Хўжаев Олим 

Таваллуд топган сана: 7 oktabr 1910 йил

Вафот этган сана: 14 Феврал 1977 йил

Туғилган жой:Бухоро

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар, Режиссёрлар

6948

Таржимаи ҳол

Актёр, режиссёр, жамоат арбоби, юқори маданият сохиби, лирик, драматик ва фожеавий образларнинг моҳир устаси ва асл зиёлиликнинг тимсоли бўлган машҳур ўзбек актёри, рёжиссёр ва жамоат арбоби Олим Хўжаев 1910 йилда Бухорода туғилган.

У 1929 йили Бухородаги маориф билим юртини тугатиб, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида актёр сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, К. Гоццининг «Маликаи Турандот»идаги Қалаф, 3. Фатхуллиннинг “Сотқинлари”даги Номозов каби илк образларини яратди. Тиниб-тинчимас, ғайратли, ўз устида ишлашдан чарчамайдиган актёрнинг бу образлари унинг келгусида яратиши мумкин бўлган етук образларига маълум тайёргарлик вазифасини ўтади.

О. Хўжаев К.Яшин, А. Умарийларнинг драмаси асосида саҳна юзини кўрган «Ҳамза» спектаклида Ҳамза ролини моҳирлик билан ижро этди. У «Ҳамза» спектакли ва 1960 йилда кинорежиссёр 3. Собитов суратга олган «Ҳамза» бадиий фильмида Ҳамзанинг ташқи қиёфаси, серғайрат ҳаракатларини, тоза қалби ва шоирона табиатини томошабинга аниқ етказа олди.

Янги-янги актёрлар Алишер Навоий образини ижро этишди. Аммо улар яратган Алишер Навоий образини Олим Хўжаев Навоийсига асло тенглаштириб бўлмайди.

1960 йилда Ҳамза театрида саҳналаштирилган драматург Иззат Султоннинг «Имон» спектаклидаги профессор Йўлдош Комилов образи санъаткор ижросида бадиий етуклиги билан ажралиб турди.

О. Хўжаев яратган С. Азимовнинг «Юлдузлар жамоли»даги Полвонов, Уйғуннинг «Қотил»идаги профессор Содиқ Собирович образларида ҳам зиёлиларимиздаги эзгу туйғулар, энг яхши инсоний фазилатлар тантанасини тараннум этди.

О. Хўжаев салбий образларни ҳам маромига етказиб ўйнайдиган санъаткор эди. Актёр яратган А. Островскийнинг «Сепсиз қиз»идаги Паратов, М. Горькийнинг «Мешчанлар»идаги Пётр, Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи»сидаги Солиҳбой, Шекспирнинг «Отелло»сидаги Яго, «Юлий Цезар»идаги Юлий Цезарь образлари шулар сирасига киради.
Санъаткорга 60-йилларда яна бир шуҳрат келтирган образ В. Шекспирнинг «Қирол Лир» фожиасидаги Қирол Лир образидир. Актёр Қирол Лир образини юксак маҳорат билан ижро этгани учун 1967 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди.

О. Хўжаев режиссёр сифатида ҳам самарали ижод қилиб, Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирди.
О. Хўжаев 1977 йил Москвада вафот этди ва Тошкентда дафн этилди.

Расмлар галереяси