Маъмуржон Узоқов

Таваллуд топган сана: 1904 йил

Вафот этган сана: 1963 йил

Туғилган жой:Марғилон

Йўналишлар: Қўшиқчилар

32204

Таржимаи ҳол

Маъмуржон Узоқов хушовоз хонанда, халқ ҳофизидир.У жуда эрта қўшиқ айтишга меҳр қўйган ва аввал Маматбобо ва Болтабой ҳофизлардан ашула айтишни, Ҳасан қоридан дутор чалиш ва ялла айтишни, мураккаб ижро услубларини, катта ашулалар айтишнинг ўзига хос қийинчиликлари ва нозик сирларини ўрганиб, кўп йиллар самарали ижод этиб, катта ҳофизлар билан ҳамнафас бўлиб қўшиқлар айтди.

Хушовоз хонанда, халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов 1904 йилда Марғилонда туғилган. 


1922—1925 йилларда Худойберган ҳофиз, 1926— 1932 йилларда Ҳасан қори, 1933—1962 йилларда Жўрахон Султоновлар билан кўплаб мумтоз, халқ ва замонавий ашулаларни айтди.

М. Узоқов дастлаб «чойхоналар»да берилган концертларда қатнашиб, 30-йилларда Марғилон театрида хонанда сифатида фаолият кўрсатди ва қўшиқчиликда ўз ўрнини топа бошлагач, Тошкентга келиб, 1940—1950 йилларда Муқимий номидаги театрда артист ва хонанда бўлиб ишлади, баъзи спектаклларда эса роллар ижро этди.

С. Абдулла ва Т. Жалиловнинг «Тоҳир ва Зуҳра» спектаклидаги Тоҳир роли шулар сирасига киради. Лекин М. Узоқов халқ ҳофизи сифатида тан олинган, табиатан саҳна учун эмас, ашула учун туғилган санъаткор эди.
 

У 1952—1962 йилларда Ўзбекистон Радиосида хонанда, Ўзбек Давлат эстрадасида солист сифатида фаолият кўрсатиб, Республикамиз ва унинг ташқарисида бўлган катта маданий тадбирларда иштирок этди.

Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Ҳабибий, С. Абдулла шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар унинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олди. Айниқса, у айтган «Кўзларинг», «Сайдинг қўябер сайёд», «Келдим», «Шайдо бўлибман», «Мустаҳзод», «Шўх жононим менинг», «Насиҳат», «Парво этиб кет», «Айрилмасин», «Кўзим шаҳлога тушди», «Қачон бўлғайким», «Томон келадур», «Доғман» каби халқ қўшиқларини, катта ашулаларни, яллаларни қўшиқ мухлислари мароқ билан тинглаб, эстетик завқ олдилар.

Шунингдек, М. Мирзаев куй басталаган «Якка бу Фарғонада», «Суратинг» (Муқимий), «Нур истаб», «Қачон бўлғайким» (Фурқат), «Бир келиб кетсун» (Ҳамза) каби нодир қўшиқлар ҳам унинг ижодида муҳим ўрин тутади.
 

М. Узоқовнинг ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. 

1939 йилда унга «Ўзбекистон халқ ҳофизи» унвони берилди. У 1963 йилда Марғилонда қўшиқ айта туриб жон берди.

Кўп ҳофиз ва хонандалар халқ қўшиқларини, яллаларни, айниқса, катта ашула айтишдаги унинг анъаналарини давом эттирмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 9 йиллиги муносабати билан ўзбек миллий маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун М. Узоқов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Расмлар галереяси