Таржимаи ҳол
Журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад адабиётшунос сифатидаги мақолалари билан ҳам эътиборга тушган, филология фанлари номзодидир. Сценарий муаллифи сифатида яратилган «Чаёнгул» телевизион бадиий филми (2000) кенг томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йили Тошкентда туғилди. Ўрта мактабни битиргач, 1969-1973 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиди. «Фан» нашриётида, «Фан ва турмуш» журналида, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ишлади. 1986 йилдан «Ёш куч» журналида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди.
Республикада илк бор нашр этилган «Ҳуррият» мустақил газетасида бош муҳаррирлик қилди, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳамраис, «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади. Ҳозирги кунда Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида фаолият олиб бормоқда.
У адабиётшунос сифатидаги мақолалари билан ҳам эътиборга тушган, филология фанлари номзоди.
Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбекчалаштирган.
Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йили «Гулистон» журналида, «Нигоҳ» номли биринчи қиссаси эса 1987 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби 1989 йили нашр этилган. Шундан буён унинг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Ҳижроним мингдир менинг» қиссалари, «Бозор» романи ва ўнлаб ҳикоялари чоп этилди. Адибнинг «Жажман» (1995) китобидан бир неча қиссалари қатори «Маҳзуна», «Жажман», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим - сиз», «Кўз қорачиғидаги уй» сингари ҳикоялар ҳам жой олган. Адиб «Бозор» романи, «Ҳижроним мингдир менинг» ва «Озод изтироб қувончлари» китоблари учун 2000 йилги «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.
Сценарий муаллифи сифатида яратилган «Чаёнгул» телевизион бадиий филми (2000) кенг томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. «Жимжитхонага йўл», «Нусхакашнинг меросхўри», «Беозор қушнинг қарғиши» ва «Жим ўтирган одам» ҳикоялари адибнинг кейинги йиллар ижодида янги саҳифа очди.