Жабборов Жуманиёз

Таваллуд топган сана: 25 noyabr 1930 йил

Вафот этган сана: 13 dekabr 2010 йил

Туғилган жой:Қашқадарё вилояти

Йўналишлар: Шоирлар

5952

Таржимаи ҳол

Шоир ва драматург Жуманиёз Жабборов 1930 йили Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Пўлоти қишлоғида дунёга келган. 1952 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлайди. Меҳнат фаолиятини 1953 йил “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудирлигидан бошлайди. “Гулхан” журналининг бош муҳаррири, “Ўзбекистон овози” газетасининг бош муҳаррир ўринбосари, Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти директори каби лавозимларда ишлаб, ватанимизнинг босма ва адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган.

Кўпқиррали 50-йиллик ижодий фаолияти давомида таниқли шоир ўзининг “Ватанимни куйлайман”, “Баҳор нафаси”, “Мақсад йўлида”, “Тоғлар садоси”, “Она ер қўшиғи”, “Субҳидам хаёллари”, “Эътиқод”  каби шеърий китоблари, долзарб мавзулардаги драматик асарлари, жаҳон мумтоз адабиётининг энг яхши бадиий таржималари билан ўзбек адабиётидан муносиб ўрин эгаллаган. Айниқса, мустақиллик йиллари у Ватанини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, инсоннинг бахти ва муҳаббатини тараннум этувчи ўзининг юқори даражали бадиий шеърлари ва қўшиқлари, замондошларимизнинг жонбоз меҳнати, мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиланишлар ҳақидаги публицистик мақолалари, билан кўплаб адабиёт шинавандалар ҳурматига сазовор бўлган.

Жуманиёз Жабборов  иқтидорли ташкилотчи сифатида жамият ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, миллий ғояни кенг тарғиб қилиш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда фидойилик кўрсатди. Кўп йиллар мобайнида у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабиёт маслаҳатчи бўлиб ишлаб, ўнлаб ёш иқтидор соҳибларига устозлик қилди.

Жуманиёз Жабборовнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган меҳнати давлат томонидан муносиб баҳоланган. Унга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби” ва “Ўзбекистон халқ шоири” шарафли унвонлари тақдим этилган, у орденлар ва медаллар билан тақдирланган

Расмлар галереяси