Заҳриддин Муҳаммад Бобур

Таваллуд топган сана: 14 Феврал 1483 йил

Вафот этган сана: 26 dekabr 1530 йил

Туғилган жой:Андижон

Йўналишлар: Шоирлар, Ҳукмдорлар

232790

Таржимаи ҳол

Заҳриддин Муҳаммад Бобур — буюк ўзбек шоири, мутафаккир, тарихшунос ва давлат арбоби; бобурийлар сулоласи ва салтанати асосчиси. Бобурнинг илмий меҳнатлари орасида “Аруз ҳақида рисола” (1523-25) алоҳида ўрин эгаллайди, унда шарқий аруз вазни кўриб ўтилади. 1521 йил исломнинг бешта шариат устуни баён этилган фалсафий-диний “Мубаййин” асарини ёзган.

Заҳриддин Муҳаммад Бобур 1483 йил 14 февраль куни Андижонда таваллуд топган, Фарғона ҳукмдорининг ўғли, Амир Темурнинг эвараси. Бобур 1494 йил Фарғона ҳокими бўлади, 1526 йил Ҳиндистонда марказлашган бобурийлар давлатига (жаҳон тарихига “буюк мўғуллар салтанати” бўлиб кирган) асос солиб, Ҳиндистон инглизлар томонидан босиб олинишига қадар (1848) мавжуд бўлган. Агра шаҳрида 1530 йил 26 декабрь куни вафот этган.

Бобурнинг шеърий мероси кўпқиррали ва бой. Насрий асарлари (1519) “Қобул девони”га, сўнра (1529-30) “Ҳинд девони”га жамланган. У шарқ насрий жанрларида 10 дан зиёд шеърлар ёзган. Шеърларида унинг шахсий ҳаёти, атроф-муҳити ва тарихий ҳодисалар акс этилган. Бобур шеъриятининг асосини ишқий-насрий мазмундаги шеърлар ташкил этади. Шоир санъати ўзига хос адабий услуб ва маҳорат, туркий тилнинг ифодалироқ воситалари орқали тасвирланади.

Унинг шеърларида ўз даврининг тарихий ҳодисалари, шоирнинг шахсий ҳаёти, атроф-муҳит, инсонга бўлган муносабат, дин, давр анъаналари ва ахлоқлари воқеълик ила акс этган.

Бобурнинг шеърлари — шоирнинг таржимаи холи, десак муболаға бўлмайди. У орқали ижодкор шоирона тил орқали теран туйғуларни баён қилади, ҳаётий ҳодисалар тўқнашуви натижасида ҳосил бўлган ташвишларни моҳирона сўзлайди.

Бобур шеъриятининг асосини ишқий-насрий шеърлар ташкил этади. Ижодининг асосий қирраларидан бири, чинакам инсоний, дунёвий, ҳақиқий севгини куйлаганлигидир. Шоир лирикаси Алишер Навоий шеъриятидан илҳомланиш билан тўйинган. Ўзининг ғазал ва рубоийларида у севги, дўстлик, гўзалликка интилиш каби инсоний муаммоларни кўтарган. Дунёвий севгини шоир инсоннинг энг порлоқ унвони сифатида тараннум этади.

Бобур ошиғи билан учрашув учун севгининг исталган қийинчиликларини енгиб ўтишга тайёрлигини таъкидлайди. Катта самимият ила шоир севги учун ўзини борлиғи билан қурбон қилишга ҳам тайёрлигини ифодалайди.

Хати — бинафша, хади — лола, зулфи райҳондур,

Баҳори ҳуснда юзи ажаб гулистондур.

Ики менги ою доғи юзу сўзи гулу мул,

Қади равону тани жону ирни маржондур.

Қошида чину кўзида кину ангабин лабида,

Сўзида заҳр ва лекин тилида дармондур.

Қошингға кўп бора олмон, нетай, аролиқда,

Ёшим тишинг дуридин айру баҳри Уммондур.

Ўтумни тез этасен ҳар тарафға секретиб от,

Саманди ноз инонини бир бери ёндур.

Не навъ васф қилай суратинг латофатини —

Ки, ҳуснунга сенинг, эй руҳ, ақл ҳайрондур.

Жафою жавр агар қилса, Бобуро, нетайин,

Не ихтиёр манга, ҳар не қилса, султондур Чекиб гар оҳ дудини кўнгул ўтини тутратсам.

