Қозизода Румий

Таваллуд топган сана: 1364 йил

Вафот этган сана: 1437 йил

Туғилган жой:Туркия

Йўналишлар: Астрономлар, Математиклар

9657

Таржимаи ҳол

Қозизода Румий - ХV аср бошларида Моворауннаҳрда шуҳрат қозонган улкан математик ва астрономлардан бири. Олимнинг тўлиқ номи Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд.

Қозизода аслида ҳозирги Туркиянинг шимоли-Ғарбидаги Мармара денгизидан жануброқдага, Бурсада таваллуд топган. Унинг отаси Муҳаммад "Хожа Афанди" лақаби билан маълум бўлиб, Салоҳиддиннинг болалик йилларида вафот этган. Хожа Афанди анча олим ва комил одам бўлиб, кўп йиллар Бурсанинг қозиси лавозимида хизмат қилган. Салоҳиддиннинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Туркча манбаларда у ҳижрий 755-765 (мелодий 1354-1364) йиллар орасида туғилган, деб тахмин қилинади.

Қозизода бошланғич маълумотларини Бурсадаги мадрасада олиб, астрономия ва математика билимларини мавлоно Шамсиддин Фанорийдан ўрганади. Лекин у ёшлигидан Моворауннаҳр ва Хуросонда илм-фаннинг юксак даражада эканлигини эшитиб, у ерга кетишга тараддуд кўра бошлайди.

Қозизода ХV аср охирларида бир кун тўсатдан Бурсадан ғойиб бўлади. Аввалига у Хуросонга бориб, у ердаги пойтахт Самарқанднинг шуҳрати ҳақида эшитади ва ўша шаҳар тарафга интилади. Бу орада Амир Темурнинг етти йиллик юриши бошланиб қолади. Қозизода йўлда Темурнинг уламолари қаторига қўшилиб қолиб, улар билан орқага қайтиб, юришда иштирок этади ва шу кетишда ўзининг Бурсадаги устози мулло Фанорийнинг "Анмузажи улум" асарига шарҳ битади.

У Хуросон ва Моворауннаҳрга келиб олимлардан таҳсил олиб, билимини камолотга етказади. Хусусан, у Темурнинг сарой астрономи Мавлоно Аҳмаддан астрономия ва математика фанларидан чуқур маълумотлар олади. Амир Темурнинг етти йиллик юриши тугагач, 1404 йил ёзида, Салоҳиддин биринчи марта Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандга келади. Тез орада Салоҳиддин Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари орасида "Қозизода Румий" (Усмонли турклар мулки бўлиб қолган Кичик Осиё, яъни қадимги Рим империяси ерларини Шарқда Рум дейилар эди) номи билан шуҳрат қозонади.

1405 йил бошида юз берган Соҳибқироннинг вафотидан кейинги Моворауннаҳрда ҳукм сурган нотинчлик Қозизодани Улуғбек билан биргаликда Хиротга кетишга мажбур қилади. Бу ерда у бир неча йил давомида бўлажак буюк олимга астрономия ва математика фанларидан сабоқ беради ва унда шу фанларга нисбатан чуқур ва сўнмас меҳр уйғотади. Улуғбек кейинчалик ўз "Зиж"ида Қозизодани миннатдорчилик билан "устозим" деб тилга олади.

Улуғбекнинг ўзи айтганидек, унинг устози Қозизода Румийдир.

Улуғбек Самарқандда 1417-1420 йилларда Мадраса таъсис этиб, Қозизодани у ерда раис ул-муаллимин насабига тайинлайди ва аксарият ҳолларда унинг дарсларида ўзи ҳам иштирок этади.

Қозизода Самарқанддалигида жуда кўп шогирдлар етиштирди. Буларнинг аввали ва энг буюги Улуғбекдир. Иккинчи шогирди Фатҳуллоҳ Шервоний бўлиб, у 1449 йили Улуғбек ўлдирилиши билан дарҳол Кичик Осиёга кетади ва Кастамону шаҳрида мударрислик билан шуғулланади.

Қозизода Самарқандда уйланиб, бу никоҳдан бўлажак йирик олим Мирам Чалабийнинг отаси Қутбиддин дунёга келади.

Қозизоданинг вафот этган йили маълум эмас. Лекин бу воқеа 1426-1436 йиллар орасига тўғри келади, деб тахмин қилинади.

Олимнинг қаламига мансуб асарлар қуйидагилардир: "Рисола фи-л-ҳисоб" ("Ҳисоб ҳақида рисола"), "Шарҳи мулаххис фи-л-хай'а" ("Астрономия ҳақида қисқача рисоланинг шархи"), "Шарҳи ашкол ат-та'сис", "Рисола ал-жайб" ("Синус ҳақида рисола"), "Дар баёни истироҳати жайби як даража" ("Бир даража синусини аниқлаш усулининг баёни ҳақида"), "Дастур ал-амал ва ташиқ ал-жадвал" ("Амал дастури ва жадвалларини тузатиш"), "Мисоха" ("Ўлчаш"), "Рисола фи-л-ҳай'а ва-л-ҳандаса" ("Астрономия ва геометрия ҳақидаги рисола"), "Шарҳ ат-Тазкира", "Шарҳ Таҳрир ал-Мажистий", "Рисола фи илм ал-ҳай'а" ("Астрономия илми ҳақида рисола"), "Рисола фи руб' ал-мужаяб" ("Синус квадрат ҳақида рисола"), "Лима кана ҳалла кавни нисба иртифаъ аъзам ал-жибол ила кутри ал-арз канисба субъ ард шаъира ила зира'" ("Нима учун тоғларнинг энг баландининг Ер диаметрига нисбати арпа донининг бир газга нисбати каби эканлиги қабул қилингани"'), "Рисола фи самий ал-қибла" ("Қибла азимути ҳақида рисола"), "Шарҳ ҳикмат ал-айн".

Улуғбек расадхонасининг етук намояндаларидан саналган ва Улуғбекдек буюк олимни тарбиялаган Қозизода Румий қолдириб кетган адабий-илмий мерос, бугунги авлоднинг олтин мулки ҳисобланади. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу олимнинг қатор асарлари ўз тадқиқотчиларини ҳанузгача кутиб ётибди.

Расмлар галереяси