Исматов Асад

Таваллуд топган сана: 1907 йил

Вафот этган сана: 1953 йил

Туғилган жой:Андижон

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

2737

Таржимаи ҳол

Асад Исматов- истеъдодли кино ва театр актёри бўлиб, у театрда унутилмас образлар яратган ва бадиий фильмларда бетакрор роллар ижро этган.

Истеъдодли кино ва театр актёри Асад Исматов 1907 йилда Андижон шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида туғилган. 1924 йили Андижонда янги ташкил этилган драма группасига ишга кириб, Шиллернинг «Макр ва муҳаббат», Гоголнинг «Ревизор» пьесаларида роллар ижро этди.

Театрда «Фарҳод ва Ширин», «Икки бойга бир малай», «Ичкарида» ва бошқа пьесаларни саҳнага қўйди. Ўш шаҳри театрида унинг «Адолат» номли спектакли 40 йил мобайнида саҳнадан тушмади.


Кейинчалик А. Исматов Муқимий театрида К. Яшиннинг «Нурхон»ида Ҳожи, С. Абдулланинг «Тоҳир ва Зуҳра»сида Қора ботир, Ҳамза театрида Уйғун ва И. Султоннинг «Алишер Навоий»сида Ҳусайн Бойқаро образларини маромига етказиб ижро этди.

Қисқа давр ичида у катта эътибор қозонди ва яратган образлари, саҳналаштирган асарлари томошабинларни ҳаяжонлантириб, саҳна шинавандаларини мамнун этди. Фарғона канали қурилишида артистлар ҳам фаол қатнашиб, кундузи канал қазишса, кечқурун меҳнаткашларга томоша кўрсатишган.

Усмон Юсупов Фарғона каналининг қурилишига келганда А.Исматов билан Л.Саримсоқовалар тер тўкиб ишлаётганларини, кечқурун эса спектаклда роль ижро этишларини кўриб, уларга «Ўзбекистон халқ артисти» унвонини берган.

1936 йилда Тошкент кинофабрикаси таклифига биноан А. Исматов республикамиз пойтахтига йўл олди. 1937 йили А. Усольцев — Гафт томонидан қўйилган «Қасам» фильми Тошкент студиясининг ишлаб чиқарган биринчи овозли фильми бўлди. 
Бу фильмда Асад Исматов биринчи марта киноартист сифатида қатнашиб, фильмдаги Азим образини яратар экан, бутун ҳаётий тажрибаси, билими, санъатга бўлган муҳаббатини ишга солди ва бу образни ўзбек киноактёрлари учун намуна даражасига кўтарди. Кейин «Азамат» фильмида Умар ролини ижро этди.

Режиссёр Я. Протазановнинг «Насриддин Бухорода» фильмидаги чойхоначи эпизодик ролида А.Исматов ҳақиқий халқ фарзанди образини яратишга муваффақ бўлди. 1945 йили Н.Ғаниевнинг «Тоҳир ва Зуҳра» фильмида Бобохон роли А.Исматовга катта шуҳрат келтирди.
Режиссёр К. Ёрматов суратга олган «Алишер Навоий» номли тарихий-биографик фильмда Ҳусайн Бойқаро ролини ижро этган Асад Исматов Давлат мукофоти лауреати деган унвонга сазовор бўлди. 

А.Исматов Ҳусайн Бойқаро образига хос қарама-қаршиликларга тўла энг муҳим хусусиятни бера олган ва
оғир муайян тарихий шароит доирасидан чиқиб кетолмаган зўр истеъдод эгаси сифатида гавдалантирган.

Наби Ғаниев ўзбек меҳнаткашларининг ҳаёти акс эттирилган «Фарғона қизи» фильмини яратди ва бу фильмда актёр ижро этган Жаббор ота образи марказий фигурага айланди.

1952 йили эса «Пахтаой» фильмида Бобомеҳнат ролини ижро этди. Асад Исматовнинг ўзбек кино ва театр санъати равнақига қўшган ҳиссаси 1948 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони ва Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Етук истеъдод соҳиби Асад Исматов 1953 йилда вафот этди. Театрдаги қатор образлари, «Қасам», «Тоҳир ва Зуҳра», «Алишер Навоий» бадиий фильмларида яратган бетакрор образлари билан санъаткор ўзбек санъати тарихида муносиб ўрин эгаллади.

Театрдаги фаолияти:

  • Муқимий театри
  • Хамза театри

Кинодаги роллари:

  • “Клятва”( “Қасам”) фильмида Азим“Азамат” фильмида Умар
  • “Насриддин  в  Бухаре” (“Насриддин Бухорода”) фильмида Чойхоначи
  • “Тоҳир ва Зуҳра” фильмида Бобохон
  • “Алишер Навои” фильмида Хусайн Байқаро
  • “Дочь Ферганы” (“Фарғона қизи”) фильмида Жаббар ота
  • “Пахтаой” фильмида Бобомеҳнат

Театрдаги роллари:

  • К.Яшиннинг “Нурхон” - Хожи
  •  С.Абдулланинг “Тоҳир ва Зуҳра” - Қоработир
  •  Уйғун ва И.Султоннинг “Алишер Навои” - Хусайн Байқаро

Унвонлари: "Ўзбекистон Халқ артисти” фахрий унвони ва давлат мукофоти (1948 й.)

Расмлар галереяси