Мирзиёев Шавкат Миромонович

Таваллуд топган сана: 24 iyul 1957 йил

Туғилган жой:Жиззах вилояти

Йўналишлар: Сиёсатчилар

49480

Таржимаи ҳол

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Маълумоти - олий. 1981 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаб, муҳандис-механик мутахассислигига эга бўлган. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.

1990 йил Республика Олий Кенгаши депутатлигига сайланиб, айни вақтда Ваколат ҳайъати раиси ҳам бўлган.

1992 йил Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йиллар Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Ижро ҳокимияти органларида ишлаш билан бирга, 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.

Ш.М.Мирзиёев 2003 йил Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч маротаба – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларданоқ, Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслаҳатдоши сифатида самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев ҳукумат раҳбари сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Мамлакат иқтисодиётини индустриал ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини тараққий топтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини кафолатланган ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратди.

Аҳолининг турмуш даражаси ва меҳнат шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида, Ш. Мирзиёев томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, республика шаҳарлари ва туманларини, айниқса, олис қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ш.М.Мирзиёевнинг фаолиятида ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади.

У ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлмиш маҳалланинг нуфузи ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотларини демократик ислоҳотларга кенг жалб этиш орқали жамиятда уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, миллий, маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил ривожлантириш ишларига юқори даражада эътибор қаратди.

Шу билан бирга, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, халқаро институтлар, халқаро молия институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миллий манфаатларга мос келадиган ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилган муҳим шартномаларни тузиш ишларига бевосита раҳбарлик қилди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII чақируви бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.М.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, беш нафар набираси бор. Рафиқаси З.М.Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи, айни пайтда уй бекаси.

Ш.М.Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қўшган улкан ҳисса учун “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Расмлар галереяси