Таржимаи ҳол
Мирзо Кенжабек шоир, таржимон. Форс-тожик мумтоз адиб, шоир ва ёзувчиларининг кўплаб асарларини таржима қилиб, китобхонлар эътиборига тақдим этган. Мирзо Кенжабекнинг 1982 йилдаги илк шеърий тўплами санъатсеварлар томонидан қизиғин кутиб олинган.
Мирзо Кенжабек 1956 йилнинг 20 февралида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Меҳнат қишлоғида туғилган. 1963-1973 йиллар мактабда таҳсил олгач, 1974-1979 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб, олий маълумотга эга бўлади. 1998-2001 йиллар Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Олий Ислом институтида билим олган.
Мирзо Кенжабек мустақиллик арафасида бир гуруҳ тенгдошлари ва устозлари билан бирга, ижтимоий жиҳатдан фаоллашиб, мамлакатимиз ва халқимизнинг озод келажаги йўлида ижод қилган:
На ижод, на довруқ истак-нажотим,
Дилларни поклайин ноҳақ шубҳадан:
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..
Шоирнинг “Дилдошлик”, “Тил эрки - эл эрки”, “Халқ номидан ёлғон сўзламанг”, “Юрагимда оёқ изи бор”, “Фитна санъати” каби шеърлари ҳам озодлик ғояси ила тараннум этилган.
Мирзо Кенжабекнинг биринчи шеърий тўплами 1982 йилда “Адашган мактубларим” номи остида нашр этилган.
Шоирнинг “Қуёшга қараган уй” (1983), “Муножот” (1986), “Шарқ тили” (1988), “Баҳорим еллари” (1991) каби шеърий тўпламлари ва публицистик мақолалари чоп этилиб, китобхонлар эътиборига тортиқ этилган.
Мирзо Кенжабек Ҳофиз Шерозий ва Шайҳ Саъдий Шерозий ғазалларини, Николас Гилен (Куба), Геворг Емин (Арманистон), Якуб Колас (Белоруссия), Шерали Лойиқ (Тожикистон), Ўлжас Сулаймон (Қозоғистон) каби мумтоз шоирларнинг шеърларини таржима қилиб, китобхонларга тақдим этган.
У мумтоз-шоир ва олим Усмони Ўшийнинг араб тилидаги “Омолий” китобини таржима қилган (1999). Шунингдек, шоир Нақшбандия тариқатининг шайҳи, Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавийнинг “Аҳли суннат вал-жамоат” асарини турк тилидан таржима қилиб, икки китоб кўринишида нашр этган (1998-1999).
Профессор Маҳмуд Асъад Жўшоннинг “Ҳақиқий севги” (1998), Усмонийлар даври олими Қутбиддин Изникийнинг “Муршиди мутааҳҳилин” (“Ёш келин-куёвларга маслаҳатнома” (1999) китоблари ҳам М.Кенжабек таржимасида нашр этилган.
Улуғ ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Сунани Термизий” (“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”) асарининг М.Кенжабек таржимасида нашр этилиши Ўзбекистон маънавий-маърифий ҳаётида улкан воқеа бўлди. Ушбу йўлни давом эттирган ҳолда, М.Кенжабек “Термиз тазкираси” асарини чоп этди (2001).
Истиқлол йилларида шоирнинг “Ватан, кўзлардасен, қароқлардасен”, “Ўзингда нур бўлса, нурни кўргайсан” каби туркум шеърлари, “Асл Ватан қайғуси”, “Навоий назмида ҳадис ва ҳикмат”, “Поклик иштиёқи” каби бир қанча маърифий мақолалари эълон қилинди. У, шунингдек, Пушкиннинг “Евгений Онегин” романини ўзбек тилига таржима қилган.