Таржимаи ҳол
Қудрат Ҳикмат- болалар адабиёти шоиридир. Болалар адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган шоир. Қудрат Ҳикмат қайси мавзуда, қайси жанрда қалам тебратмасин, ҳалол, топқир ва чопқир болалар дунёсини кашф этишга интилади.
У 1925 йили Тошкентнинг Себзор маҳалласида таваллуд топган. Онаси Муборак ая эрта қазо қилган (1934). Отаси эса деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Қудрат Ҳикмат 1934 йилда ўрта мактабга бориб, уни 1944 йилда тугатган.
Шоир сифатида мактаб деворий газетасида ўз шеърлари билан кўрина бошлайди.
1945 йилдан бошлаб Қудрат Ҳикмат шеърлари газеталар, «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда чоп этилади.
Қудрат Ҳикмат 1947 йилдан бошлаб машҳур бахши Ислом шоир Назар ўғлига адабий котиб бўлиб хизмат қилади. Бу ҳол ижодкордаги халқчилликнинг камол топишига олиб келади.
Унинг биринчи шеърий тўплами - «Менинг ватаним» 1950 йилда нашр этилади.
У 1957 йилда Тошкент Давлат кечки педагогика институтини тугатган.
Шундан сўнг унинг «Бахтли болалар», «Тинчлик - ободлик», «Москвага саёҳат», «Дўстлик», «Уч ўртоқнинг совғаси», «Набира меҳри», «Онахоним», «Алишер ва китоб», «Тошбақалар ҳужуми», «Соатжоннинг соати» каби ўнлаб шеърий гулдасталари, «Чирчиқ фарзанди» достони, «Илон шоҳ ва унинг амалдори Ари ҳақида эртак» каби асарлари яратилади.
Қудрат Ҳикмат моҳир таржимон сифатида С.Маршак, С.Михалков, А.Барто каби рус шоирларининг шеърларини ўзбекчага ўгирган.
У 1968 йили оғир бетоблиқдан сўнг 43 ёшида вафот этган.
Қудрат Ҳикматнинг шеърларидаги болаларча самимийлик, беғуборлик ва тўғрилик шоир асарларининг жозибали бўлишини таъминлайди.
Аммо:
Олмос менинг юрагим,
Толмас менинг юрагим.
Ким айтади шеъримда
Қолмас менинг юрагим, -
деганидек, шоир ўз шеърларида узоқ яшаш бахтига муяссар бўлган ижодкорлардан биридир.
Ўзбек болалар адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган шоир Қудрат Ҳикматдир.