Омон Матжон

Таваллуд топган сана: 14 Феврал 1943 йил

Туғилган жой:Хоразм

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

24262

Таржимаи ҳол

Омон Матжон 60-йиллардан бошлаб матбуотда ўз шеърлари билан кўрина бошлайди. У адабиёт олдидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. Омон Матжон Ўзбекистон халқ шоиридир (1993). Ҳозирги кунда шоир фаол ижод қилмоқда.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. 1969-2002 йиллар мобайнида Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон» нашриётида директор бўлиб ишлайди. Ҳозирги кунда «Гулхан» журналининг бош муҳаррири бўлиб ишламоқда.

Шоирнинг энг яхши шеърлари «Очиқ деразалар» (1970), «Карвон қўнғироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977), «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи», «Сени яхши кўраман» (1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламларидан ўрин олди.

Бу тўпламлардаги «Аму», «Ойбек», «Шуълалардан ҳайратланиш», «Она деган сўз», «Турналар», «Мезон», «Чорлов», «Ўн учинчи эшик», «Умримиз ҳақида» каби шеърлари ҳозирги ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридан бўлиб, уларда инсон қалбининг турфа жилолари ранг-баранг ташбеҳларда, жозибали образларда ифодаланган.

Омон Матжон ижодида унинг «Чўлдагилар» достон хроникаси, айниқса, «Гаплашадиган вақтлар» номли шеърий қиссаси алоҳида ўринни эгаллайди. Улар ўзининг янгича шакли, оҳанги билан китобхон эътиборини тортади.
2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти Авестонинг 2700 йиллигига бағишланган «Ардахива» асарини чоп этди.

2002 йилда ислом дунёсининг буюк намояндаси Хўжа Аҳрор Валий ҳаёти, тақдиридан ҳикоя қилувчи «Халоскор руҳ» асари «Шарқ юлдузи» (2002, 3-сон) журналида чоп этилди.

Омон Матжон таржимон сифатида қардош ва чет эл адабиётларидан кўплаб асарларни она тилига маҳорат билан ағдарган. Хусусан, унинг А.Шиллер, Ш.Бодлер каби жаҳон классиклари ижодидан қилган таржималари эътиборга лойиқ.

Расмлар галереяси