Қориев Мақсуд

Таваллуд топган сана: 1 avgust 1926 йил

Вафот этган сана: 2010 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Адабиётшунослар, Ёзувчилар

7304

Таржимаи ҳол

Таниқли журналист ва адиб Мақсуд Қориев 1926 йил Тошкентда туғилган. Уруш йилларида Юнусобод қишлоғи жамоа хўжаликларида оддий меҳнат билан шуғулланган. 1947 йилда эса Тошкент юридик институтини тугатиб, шу институт аспирантурасида ўқишни давом эттирган. Кейинчалик юридик фанлари номзоди деган илмий даражага эга бўлган.

Адибнинг журналистик фаолияти 1949 йилдан бошланган. 1954-1963 йилларда «Тошкент ҳақиқати» газетасида аввал бош муҳаррир ўринбосари, сўнг бош муҳаррир бўлиб ишлайди. 1963-1984 йилларгача «Совет Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасига бошчилик қилди. 1984-1988 йилларда «Муштум» журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. Кейинчалик «Меҳригиёҳ» газетасини ҳам бошқарди.

Мақсуд Қориев адиб сифатида 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб маҳаллий матбуотда кўрина бошлайди. Мақсуд Қориевнинг «Ойдин кечалар» (1968), «Жийда гуллаганда» (1970), «Афросиёб гўзали» (1974), «Турналар баланд учганда» (1976), «Қиз узатиб борганда» (1978), «Ой тутилган тунда» каби ҳикоя ва қиссалар тўпламларида ёшлар тақдири, орзу-армонлари-ю, оила қувончи, бахти чиройли, нозик лирик пардаларда куйланади. Унинг «Спитамен» тарихий романида халқимизнинг минг йиллик миллий озодлик йўлидаги кураши ишонарли тарзда умумлаштирилган бўлса, «Ибн Сино» (1995) тарихий романида мусулмон оламининг файласуф ва табиби, буюк алломаси ҳақида ҳикоя қилинади.

Мақсуд Қориев тарихий мавзуларда «Осиё гўзали», «Темур ҳақида ҳикоялар», «Юлдузларда эди хаёли», «Қайтар дунё», «Тожмаҳал» сингари қатор бадиалар ҳам яратган. Унинг «Эзгуликка интилиб» эссеси ҳам моҳир публицист эканидан далолат беради. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимидир.

Мустақилликнинг етти йиллигида «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимидир.

У таваллудининг 80 йиллиги арафасида «Ғазнавийлар» номли янги тарихий романини чоп эттирди.

Расмлар галереяси