Ғофуров Маҳмуджон

Таваллуд топган сана: 1917 йил

Вафот этган сана: 2000 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Актёр ва актрисалар

7543

Таржимаи ҳол

Ўзбек санъати устаси Маҳмуджон Ғофуров 1917 йилда Тошкентда туғилиб, ҳаётда, санъатда поклик, ҳалолликнинг тимсоли сифатида узоқ ва мазмунли умр кечирди.

«Отам ёшлигимда ўлиб кетганлар, — деб ҳикоя қилган эди Маҳмуджон ака —Онамнинг қўлида тарбия олдим. Шунинг учун ҳам мактабга кечикиброқ бордим. 1927 йилдан бошлаб Охунгузардаги Ҳофиза мактабида араб алифбосида ўқидим. 1935 йилда Баламачитдаги Лоҳутий номидаги техникумда ўқиб, уни 1939 йилда битирдим. Шоир ва драматург Туроб Тўла ҳам биз билан шу техникумда ўқиган.

Ёшлигимдан меҳнатга ўрганганман. Ўн яшарлигимдан деҳқончилик қилганман. Чангалзор мавзесида бизнинг катта еримиз бўлар эди. Бир гектар ерга қовун, тарвуз, картошка, пиёз, кунгабоқар эккан эдим. Иморат қурар эдим, пахса девор урар эдим. Сигиримиз бўларди. Қора меҳнатдан ҳеч қачон кочмаганман.

1935-1940 йилларда Ўзбекистон радио қўмитасида хор артисти сифатида фаолият кўрсатдим. Радиодаги хорни биз ташкил қилганмиз. 1937 йилда собиқ Иттифоқ Радио қўмитасининг Москвада бўлган хор фестивалида қатнашиб, биринчи ўринни олиб келганмиз.

1938 йилда ўзбек хоридаги фаолиятим учун ташаккурнома олганман. 1939 йил май ойидан бошлаб Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали театрида актёр сифатида ишлай бошладим ва аста-секин театр санъатида ўз ўрнимни топа бошладим».

Маҳмуджон Ғофуров табиатан таъби нозик, адабий тилни пухта эгаллаган, камгап, доимо ўзига қараб юрадиган, озода ва тартибли кийинадиган, эгнига гард юқтирмайдиган, саксон ёшида ҳам қадди тик, хушсурат, юксак маданиятли инсон эди. Ўзбек театр санъати равнақидаги буюк хизматлари учун 1940 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони ва қатор орден ва медаллар билан, мустақиллик йилларида эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.

Маҳмуджон Ғофуров 2000 йилда вафот этди.

Расмлар галереяси