Таржимаи ҳол
Таниқли адиб ва моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йил 15 октябрда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида дунёга келди. У дастлаб қишлоқ мактабида ўқиди, кейин шаҳар мактаб-интернатида тарбия олди. Тошкентга келиб, ўзбек эркаклар билим юртида таълим олди. 1928 – 1930 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетида ўқиди, ўқитувчилик қилди.
Мирзакалон Исмоилийнинг дастлабки ижоди “Саккизинчи март хотин-қизлар озодлиги” номли кичик пьесадан бошланган. Ушбу пьеса 1927 йилда нашр этилди. У Ўзбекистон Давлат нашриётида (1932 – 1937), Тошкент киностудиясида (1937 – 1938), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1939), “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1948 –1949) ва “Шарқ юлдузи” журналида (1949 – 1950) ишлади.
Адиб иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. У 1942 йилда фронтга жўнаб, 1947 йилгача ҳарбий хизматда бўлди. “Қизил Армия” номли фронт газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари, ҳарбий мухбир бўлиб ишлади. Ёзувчи ва жанговар журналист сифатида фаолият кўрсатди.
Урушдан кейинги йилларда ҳам адиб самарали ижод қилди. Жумладан, “Озод инсон ҳақида қўшиқ” номли новеллалар тўплами, одоб-ахлоқ бобида “Инсон ҳусни” номли китобчани нашр эттирди. Шунингдек, у “Кенг майдонлар” пьесасининг (1948), қатор очеркларнинг муаллифи ҳамдир. Жумладан, “Ватанга муҳаббат”, “Гвардиячи”, “Гулхан ёнида”, “Ёрқин кунлар сари”, “Зифо”, “Икки кеча-ю, икки кундуз”, “Озодлик гулини ҳидлаган киши”, “Сенинг амринг” каби очерклари диққатга сазовор.
Маълумотларга кўра, Мирзакалон Исмоилий 1950 йил 30 ноябрда қатағонга учраб ҳибсга олинган. 1955 йил ноябрда гуноҳсиз топилиб озодликка чиқарилган.
Мирзакалон Исмоилий озодликдан маҳрум чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб халқи учун меҳнат қилди. Жумладан, “Фарғона тонг отгунча” романини ёзди ва озодликка чиққач, романга сайқал бериб, нашрга тайёрлади. Романда Октябрь тўнтариши арафасидаги ўзбек меҳнаткашларининг ҳаёти ва маърифат сари интилишини тасвирлаган. Роман ўзининг ғоявий-бадиий хусусиятлари билан 60-йиллар ўзбек насри равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Мирзакалон Исмоилий ёшлар ҳаётини акс эттирувчи “Бизнинг роман” (1963), маънавият ёғдуларини шарафловчи “Одамийлик қиссаси” (1965) каби пухта, гўзал насрий асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонди.
“Одамийлик қиссаси”да ёзувчи одоб, ахлоқ тўғрисида ҳикоя қилади.
Мирзакалон Исмоилий “Қизлар дафтарига” (1980), “Ўзингдан кўр” (1986), “Инсон ҳусни” (1989) каби асарларида ҳам ёшлар ахлоқи, оилада тотувлик ва ўзаро ҳурмат масалалари ҳақида фикр юритади.
Мирзакалон Исмоилий дастлаб Лев Толстойнинг “Тирилиш” романини 1938 йилда, кейинчалик шу ёзувчининг “Анна Каренина” романини ўзбекчага ўгирди.
У жаҳон адабиётининг 200 дан ортиқ намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.
Мирзакалон Исмоилий Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983) унвонига сазовор бўлган. Жумладан, М.Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Н.Островскийнинг “Бўрон болалари”, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Сервантеснинг “Дон Кихот” каби асарларини ўзбек китобхонларига туҳфа этди.
Таниқли адиб, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1986 йил 5 майда вафот этган.