Шавкат Мирзиёев АҚШда ўзбек мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон халқ артисти" унвонини топширди
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал" меҳмонхонасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, вазирлик ва компаниялар раҳбарлари, бизнес ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиб, бутун дунёда кенг тарғиб этаётган Фредерик Старр ва барча америкалик олимларга ташаккур изҳор этди.
Тадбирда яна бир эътиборли воқеа бўлди: кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти фахрий унвони берилгани эълон қилинди. Изро Малаков юксак эътибори ва қадрдон ўзбек халқининг унвони учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Изро Малаков — бухоролик таниқли мақом устаси. Изро Малаков “Шашмақом", ундан кейин “Мақомъ" ансамбли таркибида бутун дунё бўйлаб саноқсиз гастролларни амалга оширган. 1997-йилда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари фестивалида Изро Малаков “Қурбон ўлам" ашуласи билан фестивал лауреатига айланган эди. Мақомчилар ансамблининг Тошкентдаги фаолияти давомида Малаков ўзбек қўшиқ санъатининг олтин фондига киритилган 200 дан ортиқ қўшиқларни ижро этган. Шунингдек, бир нечта пластинкалар ёзишга ҳам муваффақ бўлган. Мақомчининг “Қурбон ўлам", “Самарқанд ушшоғи" ва бошқа бир қатор ашулалари ҳақиқий санъат дурдонасига айланган.