Абдуллахон II

Таваллуд топган сана: 1534 йил

Вафот этган сана: 1598 йил

Туғилган жой:Самарқанд вилояти

Йўналишлар: Ҳукмдорлар

24449

Таржимаи ҳол

Абдуллахон II (тўлиқ исми: Абдулла ибн Искандархон ибн Жонибек султон ибн Хожа Муҳаммад ибн Абулхайрхон) (1534; Миёнкол, Офаринкент қишлоғи — 1598.8.2, Самарқанд, Бухоро яқинидаги Баҳоуддин мажмуасига дафн этилган) — ўзбек давлатчилиги тизимидаги Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан чиққан энг йирик ҳукмдори (1583—98), давлат арбоби, саркарда, илм-фан, маърифат, маданият ҳомийси. Бобоси Жонибек султон (вафоти 1528/29) Кармана ва Миёнкол ҳокими (1512/13-йилдан бўлган. Отаси Искандар султон ўғли туғилган пайтда Офаринкентни, кейичалик, афтидан ака-укаларидан бири вафот этгач, Карманани бошқарган. Абдуллахон ИИ Шайбонийхон вафотидан кейин парчаланиб кетган мамлакат ҳудудини қайта бирлаштириш, марказий давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ёшлик чоғидан қаттиқ кураш олиб борган. Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) билан Косон ёнида (1548), Мўғулистон хони Абдуррашидхон ва шайбонийлардан Дўстум султонлар қўшинига қарши Фороб ёнида (1554) жанг қилган. Ёш Абдулла султон ўзининг ҳукмдор сифатидаги бутун ғайрат-шижоатини 1551-йил Карманада намойиш этган; вилоятга Тошкентдан Наврўз Аҳмадхон ва Самарқанддан Абдуллатифхон ҳужум қилганлар, Искандар султон Амударё ортига қочган. Абдулла султон отаси вазифасини ўз зиммасига олиб бу ҳужумни муваффақиятли қайтарган. 

Кейинги йилларда (1552—56) ўз мулкини ғарбга — Бухоро томонга ва жанубий-шарқ — Қарши ва Шаҳрисабз томонга кенгайтиришга интилган. Бу саъй-ҳаракат дастлаб муваффақияциз чиққан, ҳатто 1556-йил у ота мерос мулкини ташлаб Майманага қочишга мажбур бўлган. У амакиси, Балх ҳокими Пирмуҳаммаддан ҳарбий ёрдам олиб ва пири Жўйбор хожаларидан Хожа Муҳаммад Ислом кўмагида Наврўз Аҳмадхон, кейинчалик унинг ўғиллари Дарвешхон ва Бобо султонларга қарши узоқ муддат кураш олиб борган. Наврўз Аҳмадхон вафот этгач (1556), дарҳол Кармана ва Шаҳрисабзда ўз ҳукмронлигини тиклайди, 1557-йил майда Бухорони қўлга киритади ва уни ўз пойтахтига айлантиради. 1561-йил отасини давлат бошлиғи — хон деб эълон қилиб, унинг номидан мамлакатни ўзи бошқара бошлайди. Марказий хокимиятга бўйсунишдан бош тортган шайбоний султонлар билан курашиб Балх (1574), Самарқанд (1578), Тошкент, Сайрам, Туркистон (1583) ва Фарғона (1583)ни эгаллайди. 

1582-йил Даштга юриш қилиб Улуғтоғта қадар борган. 1583-йил отаси Искандархон вафот этгач, мамлакатни ўз номидан бошқара бошлайди. Марказий ҳокимиятга қарши кўтарилган Маймана ва Гарчистон (1583), шунингдек Бадахшон (1585)даги ғалаён, тартибсизликларни бостирган. Хоразмга икки марта юриш (1594, 1596) қилиб, у ерда марказий ҳокимият ҳукмронлигини қайта тиклаган. Абдуллахон II мамлакат ҳудуди яхлитлигини тиклаш йўлида қўшни хорижий давлатлар билан ҳам кураш олиб борган. Масалан, Туркия Мовароуннаҳрда ўз таъсирини кучайтириш ниятида Абдуллахон II га қарши курашда Бобо султонга ёрдам берган. Бобо султон турк аскарлари ёрдамида Насаф ёнида Абдуллахон II га қарши жанг қилган. Абдуллахон II сафавийлар билан Хуросон, Ғилон учун курашиб уларни ўз тасарруфига киритган. Шарқий Туркистонга қилинган юришда Қашқар ва Ёркент вилоятларини олган. Бобурийлар ҳам Бадахшон, Шом, Афғонистон ва Хуросон учун Абдуллахон II га қарши курашганлар. Абдуллахон II бунга қарши Синд (1583), Кашмир (1586)ни эгаллаб, давлатнинг жанубий. чегараларини мустаҳкамлаган.

Абдуллахон II фаол ташқи сиёсат олиб борган. Бу даврда шайбонийлар Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа мамлакатлар билан кенг дипломатик, иқтисодий, савдо алоқалари олиб борганлар. Масалан, Абдуллахон II элчилари 1583-йил Москвадан ўқ-дори, ов қушлари, мато олиб келганлар. Бундай элчилик 1589, 1595-йилларда ҳам қайтарилган. Абдуллахон II нинг мамлакат ички сиёсатидаги, давлат бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, айниқса пул ислоҳоти ўтказиш йўлидаги фаолияти натижалари кейинги даврларда ҳам сақланиб қолган. У кўплаб турли иншоотлар қурдирган. Ҳозиргача халқ орасида у ёки бу иншоот қурилиши Амир Темур ёки Абдуллахон II га нисбат берилади.

Расмлар галереяси