Арслонқулов Уста Тошпўлат

Таваллуд топган сана: 1882 йил

Вафот этган сана: 1962 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Рассомлар, Миллий ҳунармандлар

5967

Таржимаи ҳол

Тошпўлат Арслонқулов (1882-1962) – кекса авлоднинг энг таниқли ганч усталаридан бири, Ўзбекистон халқ рассоми, Давлат мукофоти лауреати. Унинг асарлари Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарлар музейларида сақланиб келади.

Таржимаи ҳол

Тошпўлат Арслонқулов 1882 йил Тошкентда наслий ганч усталари оиласида таваллуд топган. Нафақат унинг отаси, балки додаси, додасининг отаси ва етти авлодгача ота-боболари наққошлик маҳоратига эга бўлишган. Бадиий ганч ўймакорлиги отадан ўғилга ўтиб, тажрибалар асрлар давомида орта борган ва наслдан-наслга етказилган. Тошпўлат Арслонқулов наққошликни жуда кичиклигидан ўрганишни бошлаган ва 12-13 ёшларидаёқ, у отаси билан биргаликда жиддий буюртмалар устида ишлаган.

Ганч — бу ёғочли гипснинг табиий ёки сунъий аралашмаси. У ишлов беришда қулай, деярли жуда осон кесилади. Эҳтимол, мазкур сифатлари боис, чиройли ва қулай меъморий безак материали сифатида қадимдан инсонлар эътиборини ўзига тортган. Ганч ўймакорлиги усули нималардан иборат? Аввалига, уста припорох ёрдамида махсус тайёрланган хом ганч қатлами устига сурат солади. Сўнгра, аралашма қотмагунига қадар уни кесади ва ранг танлаб, бўртма нақшлар солади. Шундан сўнггина ўйиб ишлов бериш босқичига ўтилади. Бунинг бир нечта анъанавий турлари бўлиб, ҳар бирининг махсус номи бор. Масалан, “чока-пардоз”, бунда бўртма тасвир устига четдан ичкари томон йўналтирилган иккита қиялама кесиклар билан ишлов берилади. Бўртма ўртасида мураккаб ранг-соя ўйинини юзага келтирувчи тарновча ҳосил бўлади. Тошпўлат Арслонқулов, айнан, ушбу мураккаб усулни ғоят маъқул кўрган.

Наққошлик санъатида уста нафақат ҳунармандлик услубини эгаллаши, балки ганч нақшини ўзи яратиши ҳам зарур. Ўзбек миллий нақшлари бағоят бой ва турлидир. Шу билан бирга, у анъанавий тузилиш қоидаларига ҳам эгадир. Безак тузилишининг икки кўриниши мавжуд.

Улардан бири, геометрик бўлиб, мураккаб математик ҳисобга асосланади ва “гирих” деб номланади. Иккинчиси – “ислими” асосида ўсимлик шакллари ётади. Тошпўлат Арслонқулов ижодида бошқа замонавий ганч усталарники каби кўпроқ ўсимлик безаклари учрайди, баъзида геометрик нақшлар билан уйғунлашади. Ўзининг узоқ умри давомида кўплаб ажойиб нақшлар яратган, унинг моҳир қўллари эса уларни нозик наққошликда гавдалантирди.

Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театри безагидаги иштироки учун Тошпўлат Арслонқулов Давлат мукофоти лауреати унвонига эга бўлган.

Тошпўлат Арслонқулов ишлаган барча меъморий объектларни санаб ўтиш мушкул. Улар қаторида А. Половцев уйи (ҳозирги Халқ амалий санъат музейи биноси), Ҳамза номидаги ўзбек драматик театри, Муқимий номидаги мусиқий-драма театри, Ўзбек ССР Олий Кенгаши Президиумининг мажлислар зали, вилоят ижроия қўмитаси биноси кабилар бор. Лекин, унинг энг ажойиб иши – Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театри зали. Арслонқулов залнинг безаклар кетма-кетлигини чексиз ва сахий ғоялари, шу билан бирга, нозик диди ила ҳисоблаб чиққан. Ўзбекларнинг яшаш жойига хос миллий анъана безакларидан фойдаланган ҳолда, у ҳашамати билан ҳайратга солувчи ягона безак асарини яратган. Гўё, зал деворига нозик оқ тўр ташлаб қўйилиб, унинг жимжима боғламларида ёруғлик ҳилпираётгандай.

1962 йил Тошкентда вафот этган.

1982 йил Ўзбекистон меъморлар иттифоқи Тошпўлат Арслонқулов таваллудининг 100-йиллигини кенг нишонлаган.

Расмлар галереяси