Кўзум равшанлиғида бўлғай,Бобур,басе камлиқ,

Агар қоши била юзун ҳилолу кунга ўхшатсам.

Бобур учун севги — садоқат, фидокорлик, шукур ва инсонийликдир. Севгини у барча нарсадан: бойлик, жамиятдаги ўрни ва барча дунёвий эзгуликлардан устун қўяди. Шоир ўзининг мукаммал ғазалларида гўзал ошиқ тимсолини яратиб, унга тенгсиз гўзал ташқи кўриниш, бой ички дунё, маънавий мукаммаллик инъом этади. Шу билан бирга, у ноёб бадиий воситаларни ҳам моҳирона қўллайди.

Ўзни , кўнгул, айш билан тутмоқ керак,

Бизни унутқонни унутмоқ керак.

Айшу тараб гулбуниға сув бериб,

Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

Тийра турур зуҳд дамидин кўнгул,

Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.

Ҳар нимаға ғам эма,ғам кўп турур,

Айш била ўзни унутмоқ керак.

Қўйма машаққат аро,Бобур,кўнгул,

Ўзни фароғат била тутмоқ керак.

Самимий севги туйғуларини мадҳ этиб, дунёвий инсон муҳаббатини таъкидлар экан, Бобур муккасидан кетган шайҳларнинг риёкор танқидига учрайди, ғофил дин ақидапарастларига қарши чиқади. Жаҳаннам олови айрилиқ алангаси олдида учқундай туюлади:

Ҳажрингда бу тун кўнгулда қайғу эрди,

Васлингға етишмадим — жиҳат бу эрди:

Оҳим тутуни бирла кўзумнинг ёшидин

Йўл балчиқ эди, кеча қаронғу эрди!

Бобур шеъриятида она ватан мавзуси алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг шеърларида, айниқса тўртликлари ватанига бўлган соғинч ва чексиз муҳаббати таъсирчан ифодаланган.

Ғурбат туғи ёпқон руҳи зардимниму дей?

Ё ҳажр чиқаргон оҳи сардимниму дей?

Ҳолинг недурур? Билурмусен дардимни?

Ҳолингаи сўрайму, йўқса дардимниму дей?!

Бобур шеъриятида, шунингдек, инсоннинг ахлоқи ва диний мукаммаллиги масалалари кўтарилган. Шоир инсонни юқориларга кўтариб, унга улкан ҳурмат ила муносабатда бўлади, инсон қадр-қимматини баланд қўяди. Бу ғояларга зид бўлга барча нарсага қарши чиқади. Бобурнинг фикрича, худбинлик, ҳурматталаблик, қизғанчиғлик, манманлик – ноқобил сифатлардир. Шоир одамларга самимий маслаҳатлар беради. Ўзининг рубоийларида инсон қандай қилиб ўзини маънан тарбиялаши кераклиги ҳақида гапиради.

Мазкур мавзуга юзланар экан, инсоннинг ҳаётдаги энг асосий вазифасини шоир яхшилик, бағрикенглик ва ҳақиқатда кўради. Дўстлик – инсоннинг энг асосий жиҳати ва душман билан курашда улкан куч деб ҳисоблайди.

Бобур асарларидаги адабий тил ҳақида сўз борар экан, ундаги соддалик, ҳаммабоплик, равон ва қисқалигини айтиш лозим. Шоир баландпарвоз гапларни ва мукаммал ибораларни ёқтирмаган. Бобурнинг содда тили ўқувчига асарларини, бой ифодалари ва кечинмаларини аниқ ўзлаштиришда ёрдам беради.

Бобур маъносиз гап-сўзлардан қўчишга, ўз фикрларини қисқа, равон ва оддий баён этишга, инсон ўзи тушунмайдиган сўзлардан фойдаланмасликка чақиради. Хусусан, у шундай таъкидлайди: “Равшан ва тоза гаплар ёрдамида, соддароқ ёз: ва сенга ҳам, сени хатингни ўқиганга ҳам осон бўлади”.

 

Шубҳасиз, “Бобурнома”нинг ушбу сатрларидан маълумки, Бобурнинг шеърий маҳорати насрий асарларига чуқур ва сезиларли таъсир кўрсатиб, улкан бадиий гўзаллик ва кенг шуҳрат бахш этди.

Бобурнинг шеърий маҳорати бадиий-адабий услуб ва она тилининг энг таъсирчан воситаларидан маҳорат ила фойдаланиш ҳамда халқ ижодиёти манбаларининг ижодий тикланишида ифодаланади.

