Таржимаи ҳол
Ғози Юнус - моҳир журналист, етук ҳикоянавис ва бир қатор халқона шеърлар муаллифи, кўзга кўринган драматург, ҳажв устаси, ҳамда жамоат арбоби ва актёр.
«Зарафшон» газеталари ва «Муштум» журналининг ташкилотчиси сифатида фаолият кўрсатган. Маърифатпарварлик ва жадидчилик ҳаракати даври адабиётининг кўзга кўринган намоёндаси. Бир қатор асар ва песалар яратган. «Меҳнат ва матбуот қаҳрамони» унвони соҳиби.
ХХ аср миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Ғози Юнусдир.
1887 йилда Тошкентнинг Охунгузар маҳалласида зиёли-ҳунарманд оиласида дунёга келган.
Оиладаги тўрт ўғил бўлиб, ота-она тарбиясида ҳам саводли, ҳам устачилик касбига эга бўлишган. Ғози Юнус отаси ёнида иморат устаси сифатида янги шаҳар қурилишида қатнашганлиги сабабли, рус тилини эрта ва мукаммал эгаллаган. Мадрасада араб ва форс тилларини пухта ўрганган.
Ғози Юнус 1915 йилда мадрасани имтиёзли битиргач, халқ қўшиқлари, мусиқасига ҳаваси ортиб, дутор, танбур чалишни ўрганади, хонанда сифатида ҳам танилган.
1916 йилда мардикорликка олиниб, Болтиқбўйи фронтида қатнашади ва кўп ўтмай, у ердан ногирон бўлиб қайтади. Инқилоб арафасида Эшонгузар маҳалласида тагҳкил топган «Оғаларга ёрдам қўмитаси»да саркотиб бўлиб ишлайди ва туҳмат туфайли бироз муддат қамалиб ҳам чиқади. Шу тарзда унинг «Турма хотираси ёки Ҳақсизлик касофати» деган достони юзага келади. Шундан сўнг у секин-аста ўз шеърлари билан матбуот саҳифаларида кўрина бошлайди, театр саҳналарида роллар ижро этади. Хусусан, Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмасида актёр сифатида иштирок этади. Кейинчалик ўзи яратган «Заҳҳоки морон» драмасида Заҳҳокнинг отаси адолатпеша Темиртош ролида ўйнайди.
Шунингдек, у миллий ўзбек матбааси, нашриётимиз ташкилотчиси сифатида элга танилган. Бухоро, Боку шаҳарларидан босмахона учун техника воситалари, ҳарфлар келтирган. Тошкентдаги Эски Жува босмахонасини ташкил этишда жонбозлик қилган. «Туркистон», «Қизил байроқ», «Зарафшон» газеталари ва «Муштум» журналининг ташкилотчиси сифатида фаолият кўрсатган.
Бундан ташқари у драматург - таржимон сифатида ҳам кенг танилган. У 30 дан зиёд саҳна асарларини яратган бўлиб, улардан 28 таси алоҳида китоб сифатида 1926 йилда нашр этилган. Ушбу китоблар мавзу ва муаммолари билан бир-биридан фарқ қилсада, улар бир мақсадни кўзлайди.
Октябр инқилоби тўғрисида кўп мақолалар ёзган. Шундай кенг жабҳадаги фаол хизматлари учун Тошкент шаҳар ижрокўми 1921 йилда унга «Меҳнат ва матбуот қаҳрамони» унвонини берган.
Бироқ 1929 йиллардан бошлаб унга бўлган қараш ўзгаради ва у сиёсий таъқиб остида қолади. У ҳам, бошқалар қатори, «халқ душмани», «пантуркист», «панисломист» тамғаси остида 1937 йилнинг 6 августида ҳибсга олинади.
1942 йилнинг 5 май куни Вологда шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтади.