Моисей Ильич Слоним

Таваллуд топган сана: 1875 йил

Вафот этган сана: 1945 йил

Туғилган жой:Россия империяси

Йўналишлар: Шифокорлар

4482

Таржимаи ҳол

Моисей Ильич Слоним – Тошкент давлат университетининг асосчиларидан бири, таниқли шифокор ҳисобланади. Бир қанча беморларнинг баҳо беришича, М.И.Слоним кўзга кўринган шифокордир. У беморларнинг саломатлигини ўйлаб тиббиётнинг янги қирраларини очади. Моисей Ильич Слоним 1893 йилда Тошкент гимназиясини олтин медаль билан тамомлайди.

Шу йили Слоним Қозон университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради, 1898 йил уни муваффақиятли битириб чиқади. Кейин она Ватани Тошкентга қайтиб, чекка ҳудуд шифокоридан иш фаолиятини бошлайди. А.П.Чехов ёки М.А.Булгаков сингари таниқли шахсларнинг ҳаёт ва ижодидан биламизки, қишлоқ врачи амалиёти тиббиёт соҳасини турли жабҳаларини ўз ичига олади.

Тошкент қишлоқ врачи фаолияти давомида у Бардангул, Китобтепа, Жалолтепа қишлоқларида безгак билан оғриган беморларни муваффақиятли даволаган. 1890-1904 йилларга келиб, Тошкент шаҳар касалхоналарида ординатор бўлиб ишлади. Бу ерда у қишлоқ врачи тажрибаси билан тиббиёт бўйича малакасини кенгайтириш ва такомиллаштиришда ёрдам берди.

Мунтазам равишда терапевт, неврапатолог, инфекционист, педиатр, окулист, стоматолог, жарроҳлик вазифаларини бажариши мисли кўрилмаган даражада билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади. У Петербургнинг ординатурасида белгиланган муддатдан ортиқ вақт қолиб, ҳарбий тиббиёт академиясида профессор Н.А.Вельяминов қўл остида малакасини оширди. Бир вақтнинг ўзида М.И.Слоним тиббиёт тадқиқот институтида Е.С.Лондон раҳбарлигида доктор иши устида ишлади.

Слоним томонидан ёзилган: “Нормал ва патологик энг нозик нерв ҳужайраларини ўрганиш ҳақида”ги докторлик диссертацияси 13 май 1906 йил ҳимоя қилинди. Академия раҳбарияти Слонимни янада малакасини ошириш учун Берлиннинг энг яхши клиникасига йўлланма берди ва бир йил давомида малакасини оширди. 1907 йилнинг ёз ойида Слоним она Ватани Тошкентга қайтади. Унинг билим-кўникмалари шу даражада ошдики, шаҳар клиник ординатураси сифатида жамоатчилик ўртасида энг яхши шифокор деб тан олинди. М.И.Слоним ўз устида тинимсиз ишлади ва тиббиёт соҳасига янгилик қилишга ҳаракат қилди. У акаси Соломон Ильичга физиотерапия асбоб-ускуналари, рентген аппаратурасини жорий этиш ва ўрганишда тиббиётни сўнгги ютуқларини барчага намоён этиш учун бор кучини сарфлади.

1917 йил июль ойида Слоним ординатор этиб тайинланди, сўнг округ ҳарбий госпиталига маслаҳатчи сифатида ишлайди. 1919 йилнинг май ойидан шаҳар соғлиқни сақлаш буйруғига кўра, терапевт консультанти лавозимига, кейинчалик бу клиника Ўрта Осиё давлат университети тиббиёт факультетини яратилиш базасига айланади. Ўрта Осиё давлат университети ташкил этилгандан кейин М.И.Слоним ва бошқа тиббиёт олимлари тиббиёт факультетини яратишга асос солишади.

1920 йилнинг декабрь ойида Слоним терапевт пропедевтика клиника кафедрасининг мудири ва доценти этиб тайинланади. Бир йил ўтгач, унга профессор лавозими берилади. Ушбу даргоҳда Слоним, атоқли олимлар қаторига қўшилган профессор З.И.Умидовлар тиббиёт факультетини моддий таъминотини яхшилашда, ўқув режалари ва дастурларни тизимлаштиришга эришишган.

1922 йил терапевт клиника кафедраси қошидаги кафедрага ўтказилади, 1932 йилдан то умрининг охиригача фаолият юритади. 1921-1925 йилларда тиббиёт факультетини декан ўринбосари, 1924-1926 йилларда декан, 1929-1930 Тошкент тиббиёт институтининг ўқув ишлари бўйича директори лавозимларида ишлади. 1932 йил Ўрта Осиё шифокорларнинг малака ошириш институти директори (ўриндошлик асосида) этиб тайинланди.

1938 йилдан 1941 йилгача илмий раҳбар этиб тайинланди, лекин унинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли у ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилди.

 Кўпгина беморларнинг фикрига кўра, М.И.Слоним энг кўзга кўринган шифокор бўлган. Унинг узоқ даврлар кўпгина таниқли шифокорлар билан қадрдонлиги — В.Ф.Войно-Ясенецкий унинг тиббиёт соҳасидаги ноёб истеъдоди ва руҳий ишонтириш қобилияти борлигини таъкидлайди.  

1945 йилда вафот этган. ТошМИ ҳудудида дафн этилган.

Расмлар галереяси