Файзий Раҳмат Файзиевич

Таваллуд топган сана: 1918 йил

Вафот этган сана: 1988 йил

Туғилган жой:Тошкент

Йўналишлар: Ёзувчилар

17419

Таржимаи ҳол

Раҳмат Файзий (ҳақиқий исми Файзиев Раҳмат Файзиевич) — ўзбек совет ёзувчиси, кинодраматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Польша Халқ Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби фахрий унвонлари билан тақдирланган. “Ҳазрати инсон” романининг муаллифи ҳамда “Сен етим эмассан” фильмининг сценарий муаллифи.

Раҳмат Файзий 1918 йили Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида косиб оиласида дунёга келган. У ўрта мактабни тугатиб, Тошкент темир йўллари қошидаги Фабрика-завод ўқувчилик мактабида таълимини давом эттирган ва уни ҳам тамомлаб, электромеханика техникумида таҳсил олган. 1937 йил Раҳмат Файзий “Ленин учқуни” газетасига ишга киради, бир йилдан сўнг “Ёш ленинчи” газетасида фаолият юритади. Турли даврларда “Фрунзевец” (1943), “Қизил Ўзбекистон” (1944 йилдан 1951 йилга қадар “Совет Ўзбекистони”) газеталарида ишлайди. 1951 йилдан 1954 йилгача – “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири. 1957 йилдан 1959 йилга қадар “Ўзбекистон маданияти” газетаси муҳаррири.

1962 йил Раҳмат Файзий “Ўзбекфильм” киностудиясига ишга кириб, у ерда 1965 йилга қадар сценарий-муҳаррирлик жамоасида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритади. 1965 йилдан 1974 йилгача Раҳмат Файзий Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари лавозимида ишлайди. 1972 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 1974 йилдан Раҳмат Файзий муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича Бутунжаҳон ташкилотининг Ўзбекистон бўлими раҳбари лавозимини эгаллаган.

Ёзувчи 1988 йил 70 ёшида вафот этган.

Улуғ Ватан Урушидан сўнг Раҳмат Файзий ўзининг ҳикоя ва қиссаларининг бир нечта тўпламини чоп этади —  “Тўй тўёнаси”, “Чўлга баҳор келди”, “Қисса ва ҳикоялар” 1951 йил омма эътиборига тақдим этилди, “Шоҳи дарпарда” тўплами 1958 йил нашрдан чиққан.

Энг катта шуҳратни ёзувчига “Ҳазрати инсон” (1969) романи олиб келган. Ёзувчи, шунингдек, “Қайдасан, менинг Зулфиям?” бадиий фильмининг сценарий муаллифи ҳам ҳисобланади.

Мукофотлари

  • Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968)
  • Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1978)
  • Польша Халқ Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби (1977)

Расмлар галереяси