Бабаев Қурбон Латипович

Таваллуд топган сана: 26 dekabr 1910 йил

Вафот этган сана: 5 avgust 2000 йил

Туғилган жой:Акмолинск

Йўналишлар: Геологлар

4001

Таржимаи ҳол

Қурбон Латипович Бабаев — геология-минералогия фанлари доктори, профессор, Геология вазирлигининг Марказий Осиё Геология ва минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон ФА геология институти директори.

Қурбон Латипович Бабаев 1910 йил 26 декабр куни Акмолинскда (ҳозирга Остона, Қозоғистон) ишчилар оиласида туғилган. Тугалланмаган ўрта маълумотни у она шаҳрида олган, ўша ерда педагогикага ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқиган.

1929 йил К. Л. Бабаев Тошкентга келади ва Марказий Осиё саноат институтининг ишчилар факултетига ўқишга топширади, 1931 йил ўқишни тамомлаб, шу институтнинг кончилик факултетига талабаликка қабул қилинади.

Талабалик чоғида, Т. Н. Қори-Ниёзовнинг тавсиясига биноан, у Ўрта Осиё давлат университетининг физика-математика факултетида геология бўлимининг миллий гуруҳига математикадан дарс беради.

Талабалик йилларида Учимчак гелогия-қидирув гуруҳида тўпловчи, иш бошқарувчи, кейинроқ бошлиқ ўринбосари, “Ранглиметқидирув” трестининг Ўрта Осиё бўлимида бошлиқ муовини лавозимларида ишлайди. Шу сабабли, 1933 йил академик А. Е. Ферсман Тошкент шаҳрига Тожик-Помир экспедицияси таркибида келганида, Чотқол тоғи конларидаги кузатувчи гуруҳ таркибида Бабаев унга ҳамкорлик қилган. Мазкур учрашув устоз-шогирднинг кейинги муносабатларига замин бўлди, сўнгги учрашувлари эса 1940 йил Фрунзе шаҳрида (Бишкек) бўлиб ўтган — К. Л. Бабаев Ўрта Осиёдаги ягона бўлмиш кобалт конининг келиб чиқишини очганлиги ҳақидаги маърузаси баёнотида ҳамда Оқ-туз турар жойига сафари вақтида А. Е. Ферсменга ҳамроҳлик қилган. Бу – уруш бошланишидан аввалроқ бўлган.

1936 йил К. Л. Бабаев Марказий Осиё саноат институтини битиргач, “Рангметқидирув” трестининг Ўрта Осиё бўлимига йўлланма олади. 1938 йилдан К. Л. Бабаев ўзбек ва қирғиз геологик бошқармасининг геологик излаш ва геолог қидирув партияси бошлиғи ва бош геологи бўлиб ишлайди. Ушбу давр мобайнида у волфрам, кобалт, олтин ва бошқа кон қазилмаларини излашда қидирув ишларини олиб боради.

1942 йил К. Л. Бабаев Иккинчи Жаҳон уруши фронтига юборилади ва 5-алоҳида гвардия сапёр баталони таркибида хизмат қилади. Қаттиқ жароҳат сабабли 1943 йил урушдан четлаштирилади. Шу йилнинг ўзида Меликсу конининг бош геологи этиб тайинланиб, у ерда қисқа вақт мобайнида волфрам қазилмаси сонини бир неча маротабагача оширишни уддасидан чиқади. К. Л. Бабаевнинг Иккинчи Жаҳон урушидаги фидокорона меҳнати ҳукумат томонидан юқори баҳоланиб, янгилик соҳасидаги катта ютуқлари, волфрам конларининг қидируви ва бойитилган руда қазилмасини кўпайтириш каби ишлари учун Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсати томонидан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

1946 йил Ўзбекистон ФА геология институтига ишга юборилганида, у катта илмий ходим лавозимидан, лаборатория мудиригача, илмий йўналиш директор ўринбосаридан директор ўринбосари лавозимигача кўтарилади. Масъулиятли раҳбар лавозимини эгаллар экан, К. Л. Бабаев институтнинг лабораториявий      базаси, геологик музейнинг яраталиши, илмий ходимлардан ташкил топган жамоа яратилиши, миллий илмий кадрларни тайёрлаш, йирик муаммоларнинг ташкил этилиши ва ўрганиб чиқилиши ҳамда Ўзбекистон миллий хўжалиги ривожида катта аҳамиятга эга жуда катта ишларни амалга оширган.

Унинг бошчилиги ва бевосита иштирокида институт томонидан 1959 йил туманнинг минерал ресурслари бўйича йирик маълумотнома тайёрланган. Ўлчами 1:500000 лик, монографик тафсияларга эга (70 босма варақ ҳажмда) ҳамда кадастрлик иловаси бор “Марказий Осиё минерал ресурслари харитаси” яратилган ва нашрдан чиқарилган. 1963 йил СССР Олий Аттестацион Комиссияси томонидан К. Л. Бабаевга профессорлик илмий унвони берилади.

1976 йил унга “Ўзбекистон фан арбоби”,1981 йил “Совет иттифоқи ер ости бойликлари фахрий қидирувчиси” фахрий унвонлари топширилади. К. Л. Бабаев “Меҳнат Қизил Ордени”, “Иккинчи жаҳон уруши”, “Меҳнат учун”, “Ленин туғилган кунининг 100 йиллиги муносабати билан кўрсатган қаҳрамонлик иши учун”, “1941-1945 йиллардаги Иккинчи Жаҳон урушида Германия устидан ғалаба учун”, “Меҳнат фаҳрийси”, “Жасорат” медаллари билан тақдирланган. 1995 йил Табиат ва жамият Халқаро Фанлар Академияси томонидан “Россия илм-фан ва иқтисодиёт тараққиётида хизматлари учун” кумуш медал билан мукофотланди.

2000 йил 5 август куни Тошкентда вафот этган.

Расмлар галереяси