб, Бокудаги билим юртида ўқийди. У ерда М.Ўрдубодий, М.Мушфиқ, С.Рустам, Ж.Жабарли каби таниқли адиблар билан танишади ва мулоқотда бўлади. Бокудан қайтгач, Тошкентдаги мусиқали драма театрида адабий эмакдош бўлиб хизмат қилади.

 

Адабиётни ўз моҳиятига кўра жўшқин дарёга қиёс қилса бўлади. Дарё сувларидан далалар, дов-дарахтлар гуллаб-яшнаса, адабиёт инсон қалбига эзгулик уруғини сепади, уни ҳаётда тўғри яшашга, улуғ мақсадлар йўлида курашишга ўргатади. Дарё ирмоқлардан вужудга келади. Адабиётимиз ирмоқлари эса адибларимиз яратган асарлардан иборат. Дарёларнинг серсувлиги, ҳайқириб оқиши ирмоқлар сувига боғлиқ бўлгани сингари, адабиётнинг жўшқинлиги, курашчанлиги - ҳаётда тутган ўрни ундаги асарларнинг сифатига қараб белгиланади.

 

Ўзбек болалар адабиётининг ҳозирги камолот босқичига эришишида унинг ирмоқларидан бири - Ғайратий ижодининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Адабиётга Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Уйғун, Комил Яшин, Миртемирлар билан баравар кириб келганлардан бири Ғайратийдир.

 

Ғайратий ижодининг шаклланишида Ҳамзанинг таъсири каттадир. Бу ҳақда ёзувчининг ўзи кейинчалик қуйидагиларни ёзади: «Мен Ҳамза билан театр труппасида танишдим... Ҳамза билан адабий суҳбатлар ўтказиб кўп нарса ўрганар эдик, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан мунтазам суратда суҳбатлашиб туриш менга ўхшаган адабиёт ҳаваскорлари учун катта адабий мактаб бўлди».

 

Ҳаётга ва меҳнатга, келажакка ишонч ва собит эътиқод Ғайратий шеъриятининг ғоявий мазмунини ташкил этади. Шу жиҳатдан унинг «Ватан», «Шоир», «Суҳбат», «Ёшлик» каби шеърлари характерлидир.

 

У давр билан ҳамнафас бўлишни, халқ бахт-саодатини куйлашни ижодининг асл мақсади деб билди. Буни у «Шоир» шеърида қуйидагича ифодалайди:

Йўқлик достонин ҳар дамда ўқиб,

Афсоналардан маънолар тўқиб,

Яшаш йўлидан кетмакка қўрқиб,

Оммадан узоқ бўлмасин шоир...

Шоир ижодининг дастлабки даврларида яратилган бу шеър бадиий жиҳатдан бирмунча заиф бўлсада, аммо унда шоирнинг умри оҳиригача сақланиб қилган интилувчанлик мавжуд.

Ғайратий шеърий асарлар билан бирга, «Ёш партизанлар», «Отамнинг хотира дафтари», «Сиз - менинг ёшлигимсиз» каби кўплаб ҳикоя ва қиссалар ҳам яратдики, улар давр билан, ёзувчининг кўрган-кечирганлари билан чамбарчас боғлиқ.

Сюжет воқеаларининг таранглиги ҳамда уларнинг қизиқарли тарзда қурилиши «Рустамжоннинг саргузаштлари» қиссасининг муҳим фазилатидир. Қиссанинг қизиқарлилиги унда уруш давридаги шиддатли воқеаларнинг ҳикоя қилиниши билангина вужудга келган эмас. Балки тасвирда саргузашт услубининг устунлиги ҳам муҳим роль ўйнаган. Умуман, «Унутилмас кунлар» каби «Рустамжоннинг саргузаштлари» қиссаси ҳам уруш даври ўзбек болалар насрининг яхши намунасидир.

Булардан ташқари, Ғайратий драматик асарлар ҳам яратган. Унинг «Омон», «Йўлдош», «Қанотли дўстлар», «Ўрмонда» каби драмалари узоқ йиллар республика қўғирчоқ театри ва ёш томошабинлар театри репертуаридан мустаҳкам ўрин олиб келди.

 

1972 йилда Ғайратийга «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилган.

 

У 1976 йил 22 январда вафот этган.

 

Ижодий фаолияти

 

1929-1931 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи

«Ерк товуши» биринчи шеърий тўплами

1927 йилда 1928 йилда «Яшаш тароналари» шеърий тўплами,

«Қутулиш» номли ҳикоялар тўплами,

«Ҳашар» (1929)

«Қора юраклар» (1931)

«Ошиқ ҳукми» (1932)

«Онамга хат» (1933)

«Танланган асарлар» (1934)

«Шикаста» (1935)

«Маҳкам» (1935)

«Севги» (1939)

«Олтин ёшлик» (1940)

«Ҳикоялар» (1957)

«Танланган асарлар» (1958) каби қатор тўплам ва достонлари нашрдан чиқди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда Фурқат ва Ҳамза каби устозлари ҳақидаги «Ғурбатда Фурқат», «Шоир», «Ўлмас қўшиқ» каби китобларини чоп этди.

«Тепалик мозор» (1956)

«Ҳилола»

«Сабаби - тириклик» (1958)

«Йўлдош»

«Қанотли дўстлар»

«Ўрмонда»

«Омон»

«Махсум қочди» (1960) каби ҳажвий ҳикоялар ҳам яратди.

«Довдираш» номли ҳажвий ҳикоялар тўпламини нашр эттирди.

1973 йилда эса икки жилдлик танланган асарлари нашр этилди.

Расмлар галереяси