Музаффар Муҳамедов

Tavallud topgan sana: 1902 yil

Vafot etgan sana: 1995 yil

Tug'ilgan joy:Тошкент

Yo'nalishlar: Rejissyorlar

5535

Tarjimai hol

Ўзбек миллий театрининг ташкилотчиларидан бири, истеъдодли режиссёр Музаффар Муҳамедов 1902 йилда Тошкентда туғилиб, ижодий фаолиятини 1918 йилда Тошкентдаги Ҳамза раҳбарлигидаги театр группасида актёр сифатида бошлаб, сўнг 1919—1924 йилларда ўзбек намуна драма группасида актёр бўлиб ишлаган.

М. Муҳамедов 1924—1927 йилларда Москва ўзбек драма студиясида таълим олиб қайтган.

1928—1930 йилларда Андижон театрида бош режиссёр, 1930—1939 йилларда Ўзбек Давлат мусиқали театри, 1939—1943 ва 1950 йилдан Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри режиссёри, 1943—1950 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрининг бош режиссёри бўлиб қизғин ижодий фаолият кўрсатиб, ўнлаб драматик, мусиқали драма ва опера асарларини муваффақиятли саҳналаштириб, ўзбек театр санъатининг ривожига саҳналаштирувчи режиссёр сифатида катта ҳисса қўшди. 
У Т. Аминовнинг «Зафар», С. Ҳусайннинг «Ғалаба», Фитратнинг «Арслон», Қ. Гоццининг «Маликаи Турондот» драмалари, Қ. Яшин, Р. Глиэрнинг «Гулсара», К. Яшин,
Т. Жалиловнинг «Лайли ва Мажнун», Ғ. Зафарийнинг «Ҳалима», С. Абдулла, Т. Жалилов, Б. Бровциннинг «Тоҳир ва Зуҳра», 3. Фатхуллин ва Д. Зокировнинг «Ғунчалар», С.Абдулла, Т. Жалилов, Б. Надёждиннинг «Алпомиш» мусиқали драмаларини саҳналаштирган.

Р. Глиэр, Т. Содиқовнинг «Гулсара», «Лайли ва Мажнун», С. Василенко, М. Ашрафийнинг «Улуғ канал», Р. Ҳамроевнинг «Зулматдан зиё», С. Бобоевнинг «Ҳамза» каби опера асарларининғ кўпчилиги ўзбек театр санъатининг олтин хазинасидан ўзига хос ўрин олди.

М. Муҳамедов драматург сифатида ҳам фаолият курсатиб, К. Яшин билан ижодий ҳамкорликда, 1932 йилда “Ичкарида” пьесасини, 1948 йилда “Гулсара”, “Дилором” (1958), С. Абдулла билан “Майсарани иши” (1958) опера-либреттоларини яратган. 

 

Музаффар Муҳамедов 1995 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Музаффар Муҳамедов «Ҳалима», «Тоҳир ва Зуҳра», «Алпомиш» мусиқали драмаларни ва «Лайли ва Мажнун», Гулсара», «Улуғ канал», «Ҳамза» операларини саҳналаштирган моҳир режиссёр, ўзбек театр санъатининг ривожига катта ҳисса қўшган санъат арбоби сифатида маданиятимиз тарихида ўчмас из қолдирди.

Rasmlar galereyasi