Матвиевская Галина Павловна

Таваллуд топган сана: 13 iyul 1930 йил

Туғилган жой:Днепропетровск

Йўналишлар: Тарихчилар, Математиклар, Адабиётшунослар, Устоз ва мураббийлар

5341

Таржимаи ҳол

Галина Павловна Матвиевская математика тарихчиси, шарқшунос, ўлкашунос, адабиётшунос. Физика-математика фанлари доктори (1969). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1980). Ўзбекистон фанлар Академияси мухбир-аъзоси (1984). Фан тарихи Халқаро академияси аъзоси (1993). Россия ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати. “Оренбург лираси” мукофоти ва “Капитан қизи” Россия мукофоти лауреати.

1930 йилнинг 13 июлида Днепропетровскда туғилган.

1954 йил Ленинград Давлат университетини битирган.

1954-59 йиллар Ленинграднинг СССР ФА тарих табиатшунослиги ва техника институти бўлимида ишлаган.

1959 йилдан Ўзбекистон ФА математика институти ходими.

1994 йилдан Оренбург педагогика университети профессори.

Асосий тадқиқот йўналишлари — ўрта асрлар Шарқ мамлакатларида математика тарихи ва математик астрономия, сонлар назарияси тарихи, Л.Эйлер қўл ёзмалари, Оренбург ўлкасининг тарих маданияти.

250 дан зиёд илмий ишлар муаллифи, жумладан, 20 та рисола. Уч нафар доктор ва ўнлаб физика-математика фан номзодларини тайёрлаган.

... Жазирама ва чидаб бўлмас иссиқ вагонни қоплаб олган, оёқ остидаги ва бош тепасидаги юк тугунлари, нимадур харид қилишни таклиф қилиб, бир вагондан бошқасига ўтувчи ҳорғин одамлар, умуман олганда, катта эскибозорга айланган... У иккига бўлиниб, у ерда ҳам, бу ерда ҳам ишлаб яшашга, Оренбургда яшовчи касал онасининг олдидан изтироб ила Тошкетдаги турмуш ўртоғининг олдида келишга мажбур эди.

Галина Павловна Матвиевская барча вазиятдан ижобий хислат топа олар ёки ўзининг устидан ҳазил қилишни бошлар эди. Қизи билан биргаликда ҳаётий мусибатлардан чекиниб, унга ҳазил орқали қарашни қойиллатишарди. Нина Кирилловна Зубова —рўзғорда ҳам, илмий изланишларида ҳам онасининг биринчи ёрдамчиси.

Оренбургга улар отаси Павел Евменович билан келишлари керак эди, у эса аспирантурада ўқишини тамомлаб, Чкалов педагогика институтига юборилади. Уруш бошланганлиги сабабли, она-бола қочоқ каби кетишга мажбур бўлишган. Отаси аспирантурани битиргунига қадар, улар истиқомат қилаётган Харьковни барбод қилишган. Оренбургда Галина иккинчи темир йўл мактабида тўртинчидан ўнинчи синфларгача ўқиган. Айнан шу мактаб ўқитувчиси Пелагея Ефремовна Лысова иқтидорли ўқувчининг синчков ақли ва юрагида математикага бўлган қизиқиш уйғотган, сонлар ва формулалар сеҳрига ошиқ бўлишда ёрдам берган. 1948 йил мактабни битиргач, Галина Матвиенко ҳеч ўйламай, Ленинград давлат университетининг математика-механика факультетига ўқишга киради. Урушдан кейинги, ҳамма ер ижод нафасига бурканган ва янгиланишга интилган Ленинграддаги талабалик йиллари қаҳрамонимиз ҳаётининг янги босқичи бўлиб, унинг феъл-атвори ва ҳаётий интилишларини шакллантиради. Галина Павловна завқ ила фанга киришади. XVIII асрнинг атоқли олими Леонард Жйлер таваллудининг 250 йиллиги муносабати билан буюк математикнинг нашр этилмаган қўл ёзмаларини тадқиқ этиш қарори қабул қилинади. Ишга В.И. Смирнов раҳбарлик қилади. Тадқиқотларда иштирок этиш учун у университетнинг меҳнаткаш ва иқтидорли битирувчиси Галина Матвиенкони таклиф қилади. Эйлер барча ишларни лотин тилида ёзган. Галинанинг онаси немис тили ўқитувчиси бўлиб, қизида тилларга бўлган қизиқишни уйғотган эди. Галина немис тилидан яхши таржималар қилган. Лотин тилини ҳам эгаллайди. Тез орада, унинг илк илмий нашрлари пайдо бўлади. У номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилади. Ёш олимани порлоқ келажак кутарди.

