Соатов Талъат Соатович

Туғилган жой:Ўзбекистон

Йўналишлар: Биологлар, Кимёгарлар

6247

Таржимаи ҳол

Академик Талъат Соатов бутун ҳаётини илм-фанга бахшида этиб келаётган заҳматкаш олимларимиздан биридир. Қарийб ярим асрдан буён у фанимиз, хусусан мамлакатимизда нисбатан ҳали ёш бўлган биокимё, шунингдек, биология ва тиббиёт соҳаси тараққиётига ўзининг фундаментал тадқиқотлари билан ҳисса қўшиб келмоқда.

Талъат Соатов ўтган асрнинг 60-йилларида илмий фаолиятини қалқонсимон без оқсилларини ўрганишдан бошлади. 1966 йилда шу мавзуда номзодлик, 1974 йилда эса докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. 40 ёшидаёқ профессорлик унвонига сазовор бўлди. 

1985 йили сиклик нуклеотидларга бағишланган туркум ишлари учун Беруний номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, олим узоқ йиллардан буён ЎзРФА Биокимё институтига раҳбарлик қилиб келмоқда. 

Талъат Соатовнинг босиб ўтган машаққатли, бироқ сермазмун ҳаёт йўлининг моҳиятини теранроқ англашимиз учун биокимё фани ва унинг мамлакатимиздаги ривожи ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. 

Биокимё - биология ва кимё оралиғидаги фан бўлиб тирик организмларнинг кимёвий жараёнларини ўрганади. 

Бугунги кунда назарий ва методик жиҳатдан юксак даражага кўтарилган замонавий биокимёнинг асосий вазифаси биологик жараёнларни организмдан ташқарида яратиш, ирсий, иммунотанглик, вирус ва рак касалликларини даволаш, биотехнология ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифатини яхшилаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг назарий асосларини яратиш билан боғлиқ. 

Ушбу соҳага оид дастлабки тадқиқотлар юртимизда 1920 йиллар охирларида айрим қон касалликларида қон таркибида содир бўладиган биокимёвий ўзгаришларни ўрганишдан бошланди. 

Бироқ, мазкур фаннинг том маънодаги тараққиёти ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб гармонлар биокимёси, ҳужайра метаболизми, организмда липид алмашинуви, биотоксинлар таркиби ва таъсирини ўрганиш борасида қилинган ишларда намоён бўлди. 

Талъат Соатов қалқонсимон без таркибидан 2 та ёд сақловчи оқсил - тиреглобулин ва тиреоалбуминларни тоза ҳолда ажратиб олиб, ёдпротеинларнинг физик-кимёвий хусусиятлари, таркиби ҳамда тиреоид гармонларнинг синтезидаги алоҳида аҳамиятини тадқиқ қилди. Ушбу илмий изланишларининг натижасида фанда илк бор хавфли бўқоқ касаллиги пайдо бўлишининг генетик носозликлар билан боғлиқлиги ҳақидаги гипотезани илгари сурди. 

Ҳозир Биокимё институти республикада ҳайвонлар биокимёсини ўрганиш соҳасида ҳам ягона илмий марказ ҳисобланади. Бу ерда гармонлар, микроб, оқсил, ҳужайра ва молекуляр биология, биологик мембраналар таркиби ҳамда радиатсион биокимё соҳасида илмий текширишлар олиб борилади. Бу борада ҳам домла ўзининг юксак интеллектуал салоҳиятга эга эканлигини кўрсатди. 

Хусусан, у мембрана липидларининг гармонлар таъсир механизмидаги муҳим ўрнини ўрганувчи янги илмий йўналишга асос солди. Бундан ташқари, ўзи бошқараётган илмий мактаб билан липидларнинг структураси, функсияси ҳамда уларнинг ҳужайра метаболизмини бошқаришдаги ролини ўрганди. Талъат Соатов ва унинг шогирдлари биринчилардан бўлиб плазматик мембраналарда тироксиннинг ретсепторлари мавжудлигини ва ушбу ретсепторлар фаолиятининг аденилатсиклаза тизими билан бевосита боғлиқлигини исбот қилди. 

Академик Талъат Соатовнинг йирик илмий кашфиётларидан яна бири - органотропик липосомаларни яратиш ва уларни нишон органларга бевосита йўналтириш услубидир. Бу эса биотехнология, мембрана ва ген муҳандислигини ривожлантиришда, дори-дармонларни организмнинг айнан белгиланган органида тўплашда самарали воситага айланди. 

Академик Талъат Соатов инсулиннинг таъсир механизмини ўрганиш ва қандли диабет пайдо бўлишининг молекуляр асосларини тушунтириш ишига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Чунончи, ушбу фундаментал тадқиқотлар натижасида организмнинг инсулинга сезгирлигини аниқлаб берувчи тезкор усул ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинди. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда бутун дунё биохимик олимларининг диққат маркази Ерда ҳаётнинг келиб чиқиши, ҳайвон ва ўсимлик турларининг пайдо бўлиши, ирсий вирус, саратон-рак касалликларининг олдини олиш ҳамда даволаш каби оламшумул муаммоларни ҳал этиш борасида чуқур тадқиқотлар олиб боришга қаратилган. 

Айниқса, рак хужайралари ўлими индукторларини излаш ва уларнинг таъсир механизмларини ўрганиш, юқорида таъкидлаганимиздек, биология ҳамда тиббиёт фанларининг энг долзарб масалаларидан биридир. Айнан мана шу муаммони ҳал қилишни Талъат Соатов ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Хусусан, сўнгги йилларда домла юртимиз учун бутунлай янги бўлган илмий йўналиш - ҳужайраларнинг генетик программалаштирилган ўлими (апоптоз) жараёнини ўрганиш устида самарали тадқиқотлар олиб бормоқда. 

Ҳозир Талъат Соатов кўплаб нуфузли халқаро анжуманларда мунтазам иштирок этиб келмоқда. Аҳамиятли томони, уларда домла нафақат ўзбек, балки рус ва инглиз тилларида ҳам мукаммал илмий маърузалар қилиб, жаҳон олимларини мамлакатимиз биокимё фани ютуқлари билан таништирмоқда. 

7 монография, 25 ихтиро ва 460 дан ортиқ илмий асарлар яратган. Бундан ташқари, заҳматкаш олим кадрлар тайёрлаш ишларига хам алоҳида эътибор қаратмоқда. У 8 нафар фан доктори ва 30 нафар фан номзодларига илмий раҳбарлик қилди. Илм-фанни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизматлари учун Талъат Соатовга "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби", академик илмий даражаси берилди.

Талат Соатов ўзининг муҳим илмий тадқиқотлари учун "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби" фахрий унвонига сазовор бўлган ва Фанлар академиясининг фахрий

Расмлар галереяси