Олимжон Холдор

Таваллуд топган сана: 18 sentyabr 1932 йил

Туғилган жой:Андижон

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

5143

Таржимаи ҳол

Шоир, драматург Олимжон Холдорнинг ўн бешга яқин китоби, публицистик мақолалари нашр этилган. У қўшиқчи шоир сифатида ҳам маълум бўлиб, унинг элликдан ортиқ ғазалларига куйлар басталанган. 1992 йилда Олимжон Холдорга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони тақдим этилган.

Шоир Олимжон Холдор 1932 йил 18 сентябрда Андижон вилояти, Булоқбоши туманининг Кулла қишлоғида туғилган.
Аввал тўлиқсиз ўрта мактабда, сўнг Андижондаги педагогика билим юртида ўқийди.

Фарғона Давлат педагогика институтини тугатгач, аввал мактабда ўқитувчи, Андижон радиосида муҳаррир, сўнг журнал ва газеталарда мухбир бўлиб ишлайди.

1968-1983 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Андижон бўлимига бошчилик қилади.

Олимжон Холдор ижоди 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърлар китоби «Арғувон тагида» номи билан 1965 йилда устоз Миртемир таҳрири остида чоп этилди. ҳозиргача ўн бешга яқин китоби, публицистик мақолалари нашр этилган.

Жумладан, «Андижон Сулуви» (1968), «Ошиқона» (1970), «Кафтимдаги Тупроқ» (1972), «Андижон Баҳори» (1976), «Субҳидам қўшиклари» (1977), «Кумуш коса» (1979), «Тўёна-тўёна» (1982), «Ёр фарзанди» (1986), «Сенга интиламан» (1986), «Даврани кенгроқ олинг» (1990), «Кўнгил», «Армон», «Кўз тегмасин» (1992) Сингари тўпламлари нашр этилган.

Шунингдек, у «Мен - Андижонман», «Андижон самоси», «Келажакдан бир садо», «Субҳидам қўшиқлари», «Гулрухсор», «Кумуш коса», «Карвон қўнғироғи», «Роз» каби лиро-эпик асарлар ҳам яратган.

Шоир драматургия соҳасида қалам тебратиб, «Қотил ким?», «Севги афсонаси», «Лола», «Боборуҳ» каби драмалар яратган. Шоирнинг юқорида тилга олинган тўпламларига кирган аксар шеърлари бепоён водий ва унинг заҳматкаш кишилари ҳақида бўлиб, инсон гўзаллиги, унинг маънавий олами тасвир этилади.

Олимжон Холдор сўнгги йилларда йирик эпик жанрларга ҳам қўл уриб, «Кўнгил» қиссаси, Уч китобдан иборат «Аросат» романи ва «Мўъжиза» каби асарларини китобхонлар ҳукмига ҳавола этди.

 

 

Расмлар галереяси