Тўхтаев Азамат Рамзетдинович

Таваллуд топган сана: 1946 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Меъморлар

7304

Таржимаи ҳол

А.Тўхтаев Тошкент ва Республикамизнинг бошқа йирик шаҳарларида қурилган улкан иншоотларнинг муаллифидир. Мустақиллик йилларида пойтахтимиздаги «Аквапарк» ва «Бизнес-марказ», «ИнтерКонтиненталь» меҳмонхонаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий банкининг муҳташам биноларини, Тошкент шаҳрида бунёд этилган ҳукумат ва бошқа иншоотларнинг лойиҳаларини тузди.

Азамат Тўхтаев 1946 йилда Тошкентда, театр актёрлари оиласида таваллуд топган. 1964 йилда Тошкент Политехника институтининг архитектура факультетининг кечки бўлимида ўқиб туриб, Ўзбекистон қурилиш жараёнини ташкил этиш институти («Узоргтехстрой»)да, машҳур меъмор Е. А. Жмуида устахонасида ишлади.

1970 йилда ўқишни тамомлаб, шу институтда фаолиятини давом эттирди ва оддий техник меъморликдан лойиҳаларнинг бош меъмори вазифасигача бўлган жараённи босиб ўтди. 1980 йилдан Ўзбекистон маданий ёдгорликларини таъмирлаш илмий-текшириш ва лойиҳа институтида лойиҳалар меъмори, 1983 йилдан Ўзбек тажриба бадиий-меъморчилик устахонасининг бош меъмори вазифаларида ишлади.

1987 йилда А. Тўхтаев Ўзбекистон Маданият ишлари вазирлигининг буйруғи билан Ўзбекистон тажриба илмий-таъмирлаш бадиий меъморчилик ташкилотига (УзЭНРАХМ) директор этиб тайинланди. 

1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ташкил этилган «Ўзбекистон чет эл қурилиш» фирмасига Бош директор вазифасига ишга ўтиб, 1995—1998 йилларда шу фирмада шартнома асосида меъморчилик ва дизайн масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатди. 

1998 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Меъморлар уюшмасига раҳбарлик қилмоқда.

А. Тўхтаев Тошкент ва Республикамизнинг бошқа йирик шаҳарларида қурилган улкан иншоотларнинг муаллифидир. Айниқса, унинг ижоди мустақиллик йилларида барқ уриб ривожланди. Бу даврда пойтахтимиздаги «Аквапарк» ва «Бизнес-марказ», «ИнтерКонтиненталь» меҳмонхонаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий банкининг муҳташам биноларини, Тошкент шаҳрида бунёд этилган ҳукумат ва бошқа иншоотларнинг лойиҳаларини тузди ва уларнинг қурилишига бош-қош бўлди.

 1991 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган меъмор» фахрий унвонига эришди. 

1996 йилда у Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиклигига, Шарқ мамлакатлари Халқаро архитектура Академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди.

Ўзбекистон Давлат қурилиш ва меъморчилик қўмитаси раиси этиб тайинланган.

Расмлар галереяси