Аҳмедов Ёқуб

Таваллуд топган сана: 3 yanvar 1938 йил

Туғилган жой:Наманган

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

20218

Таржимаи ҳол

Истеъдодли театр ва кино актёри Ёқуб Аҳмедов 1938 йили Наманганда туғилган. А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгандан сўнг, 1958 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри актёри, 1992 йилдан эса шу театрнинг директори лавозимида фаолият кўрсатди.

Ё.Аҳмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида 50 дан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. Дастлаб Уйғуннинг «Парвона» асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ўйнаган актёр - бу биринчи ва мустақил роли устида тинимсиз меҳнат қилди, изланди ва ниҳоят Муроджон унинг севимли ролларидан бири бўлиб қолди, у ролдан-ролга ўсиб, кейинчалик қатор ажойиб образлар яратди.

Шу ўринда у яратган асосий образларни эслаш жоиздир: Оқ йигит (Мустай Карим, «Ой тутилган тунда», 1966), Протей (В. Шекспир, «Вероналик икки йигит», 1966), Дулчин (А. Островский, «Сўнгги қурбон», 1967), Беруний (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний», 1973), Креонат (Софокл, «Антигона», 1977), Каренин (Л. Толстой, «Тирик мурда», 1978), Городулин (А. Островский, «Ҳар тўкисда бир айб», 1982), Солиҳбой (Ҳамза, «Бой ила хизматчи», 1982), Бобур (П. Қодиров, «Юлдузли тунлар», 1983), Абай (М. Авезов, «Абай», 1983), Шоҳжаҳон (Уйғун, «Зебуннисо», 1983), Отелло (Шекспир, «Отелло». 1984), Жуков (И.Ригад, «Маршал Жуков», 1985), Юсуфбек ҳожи (И.Султон, «Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари», 1988), Алишер Навоий (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий», 1991). Бу саноқни яна давом эттириш мумкин.

Айниқса, Ё.Аҳмедов талқинидаги Али Қушчи (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Креонат (Софокл, «Антигона»), Шоҳжаҳон (Уйғун, «Зебуннисо») образлари актёр ижодида муҳим воқеа бўлди ва Ҳамза театрида яратилган энг нодир образлар қаторидан ўрин олди.

Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Фурқат, Али Қушчи, Абай каби ўтмишда ўтган буюк зотлар, олиму фозиллар, шоиру шуаролар, Жуковдек саркардалар образларини яратиш Ёқуб Аҳмедовга насиб этган. Бу образларни яратиш, албатта актёрдан катта масъулият, тинимсиз меҳнат, тарихий ўтмиш воқеаларини чуқур ўрганишни талаб этар эди. У бу образларни қиёмига етказиб ижро этди.

Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига танитган илк образ - бу Туроб Тўла сценарийси асосида, режиссёр Й.Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган «Фурқат» фильмидаги Фурқат образи бўлди. Агар Алишер Навоий образини Олим Хўжаев саҳнада, Р.Ҳамроев экранда катта маҳорат билан ижро этиб, кенг жамоатчиликка қандай танилган бўлса, Ё. Аҳмедов ҳам Фурқат образи билан санъат мухлисларига тезда танилди ва эътироф этилди.

Шундан кейин Ё. Аҳмедов кинода 30 га яқин образ яратиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. У яратган Окхой («Ганга қизи»), Қодиров («Зумрад»), Азизбек («Ўтган кунлар»), Амир Олимхон («Қора консулнинг ҳалокати»), Умар («Севги драмаси»), Шайх («Ҳамза»), Султонали («Меҳробдан чаён»), Шайх Аббос («Оловли йўллар») ва бошқа образларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

У «Алибобо ва қирқ қароқчи» фильмида ҳам суратга тушди. Шунингдек, «Ўзбекфильм» киностудиясида дубляж қилинган 400 дан ортиқ фильмга овоз берди.
Ёқуб Аҳмедов «Ўзбектелефильм» ижодкорлари яратган «Алишер Навоий», «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Гирдоб», «Ичкуёв» ва бошқа видеофильмларда ҳам етакчи ролларни ижро этди.

Истеъдодли театр ва кино актёри Ёқуб Аҳмедовнинг сермаҳсул ижоди «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, 1977 йилда Давлат мукофоти билан тақдирланган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1997 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Расмлар галереяси