Фосиҳ Ҳавофий

Таваллуд топган сана: 1375 йил

Вафот этган сана: 1442 йил

Туғилган жой:Хуросон

Йўналишлар: Тарихчилар, Шоирлар

6119

Таржимаи ҳол

Тарихшунос, шоир, давлат арбоби Фосиҳ Ҳавофий 1375-йил Руй (Хуросондаги Хаф вилояти марказида) туғилган. Ҳиротда вояга етиб, ўша ерда таҳсил олган. Амир Темурнинг ўғли Шоҳруҳ ҳамда унинг ўғли Бойсунқурмирзоларнинг саройида юқори лавозимларда хизмат қилган, жиддий дипломатик вазифаларни бажарган. 1442 йил Ҳиротда (Афғонистон) вафот этган.

Фосиҳ Ҳавофийнинг ягона асари “Мужмал-и Фасиҳи” (“Тарихий саналар йиғиндиси”) маълум. Унда воқеалар тарихий кетма-кетликда баён этилган, айниқса, 1301—1442 йиллардаги воқеалар баёноти – Темур ва Темурийлар тарихи билан боғлиқ қисми ноёб маълумот ҳисобланади. Асарда ўз даврининг давлат арбоблари ва адабиётшунослари ҳақида маълумот келтирилган; авлодлар ҳақидаги асосий тарихий манбалар, маҳаллий жойлашувлар, ўз даврининг маълум солиқлари, узунлик ва оғирлик ўлчов бирликлари, табиий офатлар, ички низолар ва энг асосийси, буларнинг барчаси аниқ саналар билан келтирилган.

Фосиҳ Ҳавофийнинг замондоши Котиб Туршизи Нишопурий унинг улкан шеърий иқтидори ҳақида ёзган, Исфизорий (1494 йил вафот этган) ва Алишер Навоийлар у ҳақда ўқимишли инсон ва ажойиб шоир деб ёзишган.

В.В.Бартольд ўзининг “Мўғуллар истилоси даврида Туркистон” асарида (1900 йил) мазкур асарнинг нодирлиги ҳақида таъкидлайди.

Мазкур асар қўл ёзмаларининг нусхалари Лондон, Кембриж, Банкипур, Табриз, Санкт-Петербург, Бенгалия ва Тбилиси шаҳарларида сақланиб келинади.

Расмлар галереяси