Шредер Рихард Рихардович

Таваллуд топган сана: 15 oktabr 1867 йил

Вафот этган сана: 27 aprel 1944 йил

Туғилган жой:Россия империяси

Йўналишлар: Агрономлар

6615

Таржимаи ҳол

Рихард Рихардович Шредер – кўзга кўринган агроном, олим, Марказий Ўрта Осиё ҳудудида Илмий тадқиқот институтининг биринчи асосчиларидан, боғдорчилик, узумчилик ва вино иши бўйича 42 йил мобайнида фаолият юритди. Шредер экиладиган маҳаллий бўғдойларнинг 1000 дан ортиқ навини текширган, Ўрта Осиёда ўстирилаётган бўғдойлардан ҳосилдорларини ажратиб олган.

Рихард Рихардович 1867 йил 15 октябрда Москвада туғилган, Унинг отаси Рихард Иванович Шредер, Петровскийдаги ер ва ўрмон хўжалиги академияси профессори бўлган.

1887 йил гимназияни битириб, Рихард Рихардович Москва университетининг физика-математика факультетига ўқишга киради ва 1891 йил биринчи даражали диплом билан битиради. 1894 йил Петровский қишлоқ хўжалиги академиясини муваффақиятли тамомлагач, зироатчилик департаметига ишга қабул қилинади.

1895 йилдан 1900 йилгача хусусий зироатчилик кафедрасида ассистент сифатида Шредер проф. Д.И.Прянишник раҳбарлиги остида бир қанча ишларни амалга оширди ва қишлоқ хўжалиги Энциклопедияси ҳақида ва бошқа бир қатор мақолаларни нашр этди. Улар қаторида: «Кузги ғаллаларни фосфор билан ўғитлаш хусусияти», «Бошоқларда остлар муаммоси аҳамияти», «Олий навли ўсимликларни оқсиллар билан синтезлаш муаммоси » ва бошқалар.

1900 йил баҳорида Москва университетида магистрлик имтиҳонини топширди, приват-доцент унвонини олиб, Германия ва Швейцария хизмат сафарига жўнатилди.

Чет эл сафаридан қайтган олим ва тадқиқотчи Рихард Рихардович қишлоқ хўжалиги ёрдадами зарур бўлган жойларга боришни ўзига маъқул кўрди.

1902 йил якунида 1898 йил ташкил этилган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уни Туркистон қишлоқ хўжалигида илмий ишлар раҳбари ва мудири этиб тайинланди. Тошкентдан 16 километрда узоқда жойлашган Чимкентнинг Аччи қишлоғида эди.

Россия тўқимачилик саноати томонидан пахта бўйича станция ташкил этилди.Биринчи ўринда асосий эътиборни маҳаллий пахта навларига қаратилди. Туркистонга келган Р.Шредер асосан европача (инглиз, француз, немис ва итальян тилларни) яхши ўзлаштирганди. У биринчи навбатда маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни, ўрта асрда ерга ишлов бериш сири ва турли хил етиштириш селекциясини ўрганди.

Р.Шредер ўзининг йирик тадқиқот ишлари билан АҚШда ҳам танилишга улгурди. 1911 йил АҚШда қишлоқ хўжалиги бўйича Халқаро конгрессда ўтказилади, унда олим иштирокчи сифатида таклиф этилади. У ердан Шредер бой таассуротлари билан қайтади. 1912 йилда маҳаллий матбуотда хабар беришича, Туркистон қишлоқ хўжалиги жамоати президенти Р.Шредер мажлислар залида мевашунослик хусусида “Калифорния мевашунослиги” мавзусида катта доклад ўқиди.

  • 1935 йил Марказий ижро қўмитаси аъзоси;
  • 1935 йил Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги фанлари Академиясининг ҳақиқий аъзоси;
  • 1943 йил Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳақиқий аъзоси;
  • 1936 йил Р.Р.Шредер қишлоқ ҳўжалиги фанлари бўйича докторлик илмий даражаси унвонига эга бўлди.

1902 йилдан умрининг охиригача Туркистон қишлоқ хўжалиги тажриба станцияси (ҳозирги академик Р.Р.Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик институти) раҳбари бўлган. Туркистон қишлоқ хўжалиги жамияти президенти (1904-1918 йилларда). Туркистон халқ университетини ташкил этишда фаол қатнашган (1918), Ўрта Осиё университети қишлоқ хўжалиги факультетининг биринчи декани ва профессор Шредер раҳбарлигида ғўза, дон, мева, резавор-мева, сабзавот экинлари, пиллачилик ва бошқалар соҳаларда кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилди, айниқса, боғдорчиликка катта аҳамият берилди.

Р.Р.Шредер 1944 йил 27 апрел 77 ёшни қаршилаб бу дунёни тарк этади ва Тошкентдаги Боткин қабристонига қўйилади. 

Кузги буғдойнинг «Қора калтак» ёки №584 навини, ғўзанинг ўз даврида машҳур, тезпишар №1306 ёки «Шредер» навини яратган. Мевали ўсимликлар коллекциясини ташкил этиб, олма, нок ва бошқаларнинг 200 дан ортиқ навини ўрганган. Унинг ишини кейинчалик ўғли А.Г.Шредер (Аргус, Тошкент боровинкаси, Тошкент кальвили, Пскент олмаси ва бошқа навлари яратган), набираси Е.А.Шредер (Чўлпон, Гўзал, Олтин олма ва бошқа навлар муаллифи) давом эттирди.

Институтда чиқарилган серҳосил узум «Шредер эртагиси», қулупнай «Шредер хотираси»), олма («Шредер ренети») навлари унинг номи билан аталган.

Богдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш институтининг 100 йиллиги муносабати билан институт марказий биноси олдида бронза ҳайкали ўрнатилган (2001). «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2004).

2013 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги энг қадимги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик бўйича Ўзбекистон илмий-тадқиқот институти академик Р.Р. Шрёдер академик Маҳмуд Мирзаевнинг номи билан аталган.

Видео галерея

Расмлар галереяси