Илмий асарлари орасида “Аруз ҳақида рисола”си Шарқ филологияси ривожида алоҳида ўрин эгаллаган. Асар шеъриятнинг шеърий асосларини эҳтиёткорона ва эришган ютуқларининг танқидий ўзлаштириш натижасидадир. Бобур просодилар (нутқдаги урғули ва урғусиз, узун ва қисқа бўғинлар тизими) назариясини ўзининг қайд этган янги топилмалари, ҳолат ва умумлашмалари билан бойитди, унинг тасниф ва турларини ривожлантирди.

У ўз қарашларини араб, форс-тожик ва турк шеърияти манбалари орқали асослайди. Бу орқали олим шеъриятдаги ўзаро алоқа ва ҳамфикрликни кўрсатиш билан бирга, туркий тилда шеър ёзувчи халқнинг чексиз кенг шеърий доирасини намоён этади. Алишер Навоий анъаналарини давом этар экан, у халқ шеъриятига катта эътибор қаратган. Унинг асарлари халқ қўшиқ санъати жанри ҳақидаги қимматли маълумотларни ва қизиқарли этнографик материалларни ташкил этади.

Машҳур “Бобурнома” – буюк темурийлар тарихи (1494-1529 йиллар воқеалари), буюк ҳокимият яратилишидан сўзлайди. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида “Бобурнома”нинг 10 дан зиёд қўлёзма нусxалари сақланади. Уларнинг барчасини таққослаш асосида, бобуршунос Порсо Шамсиев мазкур нодир асарга танқидий матнни (1960) нашрга тайёрлади. Кейинроқ, япон олими И.Мано ҳам “Бобурнома”га танқидий матнни нашр учун тайёрлади, шунингдек, Н. Ильминский (1847), Бевериж (1905), Фитрат (лавҳа, 1928) ва П. Шамсиевлар (1960) томонидан ҳам чоп этилган.

 

Уни форс (1586), голланд (1705), инглиз (1826), французс (1871), турк (1940) ва рус (1942) тилларига таржима қилишган. “Бобурнома” мавзуси асосида Ф.А. Стиль (Париж,1940), Ф. Гренард (Париж,1930), Г. Лемб (Нью-Йорк,1961), В. Гаскон (Нью-Йорк,1980), Мунилаъл (6 роман) ва бошқа хориж муаллифларининг романлари ҳам мавжуд. У тўғрисида ўзбек ёзучилари (Ойбек, Б. Бойқулов, Х. Даврон) томонидан достонлар, роман (П.Қодиров) ва қисса (Х.Султонов) ҳам ёзилган.

1521 йил “Мубаййин” номли фалсафий-диний асар ёзилган бўлиб, унда ислом шариатининг 5 устуни баён этилган, шунингдек, ўша йил у “Мубаййину-л-закот” солиқ чиқими китобини ҳам ёзган. Унинг “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” каби илмий асарлари ҳануз топилмаган.

Бобур араб графикаси асосида “Хатти Бобурий”ни тузган, у туркий фонетикага доир. Ушбу хат асосида Қуръон ҳамда Бобурнинг шахсий асарлари қайта ёзилган.

У, шунингдек, бадиий таржималар билан ҳам шуғулланган. У Баҳовуддин Нақшбандийнинг давомчиси, йирик сўфи Хожи Аҳрор Валининг “Волидия” (Ота-оналар рисоласи) диний-фалсафий асарини шеърий кўринишда таржима қилган.

Бобур ижодини ўрганиш бўйича Халқаро илмий экспедиция аъзолари бир неча бор шоир “изи” бўйлаб илмий саёҳатлар ташкил этишган, улар томонидан 500 дан зиёд китоб ва ҳужжатлар топилган бўлиб, “Бобур ва унинг замонавий дунёдаги ўрни” мемориал музейида сақланади. Андижонда Бобур парки бўлиб, у ерда шоирнинг рамзий қабри ҳамда “Арк ичи” мемориал мажмуаси жойлашган.

Бобур жамоат ва тарихни юзаки кузатувчиси бўлмаган, у воқеа ва ҳодисаларни, ўзини ҳавотирга солган ўй ва ҳис-туйғуларни таҳлил қилишга интилган. Бу фикрлар ва ҳиссиётлар яхшилик ва адолат, ҳақиқат ва гўзаллик тамойилларига хизмат қилиш учун йўналтирилган эди.

Видео галерея

Расмлар галереяси