Нурматов Эрмамат

Таваллуд топган сана: 1937 йил

Туғилган жой:Наманган

Йўналишлар: Ёзувчилар

1320

Таржимаи ҳол

Эрмамат Нурматов газетада бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган, телерадиокомпанияда раис ўринбосари ва нашриётда бош муҳаррир вазифасида ишлаган. Шеърий тўпламлар яратган, уларда қишлоқ кишиларига хос самимийлик, гўзал инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени эгаси.

Наманганлик шоир Эрмамат Нурматов Чуст туманининг Олмос қишлоғида, деҳқон оиласида туғилган.

У 1955 йилда Наманган Давлат педагогика институтига ўқишга киради. Институтни тугатгач, ўрта мактабда она тили ва адабиётдан дарс беради. Кейинчалик «Наманган ҳақиқати» номли вилоят газетасига ишга ўтади. Аввал адабий ходим, бўлим мудири ва қарийб йигирма йил бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди.

Сўнгги йилларда вилоят телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари ва вилоят нашриётининг бош муҳаррири вазифаларида ишлаб келди. Ҳозир эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилояти бўлимини бошқармоқда.

Эрмаматнинг ижоди талабалик йилларида бошланган бўлиб, унинг шеърлари вилоят ва республика газета-журналларида босилиб туради.

Шоирнинг илк шеърий тўплами унинг туғилган қишлоғи шарафига «Олмос» деб номланган ва 1970 йилда чоп этилган. Мазкур тўпламга ўттизга яқин шеърлар киритилган бўлиб, уларда қишлоқ кишиларига хос самимийлик, гўзал инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган.

Шундан сўнг шоирнинг кетма-кет «Боқий бахт» (1977), «Яхшилик» (1985), «Муҳаббат боғи» (1991) ва «Соғиниш» (1993) каби бир қатор тўпламлари олам юзини кўрди.

1978 йилда шоирга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони берилган.

2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан ҳам тақдирланган.

Энг сара асарларини жамлаб, «Девон» ҳам яратди ва нашр этди.

Расмлар галереяси