Парда Турсун

Таваллуд топган сана: 1909 йил

Вафот этган сана: 1957 йил

Туғилган жой:Наманган

Йўналишлар: Ёзувчилар

6934

Таржимаи ҳол

XX асрнинг 50-йилларида кўзга кўринган ёзувчилардан бири Парда Турсундир. Парда Турсун ижодида «Домла» (1937) ҳикояси муҳим ўрин тутади. Парда Турсун М.Е.Салтиков-Шедрин, А.К.Толстой, Эмил Золя, Ги де Мопассан асарларини ўзбек тилига ағдарган.

У 1909 йили Наманган вилояти Поп туманидаги Чоркесар маҳалласида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онадан эрта етим қолган Парда Турсун сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиради. Аёвсиз йиллар шамоли уни 1918 йилда Чоркесар қишлоғидан Тошкентга етаклайди. Кишилар эшигида хизматкор бўлиб кун кечиради. Ундаги илмга ташналик 1923-1927 йилларда тажриба кўрсаткич мактабига, 1927-1928 йилларда эса педагогика билим юртига олиб келади. Сўнгра 30-йиллар бошига қадар у Тошкент вилоятининг Пскент туманидаги мактабларда ўқитувчилик қилади.

Парда Турсуннинг адабиётга қизиқиши худди шу даврдан бошланган. 1929-1934 йилларда «Қизил Ўзбекистон» газетаси саҳифаларида илк хабар ва очерклари чоп қилинган. 1930-йилда унинг «Зўрлик» номли биринчи ҳикояси эълон қилинган.

1941-1945 йилларда адиб иккинчи жаҳон урушида қатнашади. Урушдан кейинги йилларда олий ўқув юртларида талаба, ўқитувчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатади. Парда Турсун ижодида «Домла» (1937) ҳикояси муҳим ўрин тутади. 1947 йили унинг шу ҳикоя асосида ёзган биринчи йирик асари - «Ҳақ йўл» номли қиссаси чоп этилади. Ундаги бош қаҳрамон - Холмурод Дўстматовнинг ҳаёт йўли тимсолида адиб ўзбек зиёлисининг босиб ўтган машаққатли йўлини гавдалантиради. У кейинроқ «Ўқитувчининг йўли» номи билан чоп этилган. 1950 йилларда мазкур қисса қайта ишланиб, «Ўқитувчи» номи билан роман сифатида нашр қилинган.

1934-1935 йилларга келиб адибнинг «Остонада», «Қўлдош ва Маруся», «Бир хотиннинг тарихи» каби ҳикоялари яратилади.

Парда Турсун 30-йилларда замондошлари ҳаётидан олинган бир қатор ҳикоялар, ўнлаб очерклар яратди. Унинг «Дадажон раис» (1932), «Янги раислар» (1933), «Мажлисда» (1934), «Қувноқ ҳаёт» (1935), «Яйловда» (1935), «Тракторчи» (1935) каби очерклари шулар жумласидандир. Адиб ҳикояларида бўлганидек, очеркларида ҳам ўзбек зиёлисининг босиб ўтган йўли, кураши ҳақида ҳикоя қилади.

У 1957 йилда вафот этган.

Расмлар галереяси