Мўйниддин Нотанзий

Туғилган жой:Эрон

Йўналишлар: Тарихчилар

4463

Таржимаи ҳол

Нотанзий Исфахон (Эронда) яқинидаги Нотанз қишлоғида XIV асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират аш-шуаро” (Шоирлар таржимаи ҳоли) асарида келтирилишича, Муҳаммад Нотанзий XV асрнинг бошларида Шерозда, Амир Темурнинг набираси Мирзо Искандар саройида яшаган, Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий ва бошқалар билан замондош бўлган. Нотанзий 1414 йилдан Ҳиротда (Афғонистон) яшайди. XV асрнинг биринчи ярмида вафот этган.

1413-1414 йилларда ёзилган “Мунтаҳаб ат-таворихи Муйний” (“Муйнийнинг танланган солномаси”) асари “Искандар номаълуми” номи билан машҳур. Мазкур асар қадим даврлардан Амир Темур Марказий Осиё ва қўшни давлатларни босиб олиши ва вафотигача бўлган даврни ўз ичига олади.

Ушбу асар муаллифи Амир Темурнинг замондоши бўлиш билан бирга, кўплаб воқеалар шоҳиди бўлган, тарихий ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашган ва шу сабаб, керакли маълумотларга эга бўлган. Мазкур даврнинг бошқа манбалари билан солиштирганда, Амир Темурнинг ёшлик ва ўспиринлик даври билан боғлиқ айрим муҳим ҳодисалар кенгроқ ёритилган. Асарда, шунингдек, Амир Темурнинг жанг санъати, у вақтлар фодаланилган ҳарбий атамалар, шунингдек, ҳарбий ҳужум услублари ҳақида янги маълумотлар мавжуд.

Мунтахаб ат-таварихи Муини” қўлёзмасининг кўчирма нусхалари Англия, Франция, Россия ва Эрон кутубхоналарида сақланади. XIII-XIV асрлар тарихига бағишланган асарларининг бир қисми ушбу давр тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади ва шу сабабли, уларнинг танқидий матни франциялик шарқшунос Ж. Обен томонидан 1957 йил Техронда чоп этилган. Шунингдек, мазкур асарнинг баъзи кўчирмалари французс, ўзбек ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Расмлар галереяси