Ғулом Зафарий

Таваллуд топган сана: 1889 йил

Вафот этган сана: 27 dekabr 1937 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ёзувчилар, Шоирлар

8108

Таржимаи ҳол

Ғулом Зафарий ўзбек миллий театри, театр танқидчилиги, мусиқа маданияти, қолаверса, миллий адабиётимиз тарихида муносиб ўрин эгаллайди. У 1889 йили Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Каттабоғ маҳалласида таваллуд топган. Аввал эски мактабда, кейин хусусий рус мактабида, Кўкалдош мадрасасида таълим олди. 1912-1924 йилларда Ўш шаҳрида ўқитувчилик қилди.

1914 йилдан бошлаб Тошкентдаги «Турон» труппасида актёрлик қилди, ўқитувчи бўлиб ишлади.

Ғулом Зафарий 1937 йилда қатағонга учраган зиёлилардан биридир. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати архивида сақланаётган «дело»га қараганда, Ғулом Зафарий икки бор ҳибсга олинган.

Илк бор ОГПУ коллегиясининг 1933 йил 21 май қарори билан «аксилинқилобий миллатчилик фаолияти» учун уч йилга Ғарбий Сибирга сургун қилинган. Қайтиб келгач, иккинчи бор 1937 йилнинг 28 октябрида яна НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва 1937 йил 4 декабрда отишга ҳукм қилинган. Ҳукм, «дело»да қайд этилишича, «28 декабрь 1937 йилда ижро этилган».

Ғулом Зафарий ижоди 1914 йилдан бошланган бўлиб, у дастлаб ўз шеърлари билан танилади. 1917 йилдан «Ишчилар дунёси» журнали, шунингдек, билим юртларида фаолият кўрсатади.

1914 йилда «Бахтсиз шогирд» (1914) номли бир пардали пьеса ёзади, кейин «Баҳор», «Гунафша», «Тўсқинчилик», «Ёрқиной», «Раҳимли ўқитувчи», «Мозорликда», «Мақтанган киши», «Татимбой ота» ҳамда «Чўпон Темир» (1924), «Ёшлар энди берилмас» (1926) каби пьеса ва достонлар яратади.

Ғулом Зафарий драматург сифатида «Ҳалима» пьесаси билан машҳур бўлган. «Ҳалима» 1920 йилда ёзилган бўлиб, ўша йилнинг 14 сентябрида «Турон» труппасида Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилган.

Мазкур асар тўнғич миллий мусиқали драма бўлиб, унинг мусиқий безагини ҳам муаллифнинг ўзи машҳур созанда Шораҳим Шоумаров ҳамда Мулла Тўйчи ҳофиз ёрдамида бажарган. Айни чоғда, «Ҳалима» ўз даврида миллий опера сифатида баҳоланган.

Ғулом Зафарий ўзбек миллий куйлари, мақом ва мақом шўъбаларини жуда яхши билган том маънодаги зиёли эди. Унинг «Шарқ мусиқалари ва чолғулари», «Мусиқа муаммоси», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» каби мақолалари шулар жумласидандир. 

Расмлар галереяси