Фозилов Носир 

Таваллуд топган сана: 10 iyun 1929 йил

Вафот этган сана: 13 yanvar 2018 йил

Туғилган жой:Қозоғистон

Йўналишлар: Таржимонлар, Ёзувчилар

10784

Таржимаи ҳол

Ёзувчи Носир Фозилов адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига 50-йилларнинг иккинчи ярмида кириб келган бўлиб, ҳозиргача жами етмишдан ортиқ китоб чоп эттирди.

Ёзувчи Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманининг Қорачиқ қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди.Буваси Турсунмуҳаммад аълам эса Ғурбатий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Камий, Хислат, Сидқий Хондайлиқийлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб, Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.

Носир Фозиловнинг болалиги уруш даврига тўғри келганлиги учун ҳам ўқиб, ҳам меҳнат қилган. Шу туфайли у ўз тенгдошларидан анча кеч, яъни, 1949 йилда ўрта мактабни тугатади. Сўнг Тошкентга келиб, Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)га ўқишга киради ва уни 1954 йилда тугатади. Шундан сўнг «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда, нашриётларда турли лавозимларда ишлайди.

Носир Фозиловнинг кўплаб асарлари ўзга тилларга ҳам таржима бўлиб, нашр этилган. У 1994 йили ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари борасидаги катта хизматлари учун Қозоғистон Президенти таъсис этган «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофотига сазовор бўлган.

Адибнинг биринчи ҳикояси 1953 йилда босилган бўлса, биринчи китоби 1959 йилда «Ирмоқ» номи билан чоп қилинади. Сўнгра «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш қаноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиёслари» (1970), «Дийдор», (1979), 2 жилдлик «Танланган асарлар» (1983-1986), «Бир отар тўппонча» (1995) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиқади.

Носир Фозилов таржимон сифатида, айниқса, самарали ижод қилди. У Абай, Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага ағдариб, нашр эттирди. Шунингдек, қирғиз, қорақалпоқ ва ўзга тиллардан ҳам кўплаб сара асарларни ўзбекчалаштирди.

Унинг ана шу ижод соҳасидаги самарали меҳнати зое кетмади. 1985 йилда унга «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғ.Ғулом номидаги, 1986 йилда эса қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги, «Устозлар даврасида» асари учун эса Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилди. 1990 йилда у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлди.

Ёзувчи Носир Фозилов адабиётимизнинг қутлуғ даргоҳига 50-йилларнинг иккинчи ярмида кириб келган бўлиб, ҳозиргача жами етмишдан ортиқ китоб чоп эттирди. Булар орасида ўттизга яқини оригинал асарлар, қолганлари таржималардир. 

Ёзувчи 2018 йил 13 январда вафот этган.

Расмлар галереяси