Ҳакимов Охунжон 

Таваллуд топган сана: 20 Феврал 1934 йил

Туғилган жой:Фарғона

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

6846

Таржимаи ҳол

Охунжон Ҳакимов ижоднинг қутлуғ даргоҳига 50-йилларнинг охири ва 60-йилларнинг бошларида кириб келди.

Шундан буён унинг йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари ва бир қатор қиссалари яратилди.

У «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

2006 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилди.

Охунжон Ҳакимов 1934 йилнинг 20 февралида Фарғона вилоятининг Лоғон қишлоғида дунёга келган.

Ўрта мактабдан сўнг Фарғона Давлат педагогика институтини тугатган.

Вилоят ва республика марказий газеталарида, «Меҳнат ва турмуш» журналида фаолият кўрсатган.

Охунжон Ҳакимов лирик шоир сифатида адабиётимиз ривожи йўлида хизмат қилиб келмоқда.

У қайси мавзуда, қайси жанрда, қайси вазнда асар яратмасин, ҳамиша одамларнинг бахт-саодати, имони, маънавият ҳақида ўз қарашларини олға суради.

Шоирнинг «Илҳом водийси», «Фарғона рубоийси», «Ватан қасидаси», «Лирика», «Достонлар», «Кўзларингни ўзи қора», «Қизлар хаёл сурсалар» каби шеърий гулдасталари қўлдан-қўлга ўтиб, ўқилиб келади.

Унинг «Муҳаббатни кўзлардан изланг» (1996) номли шеърий мажмуаси эса маълум маънода сайланма ҳамдир.

Охунжон Ҳакимовнинг ҳазил-мутойибалари ҳам ажойиб.

Уларда ўша водий қизиқчилиги, аскиячилиги анъаналари янгидан туғилган, жонлангандай бўлади.

Бу жиҳатдан шоирнинг «Яшасин, довдирлар», «Яша, сўрғич», «Қатиқхўр», «Қадр», «Хотинимнинг муовини» каби ҳикоялари эътиборга лойиқ. Ҳозир шоир истиқлол ва унинг самараси, имонли, эътиқодли замондошлари ҳақида лиро-эпик асарлар ёзмоқда. 

Расмлар галереяси