Ғаниев Наби

Таваллуд топган сана: 1904 йил

Вафот этган сана: 29 oktabr 1953 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар, Режиссёрлар

4269

Таржимаи ҳол

Наби Ғаниевич Ғаниев — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби. 50 йиллик ҳаётининг ўттиз йилини севимли бўлган санъатга бағишлаган. У ўзбек киноси шаклланиши ва ривожланишида катта ўрин эгаллаган кинофильмларни яратган.

Наби Ғаниев 1904 йил Тошкентда туғилган. Болалигидан шеър мутолaаси, қўшиқ куйлаш, дуторда чалиш, расм чизиш, дўстларини пародия қилишни яхши кўрган. У рассом бўлишни орзу қилади ва 1924 йил Москвадаги олий бадиий техникум устахонасига ўқишга топширади. Айнан шу ерда у илк бор фильмларни кўради ва уларни бир умрга севиб қолади. 1925 йил Наби Ғаниев Тошкентга қайтади ва эндигина яратилган “Шарқ юлдузи” киностудиясида ишлашни бошлайди.

Аввалига, у актёр сифатида киноларда чиқади, сўнгра, “Бахт қуёши”, “Сўнгги бек” ва бошқа картиналарда ҳар хил режиссёрларга ёрдамчилик қилади. Кейин, мустақил режиссёр сифатида “Юксалиш”, “Рамазон”, “Ўлим қудуғи”, “Йигит”, “Биз ғалаба қозонамиз”, “Жасур дўстлар” фильмларини суратга олади.

Киноматографиячиларнинг миллий кадрларини яратиш вазифасини англаб, у янги санъат тарғиботчиси ўрнида чиқади ва бор кучи билан студияга иқтидорли ёшларни жалб қилишга ҳаракат қилади. Айнан улар учун Ғаниев ўзбек тилида иккита китоб ёзади – “Киносценарий” ва “Киноактёр”.

1926-1929 йилларнинг, деярли ҳар бир ўзбек фильм титрларида Наби Ғаниев исмини учратиш мумкин. У картиналар яратилишида ҳам актёр, ҳам илғор ўзбек ёш-комсомолчи, ҳам эски қадриятларнинг омадсиз давомчиси, ҳам хўжалик маслаҳатчиси сифатида иштирок этади, лекин у кўпроқ – режиссёр ёрдамчиси бўлиб хизмат қилган. 1931 йил “Юксалиш” номли ўзининг илк бадиий фильмини суратга олади. “Рамазон” (1932), “Йигит” (1935) каби ўзининг кейинги фильмларида Ғаниев ўша даврлар совет санъатининг асосий мавзуси — инқилобий ҳодисалар таъсири туфайли, ҳаётининг қатъий хўжайинига айланган кечаги қул мавзусига юзланади. Ушбу мавзуни у миллий материал асосида Ўзбекистон одамлари ва ҳақиқатга хос чизгиларни қатъият ила қидирган ҳолда ҳал қилади.

Биринчи ўзбек режиссёри ижодий, техник, ташкилий каби бир қатор қийинчиликларни бартараф қилишига тўғри келган. Роль ижрочилари билан боғлиқ ишлар жуда мушкул кечган. Профессионал ўзбек актёрлари хали бўлмаган. Узоқ изланишлардан сўнг кинога қаҳрамонларнинг турмуш тарзидан бехабар бўлган, бошқа жойдан келган актёрларни, ёки умрида кинони кўрмаган колхозчилар, фабрика ва завод фаолларини таклиф қилишга тўғри келган. Энг йирик қийинчиликлар аёллар роли ижрочилари билан боғлиқ бўлган. Зеро, инсоннинг исталган кўринишдаги аксининг тасвири дин томондан таъқиқланган, руҳонийлар кинематограф ва кинематографиячиларга қарши бўлиб, уларга қарши чиққанларга фалокат ваъда қилганлар. Дин ақидапарастлари, айниқса, паранжасини ечган ва саҳнада кинокамера қаршисида туриб, бошқаларга “ёмон” ўрнак бўлган ўзбек актрисаларига ташланишган. Биринчи ўзбек актрисаларидан бири Нурхоннинг иқтидори эндигина намоён бўлаётганда, у жоҳилнинг қўлида 1929 йил жон таслим қилади.

20-йил охирларида Ғаниев қимматли фольклор маълумотларини тўплаб, улар асосида камбағаллар ҳимоячиси ҳамда савдогар ва амалдорларнинг хавф-хатарчиси бўлмиш Намоз ўғри ҳақида фильм яратишни хоҳлайди. Режиссёр “Алпомиш” қаҳрамонлик достони ҳақидаги ғоя устида ҳам узоқ вақт ўйлаб юради. Ушбу ғоялар амалга ошмаган. Бироқ, Намоз ўғри ҳақидаги маълумотлардан Ғаниев Улуғ Ватан Урушидан сўнг қўйилган “Насриддин юришлари” фильмида фойдаланган.

1935 йил Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси томонидан Ғаниевнинг ишлари ишонч қозона олмаганлиги сабабли, у режиссёрлик ишидан то уруш бошланиш йилларига қадар четлатилади. Орадан бир неча йил ўтиб, у Шарқ халқ қаҳрамони ҳақидаги “Насриддин юришлари” кинокомедиясининг иккинчи фильмини суратга олади.

Насриддин ҳақидаги фильмлар устидаги ишлар Ғаниев эътиборини комедия жанрига қаратади. Тез орада, у “Теша ва Миша” комедиявий фильмига киносценарий ёзади, бироқ, касаллик сабаб, уни саҳналаштира олмайди.

Урушдан кейинги биринчи ўн йиллик ичида ўзбек кино санъати жиддий қийинчиликларни бошдан кечирган. Ўзбек киностудиясининг фаолияти кескин сусаяди. Лекин Ғаниев кўпметражли бадиий фильмлар устида ҳам, киножурналлар учун мўлжалланган кичик ҳужжатли сюжетлар устида ҳам бирдан ижодий қизиқиш билан ишлай олган.

Урушдан кейинги биринчи йиллар у киносценарийлар ёзади, ҳужжатли тасмалар яратилишида фаол иштирок этади. 1948 йил ойнаижаҳон орқали “Фарғона қизи” фильми узатилиб, унда Ғаниев пахтакор-механизаторларнинг меҳнатли турмушидан сўзлайди.

Ўзбек ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1944).

1953 йил 19 октябрь куни ҳаётдан кўз юмган. Тошкентнинг Фаробий катта кўчасида дафн этилган. 1965 йил Тошкент кинотехникумига Наби Ғаниев номи берилган.

Х. Акбаров очеркидан лавҳалар (“20 режиссёрлик таржимаи холлар”, 1971 йил, “Санъат” нашриёти).

Расмлар галереяси