Ҳалима Худойбердиеванинг вафот этди
Ўзбекистон халқ шоири, атоқли жамоат арбоби Ҳалима Худойбердиева 17 август куни 71 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарияти, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев номидан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)да таъзиянома эълон қилинди.
«Ёрқин истеъдод эгаси, улкан сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиева ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, долзарб мавзуларга бағишланган публицистик мақолаларида азиз Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат, мўътабар аёл ва она сиймосига эҳтиром туйғуларини беқиёс маҳорат билан тараннум этди. Унинг ёрқин миллий руҳ ва ҳаётий фалсафа билан йўғрилган бетакрор ижоди ўзбек адабиёти хазинасидан, эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади», — дейилади таъзияномада.
Қайд этилганидек, Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб ўнлаб бадиий асарлар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Ўз навбатида, у жаҳон ва қардош халқлар адабиётининг кўзга кўринган намояндалари асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, «миллий адабиётимизни бойитишга салмоқли ҳисса қўшди». Ҳалима Худойбердиева жонкуяр ташкилотчи сифатида жамоат ишларида, Ўзбекистондаги маданий ва маърифий янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этди. Умрининг охирига қадар «Дугоналар» журналига раҳбарлик қилиб, @yoshlarni Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фидойилик намунасини кўрсатди».
«Бугунги кунда Ҳалима Худойбердиеванинг ижод мактабида тарбия олган, ўзбек адабиётида ўзининг мустаҳкам ўрнини топган кўплаб истеъдодли ижодкорлар уни ўзларининг меҳрибон ва талабчан устози деб эътироф этадилар ва қадрлайдилар. Атоқли сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиеванинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У ‘Ўзбекистон халқ шоири’ фахрий унвони, ‘Эл-юрт ҳурмати’ ордени билан мукофотланган эди. Халқимизнинг ардоқли фарзанди, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ҳалима Худойбердиеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади Ўзбекистон раҳбарияти номидан эълон қилинган таъзияномада.