- Ҳаётимда ноодатий ҳолат юз берди, - жилмаяди Галина Павловна, - мен ўзбекка турмушга чиқдим. Биз биргаликда Тошкентга, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг математика институтига кетдик. У вақтлар мусофирчилик фикри ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган... Менинг “Ўрта асрлар яқин ва ўрта Шарқида сонлар таълимоти” биринчи китобим 1967 йил ўша ерда чоп этилган. Шарқнинг буюк математиклари ва астрономларининг дунёсига кўмилишдан аввал, Галина Матвиевская араб хатини ўрганишига тўғри келди. Дунё бўйлаб ўрта асрлар араб математикаси олимларининг сони ўнтага етади. Улар орасида Матвиевская ҳам бор. “X-XVIII асрларда Ўрта Осиё олимларининг математик, астрономик ва астрологик қўлёзмалари”; “Абу Райҳон Беруний”; “Ал-Хоразмий” – Галина Матвиевская Ўзбекистонда кўплаб тадқиқий китоблар ёзган. 38 ёшида у математика фанлари доктори бўлган. У Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбек СССР давлат мукофоти совриндори. Унга “Ўзбек ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони топширилган. Энди у академик, Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси...

1984 йил у Халқаро фанлар академияси академики бўлади. 1992 йил Кембриж университети унга “Йил аёли” фахрий унвонини беради. 1992 йил эса “Йил одами” бўлади.

Матвиевская Париж, Бухарест, Дамашқ каби бир қатор жойлардаги халқаро анжуман ва симпозиумларда иштирок этади. Завқ ила Рене Декарт, Альберт Дюрер каби тадқиқотчи ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиб, тадқиқ қилади. Бутун дунё бўйлаб Дюрер рассом ўрнида таниқли, аслида, у атоқли математик, геометрия бўйича дарслик тузган ўқитувчи ҳамдир. Буюк тадқиқотчи ижодининг ўрганилмаган саҳифаларини тўсатдан кашф этиш учун қанчадан-қанча маълумотларни ўқиш, кўплаб адабиётларни варақлаш лозим. Айтмоқчи, Галина Павловна деярли, барча оврупа тилларидаги адабиётни эркин ўқий олади, славян тиллари ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Шу билан бирга, у аллақандай илмий жасорат кўрсатаётгани хаёлига ҳам келмайди. Шунчаки, у ишлайди. Ота-онаси ўргатгани каби, бор кучи билан, масъулият ила. Худди талабалик йиллари ўзи ишлашни бошлагани каби. Перовский ҳақидаги навбатдаги китоби нашрдан чиқиши арафасида, сана билан боғлиқ айрим маълумотларни текшириш керак бўлганда, у қўнғироқларни чекламай, ҳатто, Москвага ҳам ўзи бориб келиб, архивда ҳаммасини таққослаб чиққан. Гарчи, унинг ёши 75 да эди! Ташқи кўринишига қараб, ҳеч ким унга шунча ёш бермаса-да.

Галина Павловна барча олимларнинг исмини айтади, унинг барча курсдошлари ўз касбининг эгаси бўлган, улардан кўплари ҳануз илмий фаолиятини давом эттиради.

... Турмуш ўртоғи Карим Раҳимов таниқли олим, 90-йиллар охирида вафот этган. Галина Павловна Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси бўлиб қолишига қарамай, унинг кутилмаган саёҳатлари якун топди. Аста-секинлик билан осиё йўналишидаги поездларнинг хиди хотирасидан учиб, чиқиб кета бошлади. Тез орада, онаси вафот этди. Матвиевская бутунлай Оренбургга, Оренбург давлат университетининг математика ўқитувчиси бўлмиш қизининг уйига кўчиб ўтишга қарор қилди.

Уйида отасининг қўл ёзмаларини кўриб ўтириб, Галина Павловна унинг А.В. Ефремов билан ҳамкорликдаги Рычков ҳақидаги якунланмаган китобга кўзи тушади. Матвиевская отасининг ишини ниҳоясига етказиб, уни нашр қилдиришга қарор қилади. Атоқли математик Оренбург ўлкасининг қизиқарли тарих оламига боши билан шўнғиди. Унинг сўзларига кўра, П.И. Рычков унга яқин қариндошидек бўлиб қолди, Оренбург ўлкашунослиги эса – унинг шахсий ишига айланди. П.Е. Матвиевский ҳамда А.В. Ефремовларнинг “Петр Иванович Рычков” китобининг ҳар бир саҳифасини шахсий қўл ёзмада кўчириб, Москвада чоп эттирди.

Асарлари

  • Ўрта аср Шарқида сонлар таълимоти/ Г. П. Матвиевская. — Тошкент: Фан, 1967. — 344 б. — 2 000 адад.
  • Рене Декарт / Г. П. Матвиевская. — М.: Фан, 1976. — 272 б. — (Илмий-биографик тўплам). — 31 500 адад.
  • Абу Райҳон Беруний ва унинг математик меҳнатлари: Ўқув-қўлланма / С. Х. Сирожиддинов, Г. П. Матвиевская. — М.: Маърифат, 1978. — 96 с. — (Фан одамлари). — 95 000 адад.
  • Рамус. 1515—1572 / Г. П. Матвиевская. — М.: Фан, 1981. — 152 с. — (Илмий-биографий тўплам). — 21 700 адад.
  • Ал Хоразмий — ўрта асрнинг таниқли математик ва астрономи: Ўқув-қўлланма / С. Х. Сирожиддинов, Г. П. Матвиевская. — М.: Маърифат, 1983. — 80 с. — (Фан одамлари). — 180 000 адад.
  • Альбрехт Дюрер — олим. 1471—1528 / Г. П. Матвиевская; масъул муҳаррир, физика математика фналари номзоди Ю. А. Белый; Тақризчилар: акад. УзССР ФА В. П. Щеглов, физика математика фанлари доктори Б. А. Розенфельд; СССР ФА. — М.: фан, 1987. — 240, [8] б. — (Илмий-биографий адабиёт). — 34 000 адад.
  • Тригонометрия тарихи очерклари. Тошкент: Фан, 1990.
  • Улуғбек. 1394—1449 / Г. П. Матвиевская, З. К. Соколовская. — М.: Фан, 1997. — 152 б. — ISBN 5-02-003674-9.
  • Всеволод Иванович Романовский. 1879—1954 / А. Н. Боголюбов, Г. П. Матвиевская. — М.: Фан, 1997. — ISBN 5-02-003644-7.
  • Абд ар Раҳмон ас Сўфий. М.: Фан, 1999.
  • Владимир Иванович Даль / Г. П. Матвиевская, И. К. Зубова; Масъул муҳаррир. Э. Н. Мирзоян. — М.: Фан, 2002. — 224 с. — (Илмий-биографий адабиёт). — 530 адад. — ISBN 5-02-022726-9.
  • Яков Владимирович Ханыков. 1818—1862 / Г. П. Матвиевская; Масъул муҳаррир. Техника фанлари доктори А. В. Постников; Тақризчилар: география фанлари доктори В. В. Глушков, академик В. С. Мясников; Россия фанлар академияси. — М.: Фан, 2006. — 200 б. — (Илмий-биографий адабиёт). — ISBN 5-02-033232-1.

Расмлар галереяси